2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАМЮРТИМИЗ ХАЛҚАРО ЧЕМПИОНЛИК КАМАРИ СОҲИБИ

Пойтахтимиздаги «Wyndham Tashkent» меҳмонхонасида профессионал бокс кечаси ўтказилди ва мухлислар 8 та вазн тоифаси бўйича жангларга гувоҳ бўлишди. Марказий жанг 69,8 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Равшан Маҳаммаджонов ва угандалик Жума Васва ўртасида кечди.

Биринчи бўлиб рингга 79 кг вазн тоифасидаги боксчиларимиз – Шуҳрат Абдуллаев ва Шоҳруҳ Камолиддинов кўтарилди. Икки андижонлик ўртасидаги ушбу қарама-қаршиликда профессионал боксда ўзининг илк жангини ўтказган Ш. Абдуллаев очколар эвазига ғалаба қозонди.

Иккинчи жанг ҳам андижонлик боксчилар – Муҳаммадсалим Сотволдиев ва Элдор Саидов ўртасида бўлиб ўтди. 66,7 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган бу боксчиларнинг жангида дуранг қайд этилди. 57 кг вазн тоифаси бўйича ўтказилган учинчи жангда андижонлик Абдулазиз Нажмиддинов Тошкент вилояти вакили Ҳусниддин Убайдуллаевни 2-раундда техник нокаутга учратди.

«Wyndham Tashkent»даги бокс оқшомининг тўртинчи ва бешинчи жанглари аввалгиларидан фарқ қилиши кутилганди, чунки бу жанглар олти раундга мўлжалланганди. Бироқ ҳамюртимиз Равшанбек Шерматов (55 кг) шу вақтга қадар 19 марта рингга чиқиб, ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган грузиялик Жаба Мемишинини нокаутга учратиб, ғалаба қозонди. Бокс оқшомининг бешинчи жуфтлиги (66,7 кг) ўртасидаги жанг ҳам олти раундга етиб бормади. Шу пайтга қадар олтита жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган тошкентлик Достон Турдиев бухоролик Ислом Насруллаевни 3-раундда нокаутга учратди.

Ушбу бокс оқшомининг қолган уч жанги 10 раундга мўлжалланган эди, бироқ уларнинг ҳам иккитаси охиригача етиб бормади. Профессионал бокс рингларида «Кичик Тайсон» лақабини орттирган ҳамюртимиз Олим Назаров (50 кг) грузиялик Мишико Шубитидзени 1-раундда, ҳамюртимиз Ҳусниддин Пўлатов (69,8 кг) грузиялик Бадри Гогичашвилини 3-раунддаёқ нокаутга учратди.

«Wyndham Tashkent» бокс оқшомининг марказий жанги, яъни Халқаро (интернационал) чемпионлик камари учун баҳс 69,8 кг вазн тоифасида рингга чиққан тошкентлик Равшан Маҳаммаджонов ва Уганда вакили Жума Васва ўртасида кечди. Томонларнинг бир оз эҳтиёткорлиги ва деярли тенг кураш остида ўтган жангда Равшан жиддий рақибини очколар ҳисобида мағлубиятга учратди ҳамда Халқаро чемпионлик камари соҳиби бўлди. Бу унинг профессионал бокс рингидаги 9-жанги ва 9-ғалабасидир!

Р. ЭРМУҲАММАД

 

Информеры