2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ШЕРМУҲАММАДБЕК

Учинчи мақола

Истиқлол жанглари

Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати 1920 йил кузи ва 1921 йил бошларида иккинчи бор ўзининг энг юқори чўққисига чиқиши водийдаги қизил армия группаси қўмондони Д.Е. Коноваловнинг РСФСР Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони С.С. Каменев номига ёзган маълумотномасида қуйидагича эътироф этилган эди: «Фарғонада босмачилик 1920 йил сентябрь ойида ўзининг энг юқори чўққисига чиқди, яширин ҳолда ишлаётган мусулмон ташкилотлари ўз фаолиятларини бутун совет Фарғонасида авж олдирдилар ва Туркистонда совет ҳокимиятига қарши қўзғолон кўтаришга тайёрландилар».

Қуролли ҳаракатнинг янгидан кўтарилишида большевистик раҳбариятнинг озиқ-овқат сиёсати ҳам кучли қўзғатувчи омил бўлиб хизмат қилди. 1920 йил ёзида озиқ-овқат развёрсткаси бутун Фарғона вилояти ҳудудида жорий қилинди, вилоятдаги барча қишлоқ аҳолиси, демак, туб аҳоли ҳам унга тортилди.

Шунинг учун ҳам, Туркис­тон Республикаси МИК раиси Иномжон Хидиралиевнинг таъкидлашича, «1920 йил сентябрда, баъзи маълумотларга қараганда, босмачиларнинг сони 70 000 кишига етди ва бу ҳолат кучли саросималик туғдирган».

Фарғона армияси группаси инқилобий ҳарбий кенгаши (РВС) томонидан 1920 йил 13 октябрда чиқарилган 55-буйруқда водийдаги қўрбошиларни террор йўли билан йўқотиш тадбирлари ишлаб чиқилди. Паскуцкий, Коновалов ва Бирюшев имзолаган буйруқда Фарғона водийсидаги 22 нафар қўрбошининг боши учун катта миқдорда тўлов белгиланди. Шермуҳаммадбек (15 000 рубль), Холхўжа Эшон (10 000 р.), Парпи (7 000 р.), Нурмат, Алиёр (бек), Муҳиддинбек, Йўлчи, Раҳмонқул, Василий Донец  (ҳар бири учун 5 000 р.), Рўзимат, Мама Рўзи, Исроил, Аҳмад Полвон, Эшмат Бойвачча, Омон Оқсоқол, Ойбола (ҳар бири учун 3 000 р.), Деҳқон Бойвачча, Ёрбек (ҳар бири учун 1 500 р.), Омон Полвон, Мирза Умар, Умарқул, Исломқул (ҳар бири учун 1 000 р.) учун тўлов ажратилиб, бу маблағ истисно тариқасида кумуш рубль билан тўланиши таъкидланди.

1921 йил баҳорда Шермуҳаммадбек бошчилик қилган Фарғона водийсидаги қуролли ҳаракат янги куч билан авж олиб кетди. Совет қўшинлари Фарғона армия группаси штабининг «мутлақо махфий» маълумотларида келтирилишича, 1921 йил июнь – сентябрь ойларида Фарғона водийсида 200 дан ортиқ қўрбошилар дасталари ҳаракат қилган.

Сўнгги жанглар

Фарғона вилояти қўшинлари қўмондонининг 1922 йил 5 июндаги буйруғида айтилишича, истиқлолчилик ҳаракати «йилдан-йилга камайиш ўрнига, аксинча, кучайиб бормоқда» эди. Шу сабабли бўлса керак, 1922 йил 10 июнда Фарғона вилоятига РСФСР ҳарбий ишлар халқ комиссари Л.Д. Троцкий келди. У истиқлолчилик ҳаракатига қарши бошланган қизил армия қисмларининг жанг ҳаракатларини бошқаришни ўз қўлига олди. «Қизил террор»нинг асосчиларидан бири бўлган Троцкий уларга қарши шафқатсиз жазо чоралари қўллашни буюрди.

Бироқ бу пайтда қизил аскарлар Бухородан фарқли равишда Фарғона водийсидаги қўзғолончиларга қарши муваффақиятли ҳарбий ҳаракатларни ўтказишди. 1922 йил кузида Раҳмонқул қўрбошининг Наманган уездида жойлашган Ашоба (ҳозирги пайтда Тожикистон Республикаси Ашт тумани ҳудуди)даги кучли истеҳкоми авиация ёрдамида қизил армия томонидан босиб олинди. Ашобанинг 700–800 хўжаликдан иборат бутун аҳолиси тоғларга чиқиб кетди. Ўзи ашобалик бўлган Раҳмонқул ҳам яқин сафдошлари билан чекинишга мажбур бўлади ва орадан кўп ўтмай қизил аскарлар қўлига тушиб қолади. Раҳмонқул (Мамаузоқов) ва унинг Турсунбой, Каримқул, Оллобой, Абдусаттор каби 5 биродари ҳамда оила аъзолари, Абдумуталлиб, Кичкина Эргаш, Абдутолиб, Мамажон, Абдуғафур, Йўлдошбой, Бобохўжа, Эрмуҳаммад сингари ўн нафар асосий қўрбошилари 1922 йил 27 ноябрь – 2 декабрда Қўқон шаҳрида бўлган Туркфронт РВС трибунали сайёр сессияси томонидан отишга ҳукм қилинди ва 2 декабрда улар зудлик билан отиб ташландилар.

1922 йил декабрь ойида қизил армия қисмлари Фарғона водийсидаги қуролли ҳаракатга яна кучли зарба беришга муваффақ бўлдилар. Ҳарбий куч-қудрат ва сон жиҳатидан устун бўлган қизил аскарлар қатор ғалабаларга эришдилар. Натижада 1922 йил декабрь ойининг ўзида мухолифат қўшинидаги йигитлардан 1582 нафари ўлдирилди.

Шермуҳаммадбек бошчилигида тузилган Туркистон муваққат ҳукумати 1922 йил охирига келиб тарқалиб кетишга мажбур бўлди. Шермуҳаммадбекнинг ўзи эса қатор жанглардан кейин 1922 йил декабрнинг сўнгги кунларида укаси Нурмуҳаммадбек ва қўрбоши Тўхтасин Маҳсуд билан умумий сони 450–500 йигитдан иборат гуруҳни олиб, олдин Бухоро Республикаси ҳудудига, 1923 йилнинг баҳорида эса Афғонистонга ўтиб кетди. Унинг кейинчалик водийга яна қайтиб келиш мақсадида қилган барча уринишлари совет ҳокимияти томонидан йўққа чиқарилди.

Шермуҳаммадбекнинг акалари Тошмуҳаммадбек, Тожмуҳаммадбек ва Рўзимуҳаммадбек ҳам ўз укасининг қўшини сафида озодлик жангларида қатнашган эдилар. Улар 1923 йилнинг охирида қизил аскарлар томонидан қўлга олиниб, отиб ташландилар.

Муҳожирликдаги ҳаёт

Ака-ука Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекнинг Афғонистонда муҳожирликда ўтган ҳаётлари анча машаққатли бўлган. Кобулнинг расмий ҳукумати совет Россиясининг тазйиқи билан уларни нохуш қаршилар эди.

1927 йили Кобулда ака-ука Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати тўғрисидаги ўз хотираларини айтиб туриб ёздиришди (котиб – андижонлик Абдулҳай Махдум). Мазкур хотираларнинг бир қисми республикамиз матбуотида ҳам эълон қилинди.

1929 йил 15 апрелда Шермуҳаммадбек Афғонистондан кичик қўшин билан Вахш дарёси орқали Шарқий Бухорога ўтмоқчи бўлганида совет авиацияси ёрдамида ортга қайтарилди. Фақат унинг гуруҳидаги айрим бўлинмалар Ванч тумани ҳудудига кириб, совет муассасаларига ҳужум қилишга улгурди. Шермуҳаммадбек муҳожирликда ҳам Туркистон мустақиллиги учун кураш ғоясидан воз кечмади.

Шермуҳаммадбек туркистонлик муҳожирларнинг Афғонистонда тузилган «Ватанни озод қилиш» (баъзи манбаларда «Фаол») номли яширин ташкилоти асосчиларидан бири ҳисобланади. Уламолар пешвоси Саййид Мубашширхон Тарозий (1896–1977) ташкилотнинг бошлиғи, Шермуҳаммадбек ҳарбий кучларнинг бош қўмондони эди. Шермуҳаммадбек укаси Нурмуҳаммадбек ва муфтий Садриддинхон Шарифхўжа ўғли орқали Бухоро муҳожирларининг бошлиғи Саид Олимхон билан доим мулоқотда бўлиб турган.

Шермуҳаммадбек кейинчалик маълум муддат Ҳиндистонда, 1951–1955 йилларда Покистоннинг Пешовар шаҳрида яшади. 1955 йилдан то умрининг охиригача Туркиянинг Адана шаҳрида ҳаёт кечирди. 1970 йил 10 мартда Шермуҳаммадбек, 1983 йил 10 январда Нурмуҳаммадбек Адана шаҳрида вафот этишади. Шермуҳаммадбекнинг ўлими туркистонлик муҳожирлар учун катта йўқотиш бўлди.

Шермуҳаммадбекнинг рафиқаси Зулфинисо ая 1972 йили Аданада вафот этган. Шермуҳаммадбекнинг тўнғич ўғли Давронбек ҳозир Нью-Йоркда, қизи Саодатхон Туркиянинг Адана шаҳрида истиқомат қилишяпти. (Давронбек 1927 йили Кобулда туғилган бўлиб, ҳозир у киши 82 ёшда).

Ушбу сатрлар муаллифи Тошкент шаҳрида 1997 йили Шермуҳаммадбекнинг АҚШда яшовчи ўғли Давронбек (Нурмуҳаммадбекнинг куёви) ва невараси Ойдинбек (артист Гулчеҳра Фозилжонованинг куёви) билан бир неча марта учрашди ва суҳбатлашди. Ниҳоят, 2008 йил июль ойида Тошкентда Шермуҳаммадбекнинг жияни Анварбек ака (Нурмуҳаммадбекнинг ўғли) билан уч кун давомида қизғин мулоқот бўлди. Анварбек ака 1934 йили Кобулда туғилган бўлиб, у киши айни пайтда АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги Бонтон шаҳрида истиқомат қиладилар.

Шундай қилиб, марғилонлик Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек қўрбошилар ўз ҳаётларини она Ватан – Туркистон озодлиги ва истиқлоли учун курашга бағишлашди. Уларнинг бири – Марғилоннинг мард йигити Мадаминбек ана шундай курашлар жараёнида 28 ёшида сирли ва ноаниқ тарзда ҳалок бўлди. Мадаминбек қўрбошилар томонидан ўлдирилган, деган фикр узоқ йиллар давомида исбот талаб қилинмайдиган қарашга (аксиомага) айланди. Ҳолбуки, Мадаминбекнинг 1920 йили сиёсий ва ҳарбий саҳнани эрта тарк этишидан энг аввало, большевиклар ва қизил армия қўмондонлиги манфаатдор бўлган. Шунинг учун ҳам Мадаминбекнинг ҳақиқий қотили большевиклар эди. Марғилонлик шер йигитларнинг сараси Шермуҳаммадбек эса (у Мадаминбекдан бир ёш кичик бўлган) совет режимига қарши олти йил давом этган шиддатли жанглардан сўнг 1923 йил бошларида 30 ёшида Ватан тупроғини тарк этишга мажбур бўлди. Марғилонлик бу фидойилар ҳаёти ва фаолиятини хотирлаш, улар жасоратидан ўрнак олиш ўзбекистонлик ҳар бир ватанпарвар йигит-қизнинг қалб амрига айланмоғи лозим.

 

Қаҳрамон РАЖАБОВ, 

тарих фанлари доктори,  профессор

Информеры