2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МИЛЛИЙ ИФТИХОРИМИЗ КУРАШ ЖАҲОН АЙВОНИДА

Армиямиз полвонларидан беш нафари совриндор

Бухоро шаҳрида илк марта кураш бўйича Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнир бўлиб ўтди. Унда дунёнинг уч қитъаси – Европа, Осиё ҳамда Африканинг йигирмага яқин давлатидан 135 нафар спортчи қатнашиб, ғолиблик учун гиламга тушишди. Армиямиз полвонларидан беш нафари ушбу халқаро турнирнинг совриндори бўлди.

Аввало, шуни таъкидлаш жоиз, истиқлол туфайли халқаро майдонда юз очган миллий курашимиз дунё миқёсида йил сайин оммавийлашмоқда. Зеро, 1998 йилда Халқаро Кураш ассоциациясига асос солингач, бешта минтақада кураш конфедерациялари тузилганди, эндиликда дунёнинг 130 дан ортиқ давлатида кураш федерациялари фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда жаҳон спорт ҳамжамиятлари кураш деганда дунё бўйлаб шахдам қадам ташлаётган мустақил Ўзбекистонни, Ўзбекистон деганда янги спорт тури – курашни, яъни ушбу спорт тури ватанини тушунишмоқда. Бу юртда кураш бўйича турли даражадаги замонавий мусобақаларга ҳам асос солинмоқда. Улардан бири яқинда азим Бухоро мезбонлик қилган халқаро турнирдир.

Қадимий шаҳарда илк маротаба ташкил этилган ушбу мусобақанинг биринчи олтин медалини бухоролик Чори Зойиров қўлга киритди. У 60 кг.гача бўлган вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, финалда қозоғистонлик Аманхан Оскенбаев устидан соф ғалабага эришди ва Президент соврини – 3 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлди.  Иккинчи ўрин соҳиби А. Оскенбаевга 2 000 АҚШ доллари, ушбу вазн тоифаси бўйича беллашувларда 3-ўринни қўлга киритишган афғонистонлик Меърожиддин Чақмор ва ҳамюртимиз Фурқат Маъруфжоновга 1 000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари топширилди.

Армиямиз спортчилари ушбу мусобақада муносиб қатнашишди ва уларнинг уч нафари шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди, икки нафари 3-ўринни эгаллаб, бронза медаль билан тақдирланди. Айниқса, кураш мухлислари катта қизиқиш билан кузатадиган энг оғир (+100 кг) вазн тоифаси бўйича беллашувлар якунида Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакилининг қўли баланд кўтарилди – Осиё ва жаҳон чемпиони, Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов барча рақибларини мағлуб этиб, «Бухоро биринчи халқаро турнирининг ғолиби», деган юксак шарафга ҳам муяссар бўлди. Ушбу вазн тоифаси бўйича беллашувларнинг ярим финалида жамоадоши М. Ҳисомиддиновга имкониятни бой берган армиямизнинг яна бир спортчиси Болтабой Болтаев бронза медаль билан тақдирланди.

Вазни 73 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувлар якунида ҳам армиямиз полвонларининг икки нафари шоҳсупага кўтарилди. Айниқса, Ўрол Содиқов яхши жисмоний тайёргарликка эга экани билан барчада катта таассурот қолдирди. Рақибларини осонлик билан йиқитган Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакилига финалда туркманистонлик Муҳаммад Темиров қарама-қарши келди. Бу баҳсда ҳам Ўрол полвон рақиби устидан соф ғалабага эришди ва турнирнинг олтин медалига сазовор бўлди. Ушбу вазн тоифасида 3-ўринни эгаллаган совриндорлардан бири Марказий ҳарбий округ спортчиси Маъруф Ғайбуллаев бўлди – фақат ярим финалда рақибига имкониятни бой берган Маъруф турнирнинг бронза медали билан тақдирланди.

Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакили Сарвар Шомуродов вазни 81 килограммгача бўлган полвонлар ўртасидаги беллашувларда ғолиб чиқди. Мутахассислар фикрича, ушбу вазн бўйича турнирда бир-бирига муносиб кучли рақиблар жамланган эди. Аммо улар орасида армия спортчисига тенг келадигани топилмади – Сарвар ҳал қилувчи финал баҳсида эронлик кучли полвон Омид Тазтакка ҳам ҳеч қандай имконият қолдирмади ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Турнирнинг эркаклар ўртасидаги қолган беллашувлари ҳам ўта муросасиз кечди. Эронлик Жаъфар Фирузободий (66 кг.гача), ҳамюртларимиз – Шермуҳаммад Жандриев (90 кг.гача) ва Эркин Дониёров (100 кг.гача) ўз вазн тоифаси бўйича баҳслар якунида бош совринга сазовор бўлишди.

Мусобақанинг аёллар ўртасидаги беллашувлари ҳам жуда қизиқарли кечди. Хусусан, вазни 52 кг.гача бўлганлар ўртасидаги баҳс финалига Осиё ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби сурхондарёлик Гулнора Сулаймонова ва Хитой Тайпейи вакили Чиа-Вен Соу чиқди. Муросасиз кечган беллашувда курашчимиз кичик ҳисобда ғалаба қозонди ва бош совринга эгалик қилди.

63 кг.гача вазн тоифасидаги курашчи қизлар орасида ҳамюртимиз Шаҳноза Бозорова ўз маҳоратини намойиш этди. У финалда ҳиндистонлик Суҳанобону Шайх устидан соф ғалабага эришди ва 3 минг АҚШ доллари билан тақдирланди. Ушбу вазн тоифасида 3-ўринни ҳамюртимиз Зарнигор Одилова ҳамда Хитой Тайпейи вакиласи Чиа Лин Лиу қўлга киритишди. Фарғоналик Покизахон Камолиддинова ҳам шу куни ўз вазн (78 кг.гача) тоифаси бўйича аёллар ўртасидаги беллашувларда ғолибликни нишонлади.

Мусобақа кунлари Гонконг телевидениесининг бир гуруҳ ижодий ходимлари хизмат сафари билан юртимизда меҳмон бўлишди ва миллий ифтихоримизга айланган ўзбек кураши ҳақида ҳужжатли фильм яратиш йўлида иш олиб боришди.

– Ўзбекистонга келишдан мақсадимиз – кураш ватанининг бой тарихини яқиндан ўрганиш, тасвирга олиш, – деди гонконглик Рив Танг. – Ўз навбатида, кураш фалсафаси, ундаги умуминсоний қадриятларни тараннум қилувчи ҳужжатли фильм яратиш.

Ҳа, жаҳон айвонида миллий курашимизга бўлган қизиқиш йил сайин ошиб бормоқда. У 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари дастуридан ҳам жой олганди. Эндиликда халқимиз, юртимиз спорт мухлислари миллий курашимиз жаҳоннинг энг нуфузли спорт мусобақаси – Олимпиада ўйинлари дастуридан ҳам ўрин олишини сабрсизлик билан кутишмоқда.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры