2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДА ОЛТИТА ОЛТИН!

«Армия спорт клубида камол топган ўғлим билан фахрланаман!» дейди спортчининг онаси

Фижининг Сува шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун муваффақиятли бўлди – Узоқ Шарққа борган икки нафаргина спортчимиз дунё биринчилигининг 6 та олтин медали(!)ни қўлга киритиб қайтди. Кетма-кет шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган спортчиларимиздан бири Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВ СК) вакили Адҳамжон Эргашев бўлди.

Мамлакатимиз терма жамоаси ва МВ СКнинг истиқболдаги юлдузи саналаётган Адҳамжон Эргашев оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигининг 67 кг вазнлилар ўртасидаги баҳсларида қатнашди. У даст кўтариш баҳсларида 141 кг натижа кўрсатиб, бу борада иккинчи ўринни эгаллаган россиялик Зульфат Гараевни 4 кг, бронза медаль соҳиби туркиялик Муҳаммад Фурканни 6 кг.га ортда қолдирди.

Силтаб кўтариш бўйича ҳам дунё биринчилиги медаллари учун кураш айнан шу уч спортчи ўртасида кечди. МВ СК тарбияланувчиси бу йўналишда ҳам рақибларига имкон қолдирмади – 173 кг натижа билан биринчи ўринни эгаллади ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Асосий рақиблари эса силтаб кўтариш борасида ўрин алмашишди, яъни М.Фуркан ҳамюртимиздан 1 кг, З. Гараев эса 9 кг паст натижа кўрсатди.

Ушбу вазн тоифаси бўйича иккикураш баҳслари якунига кўра ҳам Адҳамжон (314 кг) биринчи, туркиялик М. Фуркан (307 кг) иккинчи, россиялик З. Гараев (300 кг) учинчи бўлди – шунга мос равишда уларга жаҳон чемпионатининг олтин, кумуш ва бронза медаллари топширилди.

Фижидаги жаҳон чемпионатига борган иккинчи ҳамюртимиз Акбар Жўраев эса 109 кг.гача вазн тоифаси бўйича оғир атлетикачилар ўртасидаги баҳсларда уч бор ғолибликни нишонлади. У ҳам даст ва силтаб кўтариш, шунингдек, иккикураш натижасига кўра барча рақибларини ортда қолдирган ҳолда 3 та олтин медални қўлга киритди. Таъкидлаш жоиз, икки нафар спортчимизнинг 6 та олтин медали Ўзбекистон терма жамоасига эркаклар ўртасидаги баҳсларнинг умумжамоа ҳисобида ғолиблигини ҳам тақдим этди.

Жаҳон чемпионати қаҳрамонлари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида карнай-сурнай садолари, ҳарбий оркестр ижросидаги тантанавор мусиқалар остида кутиб олинди. Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) президенти Рустам Шоабдураҳмонов, шунингдек, мамлакат Оғир атлетика федерацияси, Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакиллари, спортчиларнинг оила аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг спорт жамоатчилиги иштирок этди.

– Сиз олис Фижи мамлакатида ҳақиқий матонат ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатдингиз, биз сизлар билан фахрланамиз! – деди тадбирда сўзга чиққан МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов. – Умид қиламизки, Токио Олимпиадасида ҳам мана шундай ғалабалар билан халқимизни, спорт мухлисларини хурсанд қилишда давом этасиз.

Тадбир сўнгида Сува шаҳридан қайтган спортчилар оммавий ахборот воситалари ходимлари қуршовида қолди.

– Гарчанд жаҳон чемпиони деган юксак шарафга муяссар бўлган бўлсак-да, бу муваффақият бизлар учун бошланиши, – деди Адҳамжон Эргашев журналистларга берган интервьюсида.– Чунки биз ёшлар ўртасидаги дунё биринчилиги баҳслари ғолиби бўлдик. Олдинда бизни улкан тажрибага эга спортчиларга қарши йирик мусобақалар кутмоқда. Келгусида рейтинг очколаримизни тобора ошириш орқали дунё биринчиликлари ва Олимпиада ўйинларида қатнашишга эришиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу мусобақаларда ҳам Ватанимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз.

– Ўғлим жаҳон чемпиони бўлганлигидан бахтиёрман, – дейди Адҳамжоннинг онаси Ҳилола опа. – Уларни бундай тантанавор, ватанпарварлик руҳида кутиб олиш жараёнлари эса спорт мухлисларини, айниқса, биз, ота-оналарни янада тўлқинлантиряпти. Армия спорт клубида камол топган ўғлим билан фахрланаман ва бу муваффақиятларини келгусида ҳам давом эттиришини тилайман.

– Бир пайтлар армия спорт клубида шуғулланиб, маҳоратини оширган ўғлим Акбар жаҳон чемпионатида бирйўла 3 та олтин медални қўлга киритганлиги ғоят қувончлидир! – дейди А. Жўраевнинг онаси Ҳафиза опа. – Бугунги тантанали кутиб олиш жараёни ўғлимни келгусида янада улкан зафарлар сари ундаши, руҳлантиришига асло шубҳа йўқ.

Эътироф этиш жоиз, ҳар икки оғир атлетикачимиз ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида сўнгги бор қатнашишди. Бундан буён улар катталар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этишиб, юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилишади, жумладан, олдинда уларни 2020 йилги Токио Олимпиадаси кутмоқда. Бўш келманг, олға йигитлар!

Расул ЖУМАЕВ 

Информеры