2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙЛАРНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ ОРОМГОҲГА ЙЎЛ ОЛДИ

Ёз фаслини айниқса, болажонлар интиқ бўлиб кутишади. Негаки улар мана шундай фараҳбахш кунларда тоғ бағрида жойлашган сўлим оромгоҳлар томон ошиқади. Оромгоҳларда ҳордиқ чиқаришнинг эса гашти бўлакча. Янги дўстлар, тоғ ёнбағирларига саёҳат, кўнгилочар ўйинлар. Хуллас, оромгоҳда ўтган ҳар бир кун ана шундай унутилмас ва таассуротларга бой бўлади. Энг асосийси, ёзги таътилда мароқли дам олган  ҳар бир ўғил-қиз янги ўқув йилида ўзгача кайфият, куч-ғайрат билан билим олишга киришади. Шуни ҳисобга олган ҳолда ёз фасли келди дегунча, ота-оналар фарзандларини дам олиш масканларига кузатади. Жумладан, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳам ёз мавсумини Мудофаа вазирлигига қарашли «Тонг» болалар соғломлаштириш оромгоҳида  ўтказишади. Айни пайтда мазкур оромгоҳ  ўз фаолиятини бошлаган.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида хизматини ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари таътилни мароқли ўтказиш учун  «Тонг» номли соғломлаштириш оромгоҳига йўл олган эди. Уларни Тошкент шаҳридаги Жанубий темир йўл вокзалида Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси офицерлари, вазирлик Марказий ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда Қуролли Кучлар академияси курсантлари тантанали равишда кутиб олди. Оромгоҳга ошиқаётган болаларга дам олиш кунларини янада мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида «Амир Темур тузуклари», жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара намуналари совға қилинди.

 «Тонг» оромгоҳида болажонларнинг кўнгилли дам олишлари учун тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга мувофиқ деярли ҳар куни оромгоҳда турли интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилади. Бу ерда тўгараклар фаолияти ҳам ташкиллаштирилган. Бадиий китоблар, газета ва журналларга бой кутубхона тарбияланувчиларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтишига ҳисса қўшиши табиий. Маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш ва болаларнинг дам олиш кунларини ўзига хос психологик-педагогик ёндашув асосида ташкил этиш мақсадида оромгоҳга тажрибали педагог-ходимлар, гуруҳ етакчилари, тарбиячилар, мусиқа раҳбари, спорт мураббийлари, жалб қилинган. Шунингдек, соғломлаштириш масканида  болалар учун белгиланган суткалик овқатланиш меъёрига мувофиқ тўйимли ва витаминларга бой озиқ-овқат рациони ишлаб чиқилган.

Г. ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры