2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

НИМ КОСА – САБР КОСАСИ ЭДИ...

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор Наим КАРИМОВ 

Дунёда яқинларимизнинг қадрига ҳар доим ҳам етавермаймиз. Айниқса, ота-онамизнинг ғаниматлигини, уларнинг панд-ўгитлари бизга омонатлигини англайвермаймиз. Қуйида таниқли адабиётшунос олим Наим Каримовнинг бу борадаги фикрлари, кечмишлари ким учундир ҳаёт сабоқлари бўлса, ажаб эмас…

Мен 1932 йилда Тошкентнинг Кесакқўрғон маҳалласида туғилганман. Болалигим шаҳарнинг эгри-бугри кўчаларида елиб-югуриб, ўйинқароқлик билан ўтган эса-да, йўқчилик дамларига ҳам қоришиқ кечган. Очарчилик йили туғилганим учун гўдаклигимда қорним тўймай бешикда эрталабдан-кечгача йиғлаб ётарканман. Онагинам ўзлари оч, менга нима тутишни билмай эзиларканлар. Бунинг она учун қанчалик қийин эканлигини ҳис этишнинг ўзи азоб...

Дадам томондан бобом Кесакқўрғон мадрасасида имом бўлиб, тараққийпарвар кишилардан саналган. Дадам Фотиҳ Каримов уч ўғилнинг бири бўлиб, улар кўп йиллар мактаб ва техникумда физика фанидан дарс берганлар. Аниқ фан ўқитувчиси бўлишларига қарамай, ўта маданиятли инсон бўлганлар. Бирон-бир янги чиққан китоб ёхуд янги спектаклни қолдирмай кўрганлар, кузатиб борганлар. Биз, фарзандлар – синглим Клара ва укам Надимга ҳам талабчан, ҳам меҳрибон эдилар.

Онам ҳақида нима гапирсам экан... Бармоқларидек нозик гулли дўппилариними, ҳовури кўтарилиб, эсласам, мазаси ҳали-­ҳамон юрагимни энтиктирувчи ним коса таомлариними, тандир тўла нонлариними... Волидам Раҳбарой Расулова бошқа ўзбек аёлларидан фарқ қилмасди. Камсуқум, иффатли, меҳрибон...

Хонадонимиз одми, лекин доим саришта эди. Онагинам уйни ҳамиша озода сақлашга, ҳамма ишларга улгуришга интилардилар. Дадам илм одами бўлганлиги учун кўп вақтлари китоб ўқиш, ёзиш-чизиш билан кечар, ойим эса уларга ўз ишлари билан машғул бўлишлари, чалғимасликлари учун оилада шароит яратиб берардилар. У пайтларда зиёлилар, айниқса, ўқитувчилар алоҳида ҳурмат ва эътиборга молик инсонлар бўлган. Дадамни яхши билган Холида Сулайманова деган ажойиб аёл бўларди. Улар дадамнинг жуда сипо, озода юришларини эслаб, гапириб берардилар. Кийимлари доим дазмолланган, худди ишга келгунча бирон жойда ўтирмагандек, теп-текис. Ҳатто доскага ёзиш учун бўрни ҳам қоғозда авайлаб ушларканлар, токи бармоқларига бўр юқмасин, деб.

Буларни эслашимнинг боиси, отамдек талабчан инсонга умр йўлдоши бўлиш, ҳамма вазифаларни улар истагандек уддалаш ойимдан катта меҳнат ва сабрни талаб қиларди. Дадамнинг пўрим, гард қўндирмай кийиниши ойимнинг уларга нақадар парвона, жонсарак бўлганларидан, албатта. Ойим оддий хизматчи оиласида камол топган, бир аёлга неки яхши хислат керак бўлса, барини эгаллагандилар. Жуда пазанда бўлиб, бу фазилатларини қариндошлар ҳам яхши билишарди. Эсимда, оқшом чоғи ҳамма дастурхонга жам бўлган маҳал онам овқат сузиб келар, барчамизнинг косаларимиз лим тўла, фақат ўзларигина ним коса таом билан қаноатланардилар. Ҳозир ҳам ўша ним косалар кўз олдимда жонланади. Она зоти ҳаётининг сўнгигача боласининг ғамини еб, унга илиниб ўтаркан...

1937-1938 йиллардаги машъум қатағон йилларининг гармселлари деярли барча хонадонларни шип-шийдон қилиб кетди. Дадам маориф одами бўлганлари учун уларни ҳам тинч қўйишмаган. Бирор маориф ходимининг миллатчилигини, аксинқилобчилигини биласанми, деб чақираверишган бўлса ҳам ажаб эмас. Ҳар ҳолда ўша йиллари юрак ўйноқи бўлиб қолгандилар. Айниқса, 50-йилларда яхши танишларидан бири – Наманган халқ маориф бўлими бошлиғи, ажойиб инсон Ирисбек Назаров қамоққа олиниб, қатағон тўқмоғи ўзларининг бошлари устида ҳам айланиб турганида кўп азоб чекканлар. Бу жуда аянчли, алам ва изтиробга тўла кунлар эди. Ташқи олам сендан ҳисоб сўрамас, ҳақ гапни айтган киши душманга айланарди. Балки ўша дамда бола шууримда уйғонган исён мени кейинчалик миллатнинг ёруғ кунларини ўйлаган, озодлик, ҳурлик учун қўл кўтарган маърифатпарвар – жадидчилар, ёзувчилар ҳаётини ўрганишга, татбиқ қилишга ундагандир.

Мактабда ўқишни бошлаган илк кунларимдаёқ менда китобларга нисбатан ўзгача меҳр уйғонган. Уйимизда китоб жавонлари мўл бўлган. Девор бўйлаб тизилган жавонларда физика, математика каби аниқ фанлар билан бирга, бадиий адабиётлар ҳам бор эди. Адабиётга ошно бўлишимда Ғайратий домла, Муршида Икромова, Наби Нурмуҳаммедов каби адабиёт ўқитувчиларимнинг ҳиссаси катта бўлган. Биз, фарзандларнинг қизиқишларимизга онам ҳам жуда эътиборли эдилар. Олим бўлиб, озми-кўпми, нимагадир эришган бўлсам, бунга волидамдаги сабр-қаноат, ҳамма нарсадан эзгулик ахтариш ва топиш, олам ва одамни англаш ва тушуниш каби хислатлар сабаб.

Онам бўш қолди дегунча, қўлларига игна олиб, дўппи тикишга киришардилар. Дўппиларга айрича меҳр билан, нозиклик билан нақш солардилар. Қиз-жувонларнинг оқсарғиш, пушти, зангори гулли, эркакларга салобат бахш этувчи қора қалампирмунчоқ дўппиларини маҳалламиз дўппидўзлари моҳирлик билан тикишарди. Аммо ҳар бир нарсадан хатолик топишга уринган, ўзбекнинг миллат сифатида бош кўтаришини истамаган собиқ сиёсий тузум дўппи тикувчиларни ҳам сиқувга олишганди. Ҳатто амаким айнан дўппи сотганлиги учун қамоққа олинган экан. Буни кейинчалик НКВД архивида ишлаганимда билиб қолдим.

Хотира уйғонса гўзал бўлади. Ўзинг яшаган яхши кунларни, сенга ҳамроҳ ва таянч бўлган инсонларни хаёлан йўқлаш нақадар сурурли. Бироқ шундай хотиралар ҳам борки, эсласанг, чуқур «уҳ» тортиб юборасан...

Ўша йилларда мен анча оёққа туриб олган, илмий ходим сифатида танила бошлаган эдим. Қиш-қировли кунлар, совуқ забтига олган, изғирин ҳар қандай кийимдан тешиб кираман дейди. Бечора онам қишки ёки ёзги кийимини уриниб қолди, янгисини олиб беринглар, деб сира нолимагандилар. Шундай эса-да, бир куни ўғил бўлиб, онамга пальто олиб берай, деб уларни бозорга олиб бордим. Бирга дўкон айландик. Ўша вақтлар дўконлар ҳозиргидек кийим-кечакка тўлиб ётмас, излаганингни топиш амримаҳол эди. Анча айландик. Лекин улар истагандек кийим топила қолмади. Онам совқотдилар шекилли, «Қўй, болам, кетақолайлик. Кейин албатта оламиз», дедилар ним табассум билан. Индамай туриб қолдим. Ойим эса ҳамон жилмайиб турибдилар. Сўнг, «Майли, кейин оламиз», дедим мен ҳам. Ўша «кейин» мен учун бир умрлик кетмас-битмас армон бўлиб қолди. Армонки, қалбимни ўртайдиган, қишнинг биринчи қорлари каби совуқ...

Ойим 1977 йилда айни пайғамбар ёшида бу оламни тарк этдилар. Мана, орадан қанча йиллар ўтди. Бироқ шу нарса аёнки, киши неча йил яшамасин, не савдоларни кўрмасин, онасини ёд этганда кўнгли энг ёруғ, энг тафтли хотираларга тўлади, тўлиб бораверади...

Наргиза АСАДОВА оққа кўчирди.

 

Информеры