2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ТО БАЙРОҚДАН ОЛДИН ЖОННИ БЕРМОҚ ОСОН КЕЧАР БЎЛСИН!»

Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк,

Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.

Қанча қонинг бўлса, Ватан учун тўк,

Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар!

Ўзбекнинг ўзию сўзи адл шоираси Ҳалима Худойбердиева ёзмиш бу битиклар бугун миллат болаларининг тилидан айтилмиш қўшиққа ўхшайди. У шундай қўшиқки, она тупроқни кўзга суртиб, буюк она Ватан хизматига шайлантирадиган мангу қўшиқ!..

Тўмарис, Нодирабегим, Увайсий, Қурбонжон Додҳоҳ, Зебунисо... Миллатнинг фидойи, забардаст, жасур бу аёллари сафига элнинг мард, жонкуяр ижодкори Ҳалима Худойбердиева номини баралла қўйгим келади. Юрагини вақтнинг тўфонларидан асрай олган, тақдирнинг минг бир чиғириқларига бардош берган, аёллигини, назокатини ғурурига чирмаб омон сақлаган, ҳамма вақт, ҳар қандай шароитда ҳам Ватан деган шоирнинг ҳар бир мисрасида сўнгсиз ҳайқириқ, даъваткор руҳ мужассам.

 

Нафақат Ўтсанг ёзиб,

Куз янглиғ сўлиб, озиб,

Бозиллаган чўғ босиб,

Қўрдаям ҳайқиролсанг,

Демакки, Сен шоирсан!

Олтинми Ё олмосда,

Тиғда юролсанг, рост-да

Итқитса, оёқ остда,

Тўрдаям ҳайқиролсанг,

Демакки, Сен шоирсан!

Нафақат Кўтарса халқ,

Кўксингдан итарса халқ,

Пешонанг намакоб, талх,

Шўрдаям хайқиролсанг,

Демакки, Сен шоирсан!

Бирда талх, бирда ажиб қисматидан тоймаган, халқ юкини гарданига олиб, бир «оҳ»идан минг «воҳ» деган ижодкор борки Шоирдир. Ҳалима опа Ватан ҳақидаги ёзмишларида азим кентнинг талотўпли кечмиши, сабр-қаноатли, жўмард элнинг ғам-ғуссаси, намозшомгулдек кунларнинг миллат бошидан ариганлигини табиий ва равон мисраларда тасвирлаган.

Қайинзорда қолғон бобом эсладим,

«Душманлиғи» ёлғон бобом эсладим.

Бир пой махси кийиб, бири қўлтиқда

Сибирга йўл олғон бобом эсладим.

Кейин ўксиб йиғлайвердим, чекиб оҳ,

Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ!

Кейин отам ғолибмиди, мотмиди?

Кейин онам аёлмиди, отмиди?

Дод деб кетди. Менинг додим додмиди?

Наҳот, наҳот, ғойиб бўлди зиндон, чоҳ,

Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ! 

Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз Абдулла Орипов шоира ҳақида шундай ёзади: «Дарвоқе, ҳамон Турку Турон даштларини томири бақувват қадим халқимизнинг гўрдаги Яссавий пирим, ҳазрат Навоий, улуғ Бобур, улкан Бедил каби абад ўлмас фарзандларининг ҳайқириқлари тутиб ётмаяптими?!

Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларидаги ватанпарварлик жонфидолик, мардонаворлик маъносига уйқаш. Шеър руҳи лаҳзада сизни забт этади. Эҳтиросларнинг гувлаб, тошиб келган оқими қаърига тортиб кетади. Сўзлар алланечук жонли-жисмли туйғуларнинг тиғиз сафидек, уларни ёриб ўтгудек куч-қудрат йўқ, беихтиёр сиз ҳам ана шу оқим қаърида қолганингизни ҳис қиласиз. Мана бу «Ватан байроғи» шеъридан айрим сатрлар:

 

То бу байроқ, Ватан, нурлар

Ич-ичингга кетсин кириб.

Токи ғаним ватанхўрлар

Ололмасинлар суғуриб.

Шундай ўргат қулни, хонни,

Учмас қуш ҳам учар бўлсин.

То байроқдан олдин жонни

Бермоқ осон кечар бўлсин.

 

Юқорида таъкидлаганимдек, жонфидолик Ҳалима Худойбердиева шеърларидаги асосий нуқталардан биридир. Бу энг олий мақсад йўлидаги фидойилик».

«ОЛДИМДАН ОҚҚАН СУВ»

Улуғбек ака Оллоёров Ҳалима опанинг тўнғич фарзанди. Опанинг майинлиги, сокинлиги шундоққина юз-кўзида ифодаланган дилбанднинг фикрларини тинглар эканман, Улуғ шоиранинг Она сийратига ҳам хаёлан чизгилар чизаман.

– Онамни жасур аёл дегим келади, – дейди у анча сукутдан кейин. – Бу жасурлик қатида сокинлик, кўнгли тийралик бор эди-ю, лекин билдирмасди. Доим мағрур, назокатли ва масрур юрарди. Нафақат ўзгаларни, балки биз, фарзандларнинг ёнида ҳам.

Ақлимни таниганимдан буён онам ёзарди. Тунда, ҳамма уйқуга ётганда ўзи қолиб, дилидагини қоғозга туширарди. Гоҳида тонгда кўзлари қизариб қолганлигини кўриб, сўраганимда, уйқусизликдан, дерди-ю, бироқ бу шунчаки уйқусизликдан, эмас, шеър ва кўз ёшлардан қолган из эканлигини сезардим. Чунки онам ҳеч қачон бировнинг олдида йиғламасди. Гарчи жуда кўп азият чеккан бўлса-да.

Ватан туйғусига онам жуда масъулият ва меҳр билан қарарди. Бизлардан ҳам шундай бўлишимизни талаб қиларди. Набираларига «ўз тилингни унутма, отангни, бобонгни яхши кўргандек ардоқла!» деб уқтирарди. Болалар шевада ярим-ёрти сўзлашса, аччиқланарди. Шунинг учун оиламиздагилар уйга кирганда адабий тилда гапиришга ҳаракат қилишарди. Менга «Боёвутни ҳеч қачон ёдингдан чиқарма!» дерди. Боёвутдаги боғимизда олмалар шиғил пишарди. Бундай олмаларни бошқа жойда учратмайсиз. Хушбўй, оқ олмалар. Онам боғда сайр қилишни яхши кўрарди. «Оқ олмалар» китоби шу ердаги азим боғларга бағишланган.

Йигирма йиллик танаффус... Бу фурсатни шундай атаса бўлармикин? Ҳар бир они, дақиқаси онам учун ўксикли, умидли. Дўст билан хушомадгўйни саралайдиган бу муддатдан онам жуда сипо, ақл билан ўтди, деб ўйлайман. Чунки сираям нолимади, кўргани келганларни кулиб қаршилайверди. Айниқса, туғилган кунида одамларнинг меҳрини, чин шогирдларнинг садоқати ва муҳаббатини ҳис этиб яйраб кетарди.

Оиламиз жам бўлганда, отам, ука-сингилларим билан онамни эслаймиз, дуода бўламиз. Бошқа таскин йўқ. Ўзим қолганда уйим тўридаги китобларини ўқиб, тасалли оламан. Айниқса, «Олдимдан оққан сув» номли шеърини қайта-қайта ўқийман...

 

Яшамоқ фароғат, яшамоқ азоб,

Бекорга эгилмас сиздан бошқа кўк.

Кўнгилларни овлаб умрим бўпти соб,

Сизнинг кетишингиз хаёлда ҳам йўқ.

 

Олдимдан оққан сув, беқадр сувим

Умрида бир яйраб ёзилмаганим.

Бор туриши шафқат, бори сир

сувим То қуриб қолгунча сезилмаганим.

 

Бошқалар ёнимдан кетмасин дебман – 

Вақт топиб уларга борибман тонг-кеч.

Бошқаларга озор етмасин дебман –

Сизга ҳам етишни ўйламабман ҳеч.

 

Бошқаларга чопдим шаҳар, кентда мен –

Бир қайтариб, ё бир кесатмадингиз.

«Менам ғаниматман, менам кетаман» –

Деб нечун бир бора эслатмадингиз?

Онам, онам-а?!..

Бугун Ҳалима Худойбердиева яратган мактаб, унинг миллатпарварлик, юртпарварлик руҳидаги баланд шеърларини ўқиб ўрганаётган авлод сероб. Она юртини, халқини севган, севдира олган шоиранинг умри эса у ёзган шеърларидек мунаввар ҳаёт йўлидадир.

Наргиза АСАДОВА

 

Информеры