2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

Мудофаа вазирлиги тизимида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган «Намунали ҳарбийлар оиласи» кўрик-танловининг республика босқичи бу йил Қарши шаҳридаги Мусиқали драма театрида бўлиб ўтди.

Эрта тонг. «Фавворалар шаҳри» дея ноAм олган ҳамда айни пайтда кўркам ва улуғвор қиёфа касб этиб, тобора гўзаллашиб бораётган кўҳна Қарши шаҳрининг қоқ марказида жойлашган Мусиқали драма театри ҳудудига оператив машина етовида оппоқ «Ласетти» машиналари карвони кириб келди. Бинонинг асосий кириш эшиги рўпарасида тўхтаган бу машиналарнинг эшигини шу ерда шай турган фахрий қоровул либосидаги кўркам ҳарбий хизматчилар тавозе билан очдилар. Ундан танловда иштирок этадиган ҳарбий оилалар тушиб кела бошлади. Уларни эҳтиром билан кутиб олаётган ҳарбий либосдаги маликалар бекаларга гуллар тақдим этишди. «Намунали ҳарбийлар оиласи» кўрик-танлови ана шундай кўтаринки кайфиятда бошланди.

Танловда вазирлик тасарруфидаги ҳарбий округ, қўшилма, муассаса ва марказга бўйсунувчи алоҳида ҳарбий қисмлардан келган жами 9 нафар ҳарбий хизматчининг оиласи «Мустаҳкам оила – жамият таянчи», «Ота – оила устуни», «Она – моҳир яратувчи», «Фарзандим – дилбандим» ва «Тезкор савол-жавоб» каби шартлар бўйича ўзаро беллашди.

– Ушбу танлов ҳар йили Тошкент шаҳрида ўтказилар эди, – дейди ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ бош мутахассиси Тамара Маманова. – Жорий йил бу анъанага ўзгартириш киритилди. Яъни бу гал танловга Қашқадарё вилояти мезбонлик қиляпти. Бу мамлакатимизда ҳудудлар ривожланаётганини, бу каби нуфузли тадбирларни ўтказишга жойларда ҳам имкониятлар яратиб берилаётганини билдиради.

Суҳбатдошимизнинг тадбирни нуфузли, дея атагани бежиз эмас. Буни мусобақаларни кузатиб бориш асносида ҳар бир томошабин кўнглидан ўтказган бўлса, не ажаб. Чунки ўз номи билан ҳам намунали, дея эътироф этилаётган танловда иштирок этган шарафли касб соҳиб ва соҳибалари ҳамда уларнинг фарзандлари ҳар жабҳада ибрат, намуна эканликларини намоён этди.

Яъни иштирокчилар танловнинг ҳар бир шартига пухта тайёргарлик кўриб, ижодий ёндашган. Унда оилада аҳиллик, бирдамлик, тадбиркорлик, илиқ ва соғлом муҳит ҳукмрон бўлиши, фарзандлар таълим-тарбиясига ота-оналарнинг жон-дилдан ёндашишлари зарурлиги акс эттириб берилган. Катталар қатори ҳаракат қилган жажжи болажонларнинг хорижий тилларни пухта эгаллаганликлари ҳамда ўз иқтидорларини шеърлар ўқиб, пародия санъати, мусиқа ва спортга оид кўргазмали чиқишларда кўрсатиб бергани олқишларга сазовор бўлди.

Бундан ташқари танлов давомида ҳарбий оила вакилларининг зукко ва билимдон, уқувли, мутолаага меҳр қўйган, маданият ва санъатга ошуфта эканликлари ҳам аён бўлди. Айниқса, ота хизмат тақозосига кўра уйда бўлмаган пайтларда машаққатларни турмуш ўртоғи билан баб-баравар тортиб, болаларига ҳам ота, ҳам она сифатида тўкис меҳр улашишга ҳаракат қилаётган ҳамда фарзандлари қалбига оталарига нисбатан чексиз ҳурмат уруғини қадаб, унинг парвариши учун бору йўғини аямай келаётган мунис маҳбубаларнинг фидойилигига йиғилганлар тасаннолар айтишди.

Шартлар орасидаги танаффусларда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари ва дилбар раққосалари томонидан тақдим этиб борилган бадиий чиқишлар тадбир жозибасини янада оширди.

Танлов иштирокчиларини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази бош мутахассиси, психология фанлари номзоди, доцент Феруза Акрамова бошлиқ ҳакамлар ҳайъати – Мудофаа вазирлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассис Зулфия Мансурова, Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бўлим бош мутахассиси Зарифа Турдиева ҳамда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи, истеъфодаги подполковник Рамиз Зоҳиров баҳолаб борди.

Якуний натижаларга кўра, Тошкент ҳарбий округи вакили капитан Акбар Азимовнинг оиласи ғолиб деб топилди.

Иккинчи ўрин шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Расулбек Собировнинг оиласига насиб этди.

Кучли учликка Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги вакили катта сержант Фарҳод Қувондиқовнинг оиласи якун ясади.

Ғолиблар Мудофаа вазирлиги томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Бундан ташқари «Мухлислар меҳрини қозонган ҳарбий оила»,  «Энг аҳил ҳарбий оила», «Энг қувноқ ва зукко ҳарбий оила», «Энг маърифатпарвар ҳарбий оила» ва бошқа номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, рағбатлантирилди.

Мазкур танловни ўтказишдан мақсад – ҳарбий хизматчилар оилаларидаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг самарали механизмларини яратиш, ёшларни катта ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича бир қатор вазифалардан иборат.

Зилола КОМИЛОВА

 

Информеры