2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚЎШИНЛАРНИНГ МАХСУС ҲАРАКАТЛАРИ

қумтепаликлар ва сувтўсиқлар ичра

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Термиз гарнизонида ҳарбий округ қўмондонлиги раҳбарлигида  «Қўшинларнинг махсус ҳаракатлари» мавзуида кўргазмали батальон тактик ўқуви бўлиб ўтди. Майор Муҳиддин Қўрғонов командирлик қилаётган батальон шахсий таркиби томонидан ўқув шартлари иштирокчиларга кўргазмали тарзда намойиш этилди.

Тадбирда округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларнинг командир ва бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Ўқувнинг асосий мақсади ҳарбий хизматчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини янада такомиллаштириш, қўлга киритилган янгиликларни оммалаштириш, дунёнинг айрим минтақаларида қуролли тўқнашувлар давом этиб, таҳликали вазият сақланиб қолаётган бугунги шароитда пайдо бўлиши мумкин бўлган таҳдид ва хатарларни бартараф этишга ҳамда уларга қақшатқич зарба беришга қодир бўлинмаларни тайёрлаш, қўшинлар жанговар шайлигини ошириш ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорликда ҳаракатланиш кўникмасини мустаҳкамлаш кабилардан иборат бўлди.

Ўқув Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида  «Батальон тактик ўқувига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш» номли ҳарбий­илмий анжуман билан бошланди. Унда ўқувнинг мақсад ва вазифалари иштирокчиларга етказилди. Шунингдек, иштирокчилар эътиборига дунё ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, тактик ўқувларни ташкил этишда қўйиладиган талаблар, жумладан, зарур ҳужжатларни ишлаб чиқиш, жалб этиладиган куч ва воситалар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, қўриқлаш ва таъминотни ташкил этиш, алоқа ва бошқа куч тузилмалари билан ҳамкорлик, шунингдек, хорижий давлатларнинг ҳарбий соҳада тўплаган тажрибалари қиёсий таҳлилига оид маълумотлар йўлланди.

Анжуман сўнгида Термиз гарнизони Маданият маркази ҳамда маҳаллий санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш қилинди.

Эртасига тонгда юқори қўмондонлик томонидан берилган сигналга мувофиқ, батальон шахсий таркибининг тревога бўйича ҳарбий қисмдан кўтарилиши ҳамда тўлиқ ҳарбий аслаҳа ва анжомлари билан жанговар техникалар воситасида колонна бўлиб ҳаракатланиши билан амалий машғулотлар давом эттирилди.

Ҳаракатланишдан олдин тегишли йўриқномалар ўтказилиб, шахсий таркибга хавфсизлик қоидалари етказилди.

Батальон ҳаракатланаётганида шартли душман томонидан колоннага ҳужум амалга оширилгудек бўлса, уни бартараф этиш амалиёти, шикастланган йўлнинг ёнидан қўшимча йўл очиш, вайрон бўлган йўлларни текшириш, ишдан чиққан ҳарбий техникаларни эвакуация қилиш, зарарланган ҳудуддан ўтиш ва ўтиб бўлгач, шахсий таркиб ва ҳарбий техникаларга қисман ишлов бериш, блокпостга қилинган ҳужумни қайтариш каби машқлар полковник Акбар Каримов командирлик қилаётган ҳарбий қисм шахсий таркиби томонидан намойиш этилди. Шу тариқа ўқувни кузатиб бораётган масъул офицерларнинг билим ва тажрибаларини ўқув давомида узлуксиз, яъни жойлашув ҳудудига қадар бўлган масофада ҳам оширишга эътибор қаратилди.

Шунингдек, иштирокчилардан жисмоний, отиш ва командирлик тайёргарликлари ҳамда харитада тактик белгиларни акс эттириб, вазифани бажариш ҳамда бошқа тайёргарликлар бўйича меъёрлар қабул қилинди.

