2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚОПҚОҚДАН БАХТ ҚИДИРАЁТГАНЛАР

ёхуд миллат болаларини асранг!

«Исломжон, дўстим, «Ситро»дан «Спарк»нинг 4-қисмини топайлик. Танишлардан ҳам сўраб кўринг. Топганга

5 миллион сўм бераман...»

Бу телефонимга келган хабар. Уни бир туппа-тузук ошнам юборибди. Миянгга қурт тушибди-ку, дегим келди-ю, аядим. Бекор қилган эканман. Шартта телефон қилиб айтсам бўларкан.

Кўча-кўйда «Спарк» русумли автоуловни кўрдим, дегунча ўша воқеа хаёлимда жонланаверади. Сўнг ўзи нима экан бу, деб қизиқишим ортди. Билсам (сиз ҳам яхши билсангиз керак) таркибида қувватни «кредит»га берувчи моддалар бўлган энергетик ичимлик қопқоқларига яширинган бўлакли белгилардан «Спарк» расмини йиғиш керак экан. Йиғсангиз бўлди, янги машина сизники!

Биз бугун энергетик ичимликларнинг зарари ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Ҳар кимнинг жони ўзига ширин. Айниқса, бугунги замонда. Америкалик ёзувчи Чарльз Буковски «Африкага дори-дармон юборишга қарор қилиб, анча-мунча дори тўплагандик, лекин бир муаммо юракларимизни пора-пора қилди, дорилар йўриқномасидаги ёзув бизни йиғлатди... Африкаликлар учун зарур бўлган дориларнинг йўриқномасига «Тўқ қоринга ичилсин», деб ёзиб қўйилганди...» деб ўртанса, кимдир «уларнинг дарди оғриб турган битта тишим дардичалик эмас», дейди. Бу асосий айтмоқчи бўлган гапимиз эмас. Шунчаки фикримизга иқтибос келтирдик, холос.

Пашша – фил

Сўз юритаётганимиз – қопқоқ йиғишга бўлган иштиёқ бугун лоф бўлмасин, бутун мамлакатни эгаллаб бўлди. Бу ишга бутун бошли оиласини сафарбар этганларни кўриб, тўғриси, миллатимизга ачиниб кетдим. Бунда айниқса, ёш болаларнинг фаоллигини кўриб, масала тобора жиддийлашиб бораётганини англайсиз. Наҳотки, биз борган сари шундай майдалашиб-майдалашиб кетаётган бўлсак? Бу кетишда бўлакларимизни йиғиб олиш анча мушкул бўлиб қолади. Пашшадан фил ясамаяпмиз, ишонинг. Қопқоқдан бахт қидириб юрган миллат эртасини тасаввур қилиб кўряпмиз-у, шунчаки даҳшатга тушяпмиз, холос. Сиз, эй, қопқоқ йиғиб юрган фикрсизлар, тағин гапимизга кириб, тасаввур қилиб кўришга уринманг. Барибир тасаввурингиз етмайди. Мудраб ётган ҳужайраларингизни зўриқтирганингиз қолади. Ундан кўра уларнинг тинчгина жон беришига имконият яратиб беринг. Бу гапларимиздан ранжиманг ҳам. Сизни ноқис, ўзни файласуф санамоқчи ҳам эмасмиз. Шунчаки жонимиз ачишяпти. Нима қилайлик энди, тупроғимиз бир, бозоримиз, мозоримиз бир. Демак, ...ҳа, ҳа, топдингиз, ватандошмиз! Шу туйғу сўз айтмоққа туртки бермоқда.

Бир нарса алам қилади. Майли, бу тадбиркорликдир, бу мўмай даромад илинжидаги уддабуронликдир. Лекин барчаси ғирромлик эвазига! Бу шунчаки халқни мазах қилишдан бошқа нарса эмас. Ҳовлисида баклажка уюми тоғ бўлиб кетган халқ (дейишга ҳам уяласан)ни «ана ўламан-мана ўламан», деб турган лотереяга бўлган ишончи сўнай-сўнай деганда кимгадир битта соврин бериб, яна ўзига оҳанрабодек тортиб олиши, рўзғоридан барака учириши, тушига ҳам оппа-осон келиб қолган машинанинг кириб-чиқиши ғирромлик бўлмай нима? Энг ёмони, буларнинг барчаси миллат соғлиғига жиддий зарар етказиб, натижада умумгеннинг издан чиқиб кетишига олиб келишидир.

Биринчи Президентимизнинг шундай гапи бор эди: «Бизни саводсизга чиқарганларнинг ота-боболари оёғига латта бойлаб юрганида, бизнинг ота-боболаримиз юлдуз санаганлар». Ҳа, бугун ўша юлдуз санагич аждоднинг авлодлари бахтни (агар машина бахт деб саналса) қопқоқ ичидан қидириб юрганида латтапойабзаллар авлоди чексиз билим ва дунёқараши билан бутун галактикага даъво қилиб турибди. Бу нимадан? Бу маррани жуда-жуда яқин олганимиздан, бу хаёлимиздаги чексизликнинг чегараланиб қолганидан, бу ўз қобиғимизга чирмашиб қолганимиздан.

Хўш, нима қилмоқ керак? Оғир савол. Энг аввало, давлат одамларни мана шундай мазах қилаётганларнинг танобини тортиб қўйиши керак. Ўзини тадбиркор санаб, миллатни шу зайлда заҳарлаётган «олма ичидаги қуртлар»нинг «биз давлатга фалон сўм солиқ тўлаяпмиз», деган иддаоларига учмаслик керак. Бу тушум эртага ранги заъфарон, ақли калта, фаҳми ҳаминқадар бўлиб қолажак одамлар соғлиғини тиклаш учун етмайди.

Қонунчилик нима дейди?

Шу пайтга қадар миллий қонунчилигимизда энергетик ичимликлар умумий газланган ичимликлар тоифасига киритилган, вояга етмаган шахсларга салбий таъсири аниқланган бўлса-да, улар реализация қилиниши юзасидан ҳеч қандай чеклов йўқ эди. Зеро, кўплаб ривожланган давлатларда энергетик ичимликларнинг вояга етмаган шахсларга сотилиши юзасидан турли тақиқлар мавжуд.

Жорий йил 9 январда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун имзоланди. Унинг асосий мазмуни энергетик ичимликларга таъриф бериш ва бундай ичимликларнинг вояга етмаган шахсларга нисбатан реализациясини тақиқлаш, реклама қилинишини тартибга солиш ҳамда Қонун талаблари ижро этилмагани учун жавобгарликни белгилашдан иборатдир.

Қонун билан «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2-моддасидаги асосий тушунчаларда энергетик ичимликка таъриф берилди. Унинг 14-моддасига ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга энергетик ичимликларни реализация қилиш тақиқланиши хусусидаги меъёр белгилаб қўйилди. Мазкур талабни бажармаганлик учун эса фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш билан боғлиқ меъёр Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилди.

Энергетик ичимликларни реклама қилишда ҳам чекловлар ўрнатилди. Жумладан, «Реклама тўғрисида»ги Қонун 221-модда билан тўлдирилиб, бундай ичимликлар рекламасида уларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарарлари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек, истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот бўлиши кераклиги белгиланди.

Қонунга кўра, соат 7.00 дан 22.00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш, реклама мақсадида бундай ичимликларни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш, шунингдек, уларнинг номи, товар белгиси ёки тасвиридан фойдаланиб, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш тақиқланади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни тарқатиш, жумладан, сотиш, болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек, тиббиёт, спорт ҳамда таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилишга йўл қўйилмайди.

Диққат қилинг!

Шу жойда эътибор тортадиган икки муҳим жиҳат бор. Биринчиси, телевидениени (айниқса, хусусий каналларни) диққат билан кузатсангиз, энергетик ичимликлар рекламаси тақиқланган вақтга амал қилинмаётганини кўрасиз. Кимгадир ўша ютуқли ичимликдан бирор соврин чиқадиган бўлса, бутун бошли маҳаллани бошига кўтариб, тантанали топшириш маросими ўтказилиши ва буни ҳам ойнаи жаҳон орқали исталган пайтда эфирга узатилиши рекламадан ҳам кучлироқ восита эмасми?

Иккинчи жиҳат эса Қонунда кўрсатилган 18 ёш бўлмаган шахсларга энергетик ичимлик сотмаслик масаласи. Хўш, энергетик ичимлик харидори ёшини тасдиқлаш учун қандай ҳужжат тақдим этиши керак? Афсуски, савдо ташкилотлари энергетик ичимликлар харидорининг ёшини қандай текшириши кераклиги ҳозирча белгиланмаган. Қоидабузарликка йўл қўймаслик учун алкоголли ва тамаки маҳсулотлари реализация қилинишини тартибга солувчи ўхшаш нормаларга амал қилиш тавсия этилади, холос. Бу «қувватбахш ичимлик» талабгори харид пайти сотувчида ёшига нисбатан шубҳа уйғотса, ёшини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши шартлигини тўлиқ тасдиқламайди. Чунки алкоголли ва тамаки маҳсулотлари реализация қилинишини тартибга солувчи норма мавжуд, аммо бу энергетик ичимлик реализациясида қўлланилади, деган конкрет талаб эмас.

Хулоса ўрнида бир кичик воқеа ёдга тушади. Болалигимда «Қачон машина оламиз?» деб дадамнинг ҳеч ҳол-жонига қўймасдим. Дадам бўлса: «Ҳозир машинанинг тўртта шинасига етадиган пулимиз бор, қолганини йиғсам, кейин оламиз», деб кулиб қўярди. Бу мен учун бутун умрга татигулик сабоқ. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, ялтираб кўринган ҳамма нарса ҳам олмос бўлавермайди. Шундай экан, осон бойлик орттириш, заҳматсиз натижага эришиш йўлида болаларимизга ўрнак бўлмайлик. Миллат болаларини асрайлик.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры