2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ҚУРОЛСОЗ УСТА»ЛАР МУСОБАҚАГА ТАЙЁР!

V халқаро армия ўйинлари олдидан...

«Чирчиқ» умумқўшин дала-ўқув майдонида тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилган миллий армиямизнинг «Қуролсоз уста»лари V халқаро армия ўйинлари доирасида жорий йилнинг 20 июлидан 20 августига қадар Хитойнинг Корло шаҳрига йўл олиш олдидан якуний машғулотларга киришди.

Мазкур танлов Д-30 тўпини камазга шатакка ола-сола, жанговар ҳолатдан юриш ҳолатига келтириш ва тўрт километрга марш юриш босқичлари кетма-кетлиги; худди шу тартибда 23 миллиметрли зенит қурилмасида (ЗУ-23-2) ҳам меъёрларни бажариш; БМ-21 жанговар реактив тизимида махсус вазифалар йиғиндисини бажариш; ўқотар қуроллар биатлонида (автомат, пулемёт, гранатомёт ва пистолет) жанговар қуролларни тўлиқ қисмларга ажратиш, йиғиш ва нишонларга ўқ узиш ҳамда финал эстафетасида барча кичик гуруҳлар иштирокида меъёрларни бажариш каби беш шарт бўйича ғолиблик учун курашади.

Подполковниклар Амир Ҳазиев ва Дилмурод Утеганов қўл остида машғулотларда тобланаётган 23 нафар ҳарбий хизматчи нуфузли мусобақада Озарбайжон, Қозоғистон, Арманистон, Ҳиндистон, Эрон, Хитой ҳамда Россия мамлакатлари ҳарбий хизматчилари билан куч синашади (Туркия ва Тожикистон Республикаси ушбу мусобақада кузатувчи сифатида иштирок этади).

– Биз аллақачон танловда қатнашишга тайёр бўлганмиз, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Асрор Холматов. – Жорий йилда ғолиб бўлиш учун барча имкониятларга эгамиз. Юртимизга ғалаба билан қайтиш – айни дамда бош мақсадимиз!

Эслатиб ўтамиз, V халқаро армия ўйинлари жорий йилнинг 3 август кунидан старт олади.

Алибек АНВАРОВ

Информеры