Кўзда тутилган манзилга етиб келган батальон шахсий таркиби вақтинчалик жой ҳозирлади. Бу чўл бағридаги юлғун, саксовул ва янтоқ каби ўсимликлар макон тутган кенг бир сайҳонлик. Ҳудуд рельефи нотекис. Қуёш аямай қиздиряпти. Қумларни тўзғитиб гармсел эсади. Беихтиёр, «жануб жазирамаси», деган гап ёдимга тушди. Бироқ бу каби табиат инжиқликлари матонатли ўғлонларга писанд эмас. Мана, улар қўйилган вазифани сифатли бажариш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда. Машғулот реал вазиятга яқин кечиши учун ер ости иншоотлари ва алоқа йўллари барпо этилди. Бошқарувни ташкил этиш, қўриқлов постлари, ниқобланиш, таъминот, ҳарбий техникаларга хизмат кўрсатиш жойи, турли хизмат ва пунктларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, қатор ўқув нуқталари ташкил этилиб, машғулот раҳбари ва шахсий таркиб бириктирилди.

Ўқувни кузатаётган ҳарбий хизматчиларга ушбу нуқталарда тайёргарликни ташкил этишда қўйиладиган талаблар етказилди. Ўқув нуқталарига бириктирилган ҳарбий хизматчилар мавзу юзасидан тегишли машқларни амалий тарзда кўрсатиб беришди.

Машғулотларни, ўқув нуқталарида тайёргарликларни ташкил этишни кузатиш асносида эгалланган билимлар касбий малакани мустаҳкамлаши аниқ. Жойлашув ҳудуди ва унинг ҳимоясини таъминлаш, барпо этилган траншеялар, унга туташ бошқарув штаби, алоқа йўллари, офицерлар ҳамда жанговар навбатчи бўлинма учун хона, маънавий-руҳий тикланиш ва дам олиш хоналари, кузатув, тиббиёт пунктлари, ошхона ҳамда омборхоналар зарур талабларга мос тарзда жиҳозланган. Шунингдек, ниқобланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

– Бу ерда батальоннинг дала шароитида жойлашуви реал вазиятдагидек барпо этилган, – дейди полковник Жамшид Каримов. – Ўйлашимча, улар билан танишув ўқув иштирокчиларининг билимини бойитиб, амалий тажрибаси ошишига хизмат қилади.

Ҳарбий округ ҳарбий хизматчиларининг изланиш ва тадқиқотлари маҳсули ўлароқ қўлга киритилган ҳамда ўқув-тарбия жараёнида татбиқ этиш мумкин бўлган инновацион янгилик ва рационализаторлик таклифлари иштирокчиларда, айниқса, катта таассурот қолдирди. Шунингдек, ҳарбий техникаларнинг сувтўсиқлардан ўтиши ва сувда қолиб кетган ҳарбий техникани эвакуация қилиш машғулоти ҳам қизиқиш билан қарши олинди.

Қуролли Кучлар академияси профессор-ўқитувчилари томонидан эса ўқув иштирокчиларига отиш ва жанговар машиналарни ҳайдаш услубиятига оид янгиликлар намойиш этилди.

Ўқув сўнгида реал вазиятда жанговар операция ўтказиш бўйича амалий машғулот ўтказилди. Жараённи қулай бир нуқтада ўқув иштирокчилари, ҳарбий округ қўмондони ва масъул офицерлар, Сурхондарё вилояти ҳокими ҳамда мутасадди шахслар, шунингдек, бошқа қўшинларнинг вакиллари биргаликда кузатди. Операция давомида машғулот раҳбари томонидан шахсий таркибга ҳар бир ҳаракат юзасидан берилган командалар шартли сўзлар воситасида узатилиб, овозкучайтиргичлар ёрдамида кузатувчиларга эшиттириб турилди.

Давлатимиз чегарасини ноқонуний равишда бузиб ўтиб, олға ҳаракатланаётган шартли душман кучларини разведка қилиш ва маълумот тўплаш, бу жараёнда учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда авиациядан фойдаланиш, сўнгра шартли душман билан тўқнашув ва уларни яксон этиш саҳналари амалий тарзда намойиш этилди.

Ўқув якунида унда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими – ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари томонидан рағбатлантирилди.

Ёшин ҲАКИМОВ

Информеры