2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БАЛАНДЛИККА САКРАШ БЎЙИЧА «ОСИЁ ҚИРОЛИЧАСИ»

ҳануз тенгсиз ёхуд армия спортчиларининг навбатдаги медаллари

Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг ­200 нафарга яқин спортчиси қатнашиб, ғолиб­лик учун ўзаро куч синашди. Армия спортчилари ушбу мусобақанинг ­18 та медалига эгалик қилишди. 

Жаҳон спорт жамоатчилиги азал­азалдан енгил атлетикага катта эътибор қаратган. Айниқса, «ахборот асри» деб башорат қилинган ХХI асрнинг бошида бу спорт турини оммавийлаштиришга, уни янада ривожлантиришга кўпгина мамлакатларда алоҳида эътибор берилди. Олимпиада ўйинлари ичида ҳали ҳамон енгил атлетика ўз мавқеини сақлаган ҳолда ҳукмронлик қилмоқда ва у «Олимпия ўйинлари қироли» деб юритилмоқда. йирик мамлакатлар ҳам бу спорт тури бўйича майдонда ўз вакилларининг кўпроқ бўлишини хоҳламоқда. Чунки Олимпиада ўйинларининг сўнгги кунлари ўтказиладиган мазкур спорт тури бўйича финал босқич баҳсларига бутун дунё халқлари эътибори қаратилади. Майдонда спортчилар медаллар учун беллашса, майдон ташқариси ва телеэкранлар қаршисида мамлакатлар қудрати, шаъни, шавкати учун кураш боради. Жажжи давлатлар учун бу баҳсларда ўз вакилининг ғолиб чиқиши эмас (ютуқ бўлса-ку… нур устига аъло нур), балки бутун жаҳон халқлари диққат марказидаги майдонда ўз спортчисининг борлиги, спортчи исм-фамилиясига қўшиб уни камол топтирган Ватан номи тилга олиниши катта муваффақиятдир. юртимизда ҳам «Олимпия ўйинлари қироли»ни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти, турли мусобақалар мунтазам равишда ўтказиб турилибди. Улардан бири мамлакат кубоги баҳсларидир. Юртимиз миқёсидаги барча енгил атлетика мусобақаларида бўлгани каби Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) вакиллари бу сафар ҳам баҳслар майдонида етакчи бўлишди, лекин бу гал олтин медаллар камроқ, кумуш медаллар кўпроқ бўлди.

Яқинда Хитойда бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича икки босқичли Гран-придан 2 та олтин медаль билан қайтган МВСК аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси лейтенант Надежда Дўсанова мамлакат кубоги баҳсларида ҳам баландликка сакраш бўйича ўз тенгсизлигини кўрсатди ва 1-ўринни эгаллади. Таъкидлаш жоиз, бир пайтлар 1,95 метр баландликни осонлик билан забт этиб, кўп карра Ўзбекистон ва Осиё чемпиони бўлган спортчимиз эндиликда, яъни 32 ёшида 1,84 метр натижа билан ғолиб чиқмоқда. Хусусан, Хитой мезбонлик қилган Осиё Гран-присида ҳам у айнан шу натижа билан 2 та олтин медалга эгалик қилди. Яна бир эътиборли жиҳат, Ўзбекистон кубоги учун баҳсларда Надияга (жамоадошлари уни шундай аташади) асосан Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари – Сабина Сайдуллаева ва Вадима Чикалова қаршилик кўрсатди. Демак, клубда  унинг ўрнини босувчи муносиб спортчилар камол топаяпти, буни кубок баҳслари ҳам кўрсатди – С. Сайдуллаева кумуш, В. Чикалова бронза медаль соҳибаси бўлди. Таъкидлаш жоиз, хотин-қизлар ўртасида баландликка сакраш бўйича Ўзбекистон ва Осиё рекордчиси Надежда Дўсановадир. «Осиё қироличаси» бу рекордни 2008 йили ўрнатган ва бунинг тафсилотлари ҳам қизиқарли ва бугунги мавзубоп...

Мураббийлар, спорт мутахассислари «рақобат бор жойда олға интилиш, ўсиш, ривожланиш бор» деган фикрни бот-бот такрорлашади, чунки улар ишининг мазмун-моҳияти ана шу рақобатда очилади, юзага чиқади. Бу оддий аксиома ҳақиқатлигига юртимиз спорт мухлислари ХХI аср бошида, аниқроғи, 2003 – 2008 йилларда спортчилар – Светлана Радзивил ва Надежда Дўсанова ўртасида давом этган соғлом рақобат, яъни гоҳ у, гоҳ бу спортчининг бир-биридан юқорироқ натижа кўрсатиши асносида ҳам гувоҳ бўлишди. Охир-оқибат бу рақобат ҳар иккиси томонидан Осиё рекорди ўрнатилишига олиб келди. Светлана Радзивил 2008 йилнинг май ойида ўтказилган мамлакат кубоги баҳсларида 1,98 метр баландликдан ошиб тушиб, Ўзбекистон ва Осиё рекордини янгилади, орадан икки ой ўтгач, армия спортчиси Надежда Дўсанова Литванинг Каунас шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда ушбу рекордни такрорлади.

Юртимиз спорт мухлислари: «Икки метрлик баландликни икки юлдузимиздан қайси бири олдин забт этаркин, Светланами ёки Надежда?» – деганча Осиёнинг янги рекордини интиқлик билан кутиб турган бир пайтда амалда воқелик тамоман тескарига қараб оғди. Аввалига С. Радзивил жароҳат олиб, маълум муддат мусобақаларда иштирок этолмади. У жароҳатидан фориғ бўлиб, майдонга қайтган паллада, яъни 2012 йил бошида Дўсанова фарзандли бўлди. Ўртадаги танаффус ва рақобатнинг сусайиши уларнинг натижаларига ҳам таъсир қилди. Жумладан, машғулотларда 1,91-1,95 метр баландликдан қийинчиликсиз ошиш кўникмасига эга бўлган Дўсанова халқаро мусобақаларда 1,84-1,87 метр оралиғида натижа қайд эта бошлади. Спортчиларимиз ўртасидаги мазкур рақобат ва воқеликни бежиз эсламаяпмиз, чунки бу басма-баслик бугунги кунда яна тикланмоқда.

Ушбу мақола тайёрланиш жараёнида Н. Дўсанованинг навбатдаги муваффақиятлари хусусида яна иккита хушхабар олдик. Польшанинг Опол шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда спортчимиз 1,86 метр натижа кўрсатиб, ғолиб чиққан, италиялик А. Трост иккинчи, украиналик И. Геращенко 3-ўринни эгаллаган. МВСК аъзоси орадан бир неча кун ўтиб, аниқроғи? 25 июнда Франциянинг Монжерон шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда янада юқорироқ, яъни 1,89 метр натижа кўрсатган ва бу сафар бронза медаль билан кифояланган. Чунки мусобақада эстониялик Г. Удрас ҳам Надия каби 1,89 метр кўрсаткич қайд этган ва Дўсановадан камроқ уриниш сарфлагани учун 2-поғонага кўтарилган. Халқаро турнир ғолиби эса 1,91 метр баландликдан ошиб тушган яна бир юртдошимиз Светлана Радзивил бўлди! Ҳа, лейтенант Н. Дўсанова ва С. Радзивил яна ўзаро рақобат майдонида. 

Надия нафақат баландликка, балки узунликка сакраш бўйича ҳам маҳоратга эга ва у буни «Ўзбекистон кубоги – 2019» баҳсларида ҳам кўрсатди. Қизиғи, бу борада ҳам унга МВСК аъзоси, яъни Алина Яблокова қаршилик қилди ва бу сафар ёшлик устун келди, Алина ғолиб чиқди. Ҳа, узунликка сакраш бўйича ҳам мамлакат кубогининг олтин ва кумуш медаллари армия спортчилари – А. Яблокова ва Н. Дўсановага топширилди.

МВСК ҳисобига учинчи олтин медални Дмитрий Мельситов келтирди, у эркаклар ўртасидаги баландликка сакраш бўйича баҳсларда ғолиб чиқди. Армиячилар ҳисобидаги тўртинчи олтин медаль Бобур Шокиржоновга тегишли бўлди, у найза улоқтириш бўйича юқори натижа кўрсатди.

Армия спортчиси Улуғбек Муртозаевдан бу гал бироз омад юз ўгирди, яъни 100 ва 200 метрга югуриш баҳсларида қатнашган тезкор югурувчи ҳар иккиси бўйича ҳам маррани 2-бўлиб кесиб ўтди ҳамда 2 та кумуш медаль билан кифояланди. Шунингдек, МВСК аъзоларидан 100 метрга тўсиқлар оша югуриш бўйича Саидахон Абдумўминова ва Анвар Сафаров, лангар чўпга таяниб сакраш бўйича Азиз Сейтажиев, узунликка сакраш бўйича Беҳзод Алимуродов, уч ҳатлаб сакраш бўйича Ислом Сибагатулин, ядро улоқтириш бўйича Андрей Ретумский кубок баҳсларининг кумуш медалини қўлга киритди.

Лангар чўпга таяниб сакраш бўйича В. Перегудова ва А. Тўрақулов юқори натижа кўрсатди. Диск, ядро, найза ва босқон улоқтириш бўйича баҳсларда Ж. Тилаволдихўжаев, Р.Содиқов, Ш. Юсупова, С. Бурхонова, С. Эркинова, Р. Адашбоева ғолиб чиқди. Бу борада МВСК аъзоларидан Максима Мутасова (ядро улоқтириш) ва Дарья Кашиновой (босқон улоқтириш) бронза медални қўлга киритди.

Армия енгил атлетикачилари мамлакатимиз миқёсидаги мусобақаларда ҳар йили етакчи бўлган ва камида 200 та медалга эгалик қилган. Бу гал Ўзбекистон кубоги баҳсларининг 4 та олтин, 11 та кумуш, 3 та бронза, жами 18 та медали МВСК аъзоларига тегишли бўлди. Уларни ва юртимиз етакчи енгил атлетикачиларини олдинда мамлакат ҳамда халқаро миқёсдаги бир қатор мусобақалар кутмоқда. Бу турнирлар ушбу спорт тури вакиллари учун келгуси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига саралаш, балл тўплаш ва ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтайди.

РЕКОРДЛАР

Хотин-қизлар ўртасида баландликка сакраш бўйича жаҳон рекорди 2,09 метр бўлиб, у 1987 йили Берлинда болгариялик Стевка Костадинова томонидан, Олимпиада рекорди эса 2,06 метр бўлиб, у 2004 йили россиялик Елена Слесаренко томонидан ўрнатилган

 

Расул ЖУМАЕВ

 

 

Информеры