2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎҒИЛ БОЛА «ЭРКАКЧА» ТАРБИЯЛАНСИН!

Маҳалламиздаги мактабнинг бошланғич синфида ўқийдиган болалар суҳбати бехос қулоққа чалинди. Ўқувчилардан бири синфдош қизларини кескин ҳақоратлаганидан пушаймон бўлиб, бу ишни бошқа такрорламасликка ваъда берди. Бунга жавобан ўртоқлари: «Агар қасамингни бузсанг, сени бир умр «қиз бола» деб атаймиз!» деди. Бир қарашда жўндек туюлган аҳдлашув шарти замирида ваъдага вафо, сўзга собитлик ифодасини сезиш мумкин. Алқисса, ўғлон лафзи, ғурури топталишининг энг оғир нуқтаси «қиз бола» тамғасига нисбатланмоқда.

Қайда қолди мардлик ғурури?

Оилада ўғил фарзанд дунёга келса, севинчдан ичига сиғмаган ота зурриётини чинакам мард ўғлон этиб тарбиялашни ният қилади. Аммо кейинги пайтлар йигитлик ғурурини ерга уриб бўлса-да, меҳнатга ён бергиси келмайдиган, боқимандалик кайфиятига берилган, «енгилнинг остидан, оғирнинг устидан ўтиш»ни афзал биладиган ёшлар кўпаймоқда? Руҳшунослар ўтказган тест натижаларига кўра, йигитларнинг 57 фоизи ўзига тўқ, ота-онаси яхши лавозимда ишлайдиган, бой оила қизига уйланиш истагини билдирган. Ҳеч бир андишасиз, йигитлик шаъни, ориятини бир четга суриб қўйишган-у, оила боқиш, рўзғор юритишдек масъулиятни ўз зиммасига олишни хоҳламасликларини очиқ билдиришган.

Бугун рўзғор юки аёлларнинг нозик елкаларини эзаётгани, шу боис уларнинг чет элларда мардикорликка ёлланаётгани, оғир юмушларни бажаришга мажбур бўлаётгани, ҳатто қинғир йўлларга кириб кетаётгани шундан эмасмикан? Аёлини, фарзандини боқишдан бўйин товлаб, ажрашишни афзал билган номардлар туфайли ёлғиз аёллар, етим болалар сони ошаётганига нима дейсиз?

– Бугун бир нарсани унутиб қўйганга ўхшаймиз, – дейди Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Лобар Ҳолбобоева. – Мустақил ҳаётга қадам қўйиб, эртага оила қурадиган йигитлар билан ким ишлайди? Фарзанд тарбияси, оила таъминоти, оталик, эрлик мажбуриятларини бир четга суриб қўйганча, чет элларда юриб ёхуд кўчадан «меҳр»ни пулга сотиб олиб, уйида меҳрга муҳтож рафиқаси, болаларини эсдан чиқариб қўяётган эркакларни ким инсофга чақиради? Менимча, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш вақти келди. Мактабда ўғил болаларни чинакам ватанпарвар этиб тарбиялаш, уларга Ватан, оиладек муқаддас даргоҳда эркак энг муҳим мавқе, мажбуриятга эга эканини уқтириш лозим. Токи улар ўз бурчини чуқур англасинлар, йигитлик ғурурини йўқотмасинлар.

Инсон ўзига ато этилган бахтнинг тўртдан уч қисмини оиладан, атиги бир қисмини бошқа нарсалардан топаркан. Биз ёшларни оилага тайёрлаймиз, деб боғчада «Зумрадойлар давраси», мактабда «Ораста қизлар», «Қизлар клуби», «Қайноналар кенгаши» тузиб, бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Мустақил ҳаёт остонасида турган қизларимизга уй-рўзғор тутуми, пишир-куйдир, тикиш-бичиш, муомала маданиятини пухта эгаллаш, қайнона-қайнотани ота-она ўрнида кўриш кераклигини қайта-қайта уқтиришдан чарчамаяпмиз. Лекин барибир оилада барқарор муҳит, меҳр-оқибат ҳукм суриши кўпроқ эркакларга боғлиқ.

1 191 нафар ота фарзандини таъминлашдан бош тортди

– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, болалар тарбияси издан чиқиб кетишига, аввало, ота-онанинг ажрашиши сабаб бўлмоқда. Ота-оналарнинг сурункали ўзаро жанжали, ажралиши болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатади, қолаверса, бола тарбияси етарли даражада назорат қилинмайди. Отанинг сўзи, юки камлик қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров. – Ажралган ота-она орасида фарзанд тарбияси, эҳтиёжи билан қизиқмайдиганлари оз эмас. Шу тарзда яшаётган айрим ота-оналарнинг фарзанд тарбиясида умуман иштирок этмаслиги, ҳатто фарзанди моддий таъминотини ихтиёрий амалга оширмаётгани ачинарли ҳолат. Буни биргина 2019 йилнинг дастлабки 3 ойида 615 фуқародан суднинг ҳал қилув қарори асосида, 10 758 фуқародан эса суд буйруғи орқали фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш белгиланганида кўриш мумкин. Қолаверса, 1 191 нафар ота ўз фарзандини таъминлашдан бош тортгани учун маъмурий, 3 нафар ота эса жиноий жавобгарликка тортилган. Ваҳоланки, эрнинг аёлидан оилада ҳар жиҳатдан бир поғона устунлиги ҳадиси шарифда ўз аксини топган: «...Киши ўз аҳлига мутасаддидир ва у қўл остидагиларга масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва у қўл остидагиларга масъулдир...»

Бугунги кунда жиноят содир этиб, жазо ўтаётган вояга етмаганларнинг 70 фоиздан кўпроғи ажрашган ёки бошқа юртга ишлаш учун узоқ муддатга кетган ота-она фарзанди экани фикримиз далилидир. Ҳазрат Абдулҳамид Ғаззолий айтганлар: «Билгил! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади...

Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади».

Оиладаги ўзаро муносабатларнинг тўғри йўлга қўйилмагани, ўзаро ҳурмат йўқолгани, оила бошлиқларининг ўзи тарбияга муҳтожлиги, спиртли ичимлик ичишга ружу қўйганлиги (биргина 2019 йилнинг 3 ойида 151 ота (она) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган) ҳам вояга етмаган ёшларнинг келажагига рахна солаётган ҳолатлардан биридир. Умуман олганда, ёшларни ялқовликка, жиноятчилик кўчасига етаклаётган барча ҳолатларнинг бош сабаби бола тарбиясидаги эътиборсизликдир.

Мухтасар айтганда, жамоатчилик асосида вояга етмаган ёшлар, хусусан, ўғил болалар билан алоҳида тизимли тарбиявий ишлар олиб борилишини йўлга қўйиш керак. Жамиятнинг эртанги тақдири бугун болаларимизга қандай таълим-тарбия бераётганимизга боғлиқлигини унутмайлик.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры