2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚАЛБДАГИ ДОҒНИ ҲАМ ДАВОЛАГАН ЗОТ

Кўплар Абу Али ибн Синони тиббиёт илмининг даҳоси сифатида билади. Аслида у кенг қамровли буюк олим ва мутафаккир, ажойиб шеърлар ҳамда мазмундор ҳикматлар ёзган шоир ва файласуф ҳамдир. Аниқроғи, у табиат ва кишилик фаолиятининг деярли ҳамма соҳаларини қамраб олишга қодир асарлар ёзган буюк инсондир.

Абу Али ибн Сино ўзи ёзиб қолдирган қуйидаги рубоийда билимнинг чегарасизлигига ишора қилиб дейди:

Ҳеч бир гап қолмади маълум бўлмаган,

Жуда оз сир қолди мавҳум бўлмаган,

Лек билимим ҳақда, чуқур ўйласам,

Билдимки, ҳеч нарса маълум бўлмаган.

У инсон ақлу идроки кучига ишонар, инсонни ва унинг маънавиятини улуғлаган фикрларини бутун дунёга машҳур илмий-фалсафий китобларидагина эмас, балки рубоий шаклида ёзилган ҳикматларида ҳам теран ифода этиб, ўзидан кейинги авлоднинг тарбиясига таъсир кўрсата олди.

Буюк олим бу дунё синовлари ва ҳаёт машаққатларини бошидан ўтказар экан, инсон тириклигида яшаш учун берилган имкондан тўғри фойдаланиб қолиши зарурлигини уқтириб дейди:

Яхшидир кетмасдан ушбу жаҳондан,

Ақлинг халос бўлса ҳар пушаймондан.

Эртан қўлдан келганин қилолмагайсан,

Фойдаланиб қолгин, бу кун имкондан.

Афсуски, ҳаётнинг қинғир йўллари кўп. Оддий сўқмоқлардан гирдобларгача бўлган жараёнда ақл-идрокнинг раҳнамолиги зарур. Акс ҳолда инсон кўзлаган манзилига етиб бора олмайди. Ҳаётнинг шундай боши берк кўчалари борки, билиб ёки билмасдан уларга кириб қолган одам қандай қилиб қайтиб чиқишни билмайди. Одатда, қинғирликни касб қилиб олган номард одамларгина бундай кўчаларга кириб қолишади. Мард кишилар эса… олим бобомиз айтганларидек:

Мард кишига ўн хил иш доим ҳаром,

Олтисидан мард киши холис мудом.

Хасислигу ҳасад ҳам ёлғончилик,

Заифлик, дарду йўқликка бўлиш ром.

Агар неъматга етсанг сен адолат,

Ҳам ақлинг бирла бер дўстларга инъом.

Мендан айрим ёши улуғ танишларим, баъзан невараларим: «Абу Али ибн Сино ҳам олим, ҳам авлиёми?» деб сўрашади. Олимлигини бутун жаҳон билади, аммо қийинчиликлардан иборат фақирона ҳаёти, ҳақсўзлиги, ёзган ҳикматлари, ғариб ва мусофирларга меҳрибонлиги, дунёни англаши ва башорати, охиратдан огоҳлантириши унинг авлиёга хослигини кўрсатиб турибди, дейман. Унинг номи тилга олинганда хаёлимни бир фикр чулғаб олади: «Агар Оллоҳ кўнглига солмаганида қайси ўт-ўлан қандай дардга даво эканлигини билармиди?.. Агар Оллоҳ назари тушган инсон бўлмаганда илм ва билимда даҳолик даражасига етармиди?.. Унинг қуйидаги ҳикматли сўзлари улуғликнинг ифодасидир:

Эй нафс, орзу-ҳавас кишанидан кет,

Бир дам ҳимояси учун шитоб эт.

Дунё, мансаб дема, учма ишвага,

Дўстлардан ажраб ҳам ёв бошига ет.

Ўтмишда буюк олим ва авлиё мақомига эришган барча улуғларимиз нафсни тийишни, ҳаромдан ҳазар қилишни, ортиқча мол-дунёга берилмасликни, мансаб-мартаба илинжида бировга ёмонлик қилмасликни келажак авлодга, яъни бизга васият қилиб қолдирган. Хасислик ва очкўзлик инсонларни ҳамиша фалокатга гирифтор қилган. Абу Али ибн Синонинг ўзи ҳам ҳасадгўйлар ва ёлғончиликлардан кўп азият чеккан. Уламолар ҳасад ва кўролмасликдан Имом Бухорий бобомизга қандай туҳматлар уюштиришган бўлса, илмсиз ва билимсиз олимлар ҳам Абу Али ибн Сино бобомизга шундай бало-қазолар ёғдиришган.

Телеэкранда давра қуриб олиб, ҳадеб бир хил гапни такрорлайдиган олимларни кўрганимда, баъзи имом-хатибларнинг оят ва ҳадисларни ҳаётий мисоллар билан боғламасдан қуруқ талаффуз этиш билан билимдонлик қилишларига гувоҳ бўлганимда, жонингиз оғриб борганида текшириб касалингизни аниқлаш ўрнига билимсизлиги туфайли ўзига таниш бўлган фармацевтнинг тавсияси билан дори ёзиб берадиган врач қабулида бўлганимда ҳамда бошқа кўп ҳолатларда Абу Али ибн Сино бобомиз айтган нодонлар кўз олдимда гавдаланади.

Бобомиз ўз ҳикматларида сергакликни, вайсақиликни, ичингда ҳеч нарса сақламасдан ҳаммага ҳар нарсани тўкиб солишни хуш кўрмайди. Албатта, бу одамлар орасига низо солишга ҳамда дўстни душманга айлантиришга олиб келиши мумкин. Жумладан, ул зотнинг бир ҳикматида шундай дейилади:

Сирингни сўрасалар ҳар кимсадан тут ниҳон,

Ҳар кимки гапирмас кўп, удир мулоҳазакор.

Ичингда ниҳон бўлса, сиринг сенинг асиринг,

Ўзинг унга асирсен, қачон қилдинг ошкор.

Албатта, мулоҳазакорлик – яхши инсонга хос хислат. Ўзимиз сирга асир эканмиз, уни ошкор қилсак, касофати ўзимизга уради. Бироқ орамизда мулоҳазакорликни қўрқоқлик ёки журъатсизлик дегувчилар ҳам бор. Шунга қарамасдан ҳар доим мулоҳазакорлик қилсак – ютамиз, акс ҳолда гуноҳ орттириш ҳеч гап эмас.

Юқоридаги ҳикматдан кўриниб турибдики, Абу Али ибн Сино бобомиз тиббиёт илмининг даҳоси сифатида нафақат танадаги дардни, балки ўз ҳикматлари билан қалбдаги доғни ҳам даволаган.

Иброҳим НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Информеры