2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЗУЛХУМОРХОННИНГ 60 МИЛЛИОНЛИК КРЕДИТИ

Ҳарбийлар оиласи бекалари орасида тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар ҳақида кўп эшитяпмиз. Аслида бирим икки бўлсин, рўзғоримга барака инсин, оилам фаровонлигига, юрт равнақига мен ҳам ҳиссамни қўшай, деган аёл шундай йўл тутади. У турмушини янада обод қилиб, ҳаётга янги-янги ғояларни татбиқ қилиш ҳаракатида бўлади. Қаерда, қай ҳудудда истиқомат қилишидан қатъи назар ўз имкониятларини юзага чиқара билади, тадбиркорлик қилиш учун қулай муҳит ярата олади.

Подполковник Абдуқаҳҳор Набиевнинг турмуш ўртоғи Зулхуморхон Саъдуллаева ана шундай уддабурон аёлларимиздан. У  «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида «Халқ банки»дан олтмиш миллион сўм имтиёзли кредит олди ва «Шаҳриёр нон фаровон» оилавий корхонасига асос солди. Корхона учун жой муаммо бўлмади. Унга ҳарбий қисм ҳудудидаги бўш ётган бино ажратиб берилди.

–  Корхонамиз май ойида ишга тушди, – дейди тадбиркор. – Кредитни олишимиз билан энг аввало иккита нон пиширадиган печ, хамир қорадиган ускуна ва нон қолипларини сотиб олдик ҳамда ғайрат билан ишга киришдик. Аввалига фақат ҳарбий қисм ошхонасини нон билан таъминлаган бўлсак, бугун маҳсулотимизни бозорга ҳам чиқарганмиз. Бозорда маҳсулотимизга талаб ортяпти. Демак, нонларимиз аҳолига манзур. Буюртмалар  қабул қиляпмиз. Шунга яраша иш ҳажми ҳам ортган. Дастлаб 100, 200 дона нон чиқарган бўлсак, бугун бу кўрсаткич 300 донадан зиёд. Келажакда корхонани кенгайтириб, қандолатчилик фаолиятини ҳам йўлга қўймоқчиман. Кўпроқ иш ўрни яратиб,  аёлларни иш билан таъминласам, дейман.

 Файласуфларнинг шундай гапи бор: Яхши ишлар ҳақида орзу қилишнинг ўзи етарли эмас. Балки «интилиш, қийинчиликлардан чўчимай, олға қадам босиш керак». Зеро, интилган, меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА.

Адлия капитани Гулчеҳра ТУРСУНОВА,

Республика Ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси.

Информеры