2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАНГОВАР РУҲ МУСТАҲКАМЛАНДИ

Мудофаа вазирлиги қўшинларида дала-ўқув машғулотлари «Жанговар руҳни мустаҳкамлаш ҳамда жанговар ва касбий тайёргарликни ошириш – ҳар бир ҳарбий хизматчининг вазифасидир!» шиори остида янгича шижоат, инновацион ёндашув, замонавий услуб ва усулларда давом этмоқда.

Тошкент ҳарбий округи «Чирчиқ» умумқўшин дала-ўқув майдонида ўтказилган навбатдаги машғулотда шарафли бурчини адо этаётган ҳарбий хизматчилар янги усул ва услублардан фойдаланиб, нишонларга кундузги ва тунги ўқ отиш, жанговар машиналарни бошқариш, тактик вазифаларни бажаришни юксак савияда олиб боришди. Биз машғулотларни кузатаётган пайтимизда дала-ўқув майдонида жазирама иссиқ ҳукмрон эди. Бундай ҳарорат ҳарбий хизматчиларнинг топшириқларни пухта бажаришларига тўсқинлик қилолмасди.

Ўтказилаётган бундай тактик ўқув машқлари асосан бўлинма командирларида қўшинларни тўғри бошқариш ва жанговар ҳаракатларни олиб бориш кўникмаларини ошириши билан аҳамиятлидир. Чунки моддий-техник жиҳатдан мукаммал қуролланган ва профессионал тайёргарликка эга шахсий таркиб билан қўйилган жанговар вазифани бажариш биринчи навбатда командирга боғлиқ.

Машғулотлар режасига кўра, ҳарбий қисм қўмондонлиги бўлинма командирларига тегишли кўрсатма ва вазифаларни етказди. Машқларнинг биринчи босқичида бўлинмалар белгиланган ўқув жойларига етказилиши ва жойлашиши лозим. Дастлаб бўлинма командирлари томонидан шахсий таркибга бажариладиган вазифа тушунтирилди. Шундан сўнг бўлинмалар автомобиллар ва ҳарбий техникаларда колонна тартибида белгиланган ҳудудларга марш уюштирди. Дала-ўқув майдонига етиб келган бўлинмалар томонидан тезлик билан қўриқловни ташкил этиш ва алоқа пунктлари ўрнатилди. Мобиль пунктлар ва зирҳли техникаларни ниқоблаш ишлари амалга оширилди.

Батальон қўмондонлик кузатиш пунктида командир томонидан жанговар ҳаракат режаси жой макетида кўриб чиқилди. Шартли душман ёриб кирмоқчи бўлган тоғли ҳудуддаги мураккаб шароитдан келиб чиққан ҳолда олдиндан тахмин қилинган ҳар қандай хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Халқаро тажрибага кўра, жанговар ҳаракатлар мобайнида ҳарбий хизматчида пайдо бўлган оғир психологик таъсирларни бартараф этишнинг самарали воситаларидан бири ахлоқий руҳий-таъминотдир. Бу ерда шахсий таркиб ўз қизиқиши ва руҳиятига мос машғулот билан шуғулланиш орқали руҳий зўриқишдан халос бўлади. Дала-ўқув майдонларида ҳам ана шу талабдан келиб чиқиб, зарур воситалар тайёрланди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ўзлари учун дала шароитида дам олиш, овқатланиш, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун жойлар ҳозирлашди.

Шартли душманга қарши жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган нуқтадан узоқроқ масофада жойлаштирилган миномёт батареялари жангариларга қарши ҳаракат қилаётган асосий кучга кўмак бериш ва буткул тор-мор этиш мақсадида вазифаларини бажаришга киришди. Бошқа бўлинмалар билан жипслик ва уюшқоқликда олиб борилган ҳаракатлар натижасида қўйилган жанговар вазифа муваффақиятли бажарилди. Кенг кўламли тактик ўқувлар мобайнида бир қатор назорат синовлари ҳам ўтказилди. Командирларнинг бошқарув салоҳиятига баҳо берилди. Ҳарбий хизматчилар гуруҳ қуролларидан отиш меъёрларини топширишди. Турли масофалардан тоғли ҳудудда жанговар техникаларда амалга оширилган отиш машғулотлари юрт посбонлари учун яна бир маҳорат синови бўлди.

Майор Аҳрор ОЧИЛОВ 

Информеры