2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ДЕПУТАТЛАР «ЧИРЧИҚ» ДАЛА-ЎҚУВ МАЙДОНИДА

сайёр йиғилиш ўтказди

Тошкент ҳарбий округига қарашли «Чирчиқ» дала-ўқув майдонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Мудофаа доктринаси ижросининг таъминланиши ҳамда вазирлик фаолиятида мақсадли вазифаларни амалга ошириш ҳолатига бағишланган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Мудофаа ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 28 ноябрда Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишда мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни янада ривожлантиришга доир берилган топшириқлар ижроси муҳокамаси билан бошланди.

Тадбирда сўзга чиққан мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов Мудофаа вазирлиги тизимида амалга ошири­лаётган ишлар ҳолати бўйича ҳисобот берар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 февралдаги «2019 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларни баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида»ги фармойиши ижросига ҳам тўхталди.

Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш йўналишида айрим камчиликлар мавжудлиги танқид остига олинди. Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун барпо қилинаётган кўп хонадонли уйларни қураётган ташкилотларнинг фаолиятини назоратга олиш ишларини кучайтириш, вилоятлар марказларидаги «Ҳарбий-ватанпарварлик боғлари»ни қуриш ишларини жадаллаштириш бўйича депутатларнинг таклифлари тингланди.

Бундан ташқари, йиғилишда ҳарбий хизматга чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш амалиётини ўрганиш масаласи илгари сурилди. Муҳокама жараёнида депутатлар ушбу масаланинг объектив ва субъектив сабабларидан келиб чиққан ҳолда ҳарбий хизматга чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш вақтини куннинг иккинчи ярмига кўчиришни таклиф этдилар. Келгусида илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда тиббий комиссиялар таркибини ҳудудларда жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий госпиталлар ва бошқа ҳарбий-тиббий муассасалар шифокорларидан тузиш зарурати мавжудлиги бўйича ҳам фикр билдирдилар.

Йиғилиш якунида кўрилган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шу куни депутатлар дала-ўқув майдонида ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув жараёнлари билан танишди. Жанговар тайёргарлик машғулотларида иштирок этишди. Меҳмонлар учун замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры