2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ДЎСТОНА ДЗЮДО

Халқимизга хос бетакрор хислатлар борки, баъзида кузатиб фахрланасан, киши. Миллатимиз мусобақалашишга чоғланган рақибларини дўстга айлантириб, керак бўлса, бирга қўшиқ куйлаб, рақсга туша олади. Яна маҳоратини намойиш этиб, ғолибликка эришади. Боз устига ютиб қўйганига андак хижолат бўлгандек, диплом ва совғалар бериб, миллий либослар туҳфа қилиб кузатиб қўяди.

Ана шундай вазиятга Мудофаа вазирлиги спорт клубида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Покистон Ислом Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ўртасида бўлиб ўтган дзюдо бўйича ўртоқлик чемпионатида гувоҳ бўлдик.

Тантанали очилиш маросимида Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғининг ўринбосари полковник Шуҳрат Икрамов, Дзюдо федерацияси бош котиби Дониёрбек Илҳомов, Покистон Ислом Республикасининг юртимиздаги элчихонаси ҳарбий атташеси Имран Ариф, делегация раҳбари Муҳаммад Абид Мажид, тренер Зафар Иқбол сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилашди. Бу каби мусобақалар икки мамлакат ҳарбий хизматчиларининг жисмонан чиниқишларига, халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидладилар. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг куй-қўшиқларидан сўнг иштирокчилар 7 вазн тоифасида беллашишга киришдилар.

Ўзбек ўғлонлари ҳайбат билан майдон айланади. Виқор билан, ўз-ўзига ишонч билан енгил машқ бажаради. Борган сари тасаввуридаги рақиби кичрайиб боради. Йигитлар спорт устаси эканликларини росмана исботладилар. Барча вазн тоифасида юртимиз спортчилари ғалаба қозонди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – 60 кг вазнда Раҳмон Жумаев, 66 кг вазнда Раҳимжон Субҳанов, 73 кг вазнда Дониёр Султонбоев, 81 кг вазнда Акмал Нажмиддинов, 90 кг вазнда Музаффар Турабоев, 100 кг вазнда Илҳом Жўраев, +100 кг вазнда эса Муҳсин Хисомиддинов покистонлик рақибини доғда қолдирди.

Якунда спортчилар ўзаро совға-салом алмашдилар. Барча иштирокчиларга Мудофаа вазирлигининг дипломи ҳамда эсдалик совғалари, машғулот раҳбарларига ўзбекона миллий либослар топширилди.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры