2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚАЛБЛАРДА ФАХР-ИФТИХОРНИ АЛАНГАЛАТГАН ТАНТАНА

– Асадбек, дадангни кўрдингми?

– Зарина, ана даданг, ўртада турибди.

Уч ёшлар чамасидаги қизалоқ қувонганча қўлини олдинга чўзади:

– Дадажо-оон, мана биз, сизни кўряпмиз!..

Ҳар тарафдан янграётган болаларнинг хитоби куй-қўшиқлар жарангига қоришиб кетди. Жажжи қалбларнинг шу кунги шодлиги, қувончининг таърифига сўз ожиз эди.

Мудофаа вазирлиги Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида бўлиб ўтган битирув маросими каттаю кичикда унутилмас таассурот қолдирди.

Тантанада мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Комилов ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Шундан сўнг Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда ДХХ Чегара қўшинларида хизмат қилаётган кичик мутахассислар – битирувчиларга тантанали равишда сертификатлар топширилди.

– Ўтган уч ой мобайнида биз ҳам маънан, ҳам жисмонан тобландик. Олган назарий билим ва амалий кўникмаларимизни бундан кейинги хизмат фаолиятимга татбиқ этиб, янада куч-ғайрат билан хизмат қилишга ваъда бераман, – дейди кичик сержант Ҳусниддин Муродов.

– Таҳсил давомида амалий машғулотларга кенг ўрин берилди, – дейди кичик сержант Жавоҳир Бекмирзаев. – Олинган билим, ўзлаштирилган маҳорат бу – қўлга киритган улкан ютуғимиздир. Эндиликда бор билим ва маҳоратимизни Қуролли Кучларимизнинг нуфузи, қудрати ҳамда жанговар салоҳиятини янада оширишга сафарбар этамиз.

Битирув тантанаси ота-оналар қалбидаги фахр ва ифтихор туйғуларини алангалатди. Қувонч уларнинг кўзларида, сўзларида мужассам.

– Наманган вилоятининг Чуст туманидан келдик. Неварасининг яхши кунида бирга бўлиш учун 86 ёшни қарши олган бувамиз ҳам тантанага келган, – дейди Нигора опа Шаропова. – Ҳар бир ота-она фарзанди ортидан яхши гаплар эшитишни, унинг камоли, иқболидан суюнишни истайди. Бугун ўғлим Жавоҳиржон туфайли мен шу бахтга эришдим. Унинг юртга керакли инсон бўлганидан фахрланаман.

– Қалбимда кечаётган ҳисларни, ҳаяжонимни таърифлай олмайман, – дейди Раҳмонқул Шоимов. – Ўғлим – ишонган тоғим, суянчиғим. У – Ватан ҳимоячиси! Демак, Ватаннинг ҳам суянчиғи. Бундан ғурурланмай бўладими?! Илоҳим, ўғлонларимизнинг олтин боши омон бўлсин, мусаффо осмонимиз, осойишта кунларимизга кўз тегмасин.

 Кўтаринки руҳда ўтган тантанада ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва санъаткорлар ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.

Г. МУРОДОВА

Информеры