2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СИЗ ҲАМ ТАЛАБА БЎЛИНГ!

Олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топширишга чоғланган абитуриентларни айни кез шу савол ўйлантириши табиий: ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар учун қандай янгилик бўлди?

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев қуйидагича маълумот берди:

– Хабарингиз бор, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентларга 2006 – 2011 йиллар мобайнида максимал баллнинг 25 фоизи (56,7 балл), 2012 – 2016 йилларда максимал баллнинг 27 фоизи (61,2 балл), 2017-2018 йилларда ўзи тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз қўлланди. Бу йилги тартиб ўзгарди ва бундай тавсияномага эга абитуриентнинг тўплаган балига 50 фоиз балл қўшиб берилмайди.

2019 йилги Давлат дастурида ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов учун алоҳида квоталар ажратиш тартиби жорий этилиши белгиланди. Бу ҳақда Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги «2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарори тасдиқланди. Унга кўра, бундай тавсияномага эга абитуриентлар учун алоҳида 5 фоизли квота белгиланди. Энди улар, энг аввало, ўша квота доирасида ўзаро беллашади, ўзгаларга халақит қилмайди.

Бакалавриатнинг кундузги таълим шакли учун 4 008 та квота (ўрин) ажратилган бўлиб, шундан 908 таси грант ва 3 100 таси контракт асосида ўқишга қабул қилинади. 4 008 та махсус квотага кира олмай қолганлар кейин умумий танловга қўшилади, яъни тавсияномаси йўқлар билан курашади, агар бали етарли бўлса, талаба бўлади. Улар билими, таълим тайёргарлигига ишониши, таяниши керак.

Мазкур тизимнинг яхши томони энди ҳеч кимга қўшимча балл берилмайди, ҳамма ўз билими етганича балл йиғади. Қолаверса, эндиликда максимал баллдан юқори тўплаш ҳолатлари кузатилмайди.

Ушбу тизимнинг қисм қўмондонлиги ҳарбий тавсияномасига эга абитуриентлар учун ҳам фойдали томонлари бор. Уларнинг барчаси ҳам юқори балл олавермайди. Шунинг учун энди улар камроқ балл олиб ҳам бюджетга ёки контрактга кириши мумкин.

– Ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентларнинг ҳужжат топшириш муддати ҳақида маълумот берсангиз.

– Ҳозирги жараён ҳужжат топшириш дейилмайди. Танланган таълим йўналиши бўйича ўтказиладиган тест синовларида иштирок этиш учун 15 июндан 15 июлга қадар рўйхатдан ўтилади. Ҳозир ушбу жараён давом этмоқда. Абитуриент танлаган учта олий таълим муассасаси (йўналиши)дан қайси бирига талабаликка тавсия этилса, шундан кейингина ўша муассасага ҳужжатларини топширади.

– Ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриент кундузги таълим босқичи бўйича тест синовида тўплаган бали ҳақида қачон билиши мумкин?

– Тест синови умумий ва аралаш тарзда, алоҳида тоифага бўлинмаган ҳолда ўтказилади. Гуруҳлар электрон дастурий таъминот ёрдамида тақсимланади. Тест топширган куннинг эртасига абитуриент йиққан бали ҳақида билиши мумкин. Аммо талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани бир ҳафтадан кейин аниқ бўлади. Борди-ю, абитуриент аризасида устувор этиб белгилаган олий таълим муассасаси (йўналиши)га контракт асосида ўқишга кириб, 2- ёки 3-сига бюджетга тавсия этилганидан қатъи назар, дастлабки қайд этган йўналиши бўйича ўқийди.

Илгари тавсиянома фақат тест синовлари учун ўтар эди, ижодий имтиҳонларга имтиёз бермасди. Янги тизимда махсус квота ижодий имтиҳон талаб этиладиган ОТМларга ҳам берилди. Масалан, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Миллий рақс ва хореография олий мактаби ҳамда шу кабилар. Эндиликда тавсиянома олганлар мана шу йўналишда ҳам имтиёзга эга бўлмоқда.

Мудофаа вазирлиги давлат ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўлими бошлиғи подполковник Баҳром Зулфиқоров таъкидлашича, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсия­номасига эга абитуриентларнинг бу имтиёзи олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳам ўтади ҳамда бу имтиёз фақат тест синовлари учун берилади.

Яъни олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киришда тест синовидан аввал абитуриент жисмоний тайёргарлик, ҳарбий-касбий танлов ва тиббий кўрикдан ўтказилади. Ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасининг имтиёзи бу учта босқич учун тааллуқли эмас. Шу боис, даставвал абитуриент юқорида келтирилган учта босқичдан муваффақиятли ўтиши талаб этилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати мутахассиси Б. Шайвалиевнинг таъкидлашича, айни пайтда олий таълим муассасаларида бундай тавсияномага эга абитуриентлар учун ажратилган 5 фоизли квотанинг таълим йўналишлари ҳамда тил гуруҳлари (ўзбек, рус) кесимидаги тақсимоти шакллантирилмоқда.

Бу имтиёз сиртқи таълим шаклига ҳам ўтади ва улар учун 908 та квота ажратилган. Шунингдек, бакалавриатнинг кечки таълим шакли бўйича ҳам умумий квотадан 5 фоизли қабул кўрсаткичлари (99 та квота) белгиланган.

Д. РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры