2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БИЗ БИР ЖАМОАМИЗ

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти фаолиятига назар

Тараққиёт журналистиканинг ривожи, жанрларининг муттасил шаклланиб боришига ҳам таъсир этмай қолмайди. Оммавий ахборот воситалари ҳаётдан олдинда бўлиши керак, дейди назариётчиларимиз. Йўқ, аслида ундай эмас. Аслида журналистика  ҳаёт билан, ўзгаришлар билан баб-баравар қадам ташлаши лозим. Ана шундагина унинг таъсирчанлиги ортади, оммани ўзига эргаштира олади.

Ҳарбий журналистика ҳам замон билан ҳамнафас одимлаётган, тараққий этаётган соҳалардан бири. Ўтган қисқа вақт ичида бу йўналишда ўзгаришлар амалга оширилганини  республикамиздаги барча ҳарбий округларда матбуот хизматлари ташкил этилгани мисолида кўришингиз мумкин. Эндигина шу соҳага қадам қўйган ёш журналистлар учун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университетида ташкил қилинган «Ҳарбий журналистика» курслари ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда. «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририяти ҳамда Қуролли Кучлар медиа маркази негизида ташкил этилган Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти  кенг оммани ҳарбий соҳага оид ахборот билан таъминлаётган катта даргоҳга айланди.

Илгариги кичик жамоаларнинг эндиликда сафи кенгайган. Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти таркибида янги бошқарма ва бўлимлар фаолияти ташкил этилди ҳамда улар соҳа сирларини яхши ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган мутахассислар билан бутланди. департаментнинг Ахборот-таҳлил медиа бошқармаси аҳолини ҳарбий мавзудаги кўрсатувлар, ахборотлар, роликлар билан таъминлаш ва уларни янгилаш  билан шуғулланаётган бўлса, «Ватанпарвар» газетаси ва «Ўзбекистон армияси» журнали юртимизда  юз бераётган улкан ўзгаришлар, Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ёшлар, оила ва ижтимоий ҳаётга оид масалалар билан бир қаторда буюк аждодларимизнинг бетакрор маънавий мероси, қадриятларимиз, бадиий ижод намуналари ҳамда фан, маданият ва спорт мавзуларини янгича ёндашувда, қизиқарли тарзда муштарийларга тақдим этмоқда.  

 

«БУ  ДАРГОҲ  МЕН УЧУН ҚАДРЛИ»

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ёш ва тажрибали ходимлар билан бутланганини айтдик. Ана шундай ёшлардан бири Муҳаммаджон Хўжаевдир.

– Бу даргоҳга ишга келишдан олдин «XXI ASR» ижтимоий-сиёсий газетасида фаолият юритганман, – дейди у. – Ҳарбий соҳа менга нотаниш эмас. Чунки 2017 йилда «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририятида ташкил  этилган «Маҳорат мактаби»да сабоқ олганман. Бу сабоқ бутун умрга татийди. Машғулотларда тажрибали мутахассислардан тармоқ журналистикасида ишлаш хусусиятлари, газета ва журналга материал тайёрлаш методикаси ва ҳарбий мавзуни ёритишда аҳамият бериладиган жиҳатларни ўргандим. Ўшанда кўнглимда ҳарбий журналист бўлиш истаги пайдо бўлган эди. бугун истагим амалга ошди. Мен, албатта, яхши ҳарбий журналист бўламан.

 

 

ЎРТАДА БЕГОНА ЙЎҚ

 

Яна бир ҳамкасбимиз Шоҳсанам Нишонова «Дугоналар» журналида фаолият юритган. Ёш, изланувчан журналист учун ҳарбий соҳа нотаниш эмас. Негаки, у ҳарбийлар оиласида камолга етган. бу мавзуда қалам тебратиш Шоҳсанамга ҳам қийинчилик туғдирмайди. Келинг, унинг сўзларига қулоқ тутамиз:

– Университетга борсам, Мудофаа вазирлигининг ходимлари янги ташкил қилинган Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментига ишга таклиф қилиб келишган экан. Ижодкор одамни бундай ташкилотлар «бўғиб» қўяди, қолаверса, ҳаммани ҳам олавермайди дедим. Бироқ биз билан суҳбатлашган ҳарбий либос кийган аёл ҳавасимни келтирди. Минг ҳаяжон билан айтилган вақтда суҳбатга келдим. Қарасам, ижодкорлар орасида ўзига яраша ўринга эга бўлган Исломжон Қўчқоров бу жамоада ҳам анча ҳурмат қозонибди. Бобур Элмуродни яхши биламан, ўз сўзига, услубига эга ижодкор. Наргиза Асадова  билан кўрсатувларга бирга чиққанмиз. Алибек Анварийни виртуал танийман-у, ҳаётда кўрмаганман. Хуллас, мени ишга қабул қилишди! Бу қувончли воқеа эди. Ҳарбий-ватанпарварлик бўлимида иш бошладим. Очиқчеҳра ҳамкасбларимнинг самимий кутиб олишлари ишга меҳр қўйишимга сабаб бўлди. Энг асосийси, ижод эркинлиги таъминланган. Жамоанинг аҳиллиги зиммамизга янада масъулият юклайди. Бу меҳрга лойиқ бўлиб, ишончни оқлаш керак. Уларнинг меҳри сезилди, бироқ бизнинг ҳам қадамимиз, ишга олиб кирган янгиликларимиз кўриниши зарур. Шу йўлда ҳаракатдамиз. Энди ишлаш керак бу кенгликларда.

Ёшларнинг орзулари улкан, қалбларида иштиёқ алангаси кучли. Бу эса ҳарбий журналистиканинг истиқболи, иқболи порлоқ эканлигидан дарак беради.

ГулнораҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры