2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ШВЕЙЦАРИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Европанинг марказий қисмида жойлашган Швейцария Конфедерациясининг ташқи сиёсати бетарафлик (нейтралитет) тамойилига асосланган бўлиб, шу сабабли мамлакат нафақат НАТО сингари ҳарбий блоклар, балки Европа Иттифоқи таркибига  ҳам кирмайди ва ҳеч қандай ҳарбий тўқнашувларга аралашмайди. Давлат сиёсатининг таркибий қисми ҳисобланувчи ҳарбий қурилиш соҳаси Швейцарияда қисқа муддатли мажбурий ҳарбий хизмат ва мунтазам равишдаги қайта тайёргарликни кўзда тутувчи ноёб милицион тизимга асосланган (Швеция ва Исроил ҳам қисман шу тизимни ўзлаштирган).

Мазкур тизимнинг ўзига хос хусусияти шундаки, мамлакат аҳолисининг ҳарбий хизматни ўтаган барча эркак фуқароларига берилган ҳарбий кийим-бош ва қуроллар уларнинг уйларида сақланади. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад – зарурат туғилганда армиянинг юқори сафарбарлик ва шайлик даражасини таъминлашдан иборат. 2013 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган референдумда мамлакат фуқаролари мазкур тизимни сақлаб қолишни ёқлаб овоз берган.  

Швейцария Қуролли Кучлари аралаш (шартнома-чақирув) усулида бутланади. Мамлакат ҳудудида яшовчи ва фуқаро мақомига эга бўлган, тиббий кенгаш томонидан ҳарбий хизматга яроқли деб топилган 17 – 31 ёшдаги барча эркаклар армия сафида хизматни ўташга мажбур ҳисобланади. Хизмат муддати оддий аскарлар учун 260 кунни ташкил этади. Аёллар эса фақат ихтиёрий асосда хизматни қилишлари мумкин. Тиббий кўрикдан ўтолмаган чақирилувчилар хизматни фуқаро мудофааси бўлинмаларида ўтайди. Диний эътиқодига кўра, хизмат қилишдан бош тортувчи фуқаролар муқобил фуқаролик хизматини ўташлари мумкин, аммо унинг муддати оддий хизмат муддатидан 1,5 баравар кўпроқни (ўртача 390 кун) ташкил этади. Диққатга сазовор томони шундаки, агар чақирилувчи ҳарбий хизматга яроқли ёки шартли равишда яроқли бўлса, аммо маълум сабабларга кўра хизматни ўташ имкони бўлмаса, у 30 ёшга тўлгунича ишлаб топадиган йиллик даромадининг 3 фоизи миқдорида ҳарбий солиқ тўлашга мажбур бўлади.

Ҳарбий хизматга чақирилган янги аскарлар 18 – 21 ҳафта мобайнида (қўшин турига боғлиқ равишда) «рек­рутлар мактаби»да таълим олади ва хизмат қилади. Агар чақирилувчи гренадёр (сараланган қўшин)лар таркибида хизмат қилиш истагида бўлса, таълим олиш муддати 25 ҳафтани ташкил этади. Шундан сўнг барча аскарлар, юқорида айтиб ўтилганидек, ўз кийим-боши, қуроли ва бошқа ҳарбий анжомлари билан уйига қайтади ҳамда кейинчалик ҳар йили 2-3 ҳафталик қайта тайёрлаш курсларига чақириб турилади (30 ёшга тўлгунича).

Швейцария етарли даражада қудратли ҳарбий-саноат комплексига эга бўлиб, маҳаллий корхоналарда мамлакат армияси ва экспорт учун мўлжалланган турли типдаги ҳарбий техника ва қуроллар, шу жумладан турли типдаги «Пирана» русумли ғилдиракли зирҳли транспортёрлар, ўқув ва енгил транспорт самолётлари ҳамда зенит тўплари ишлаб чиқарилади. Шунингдек, Қуролли Кучлар эҳтиёжи учун зарурий жанговар техника Германия, АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Швеция каби мамлакатлардан харид қилинади.

Швейцария Қуролли Кучлари Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво кучлари ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларидан ташкил топган. Денгизга чиқиш йўллари йўқлиги сабабли мамлакат ҳарбий денгиз флотига эга эмас. Женева ва Боден кўлларида давлат чегарасини қўриқлаш учун муҳандислик қисмларининг патруль қайиқларидан фойдаланилади. Доимий хизматдаги ҳарбийлар сони 4,3 минг киши, тўла сафарбарлик даврида эса 200 минг кишига етиши мумкин. Ҳарбий харажатлар учун ажратиладиган маблағ миқдори 3,82 млрд долларни ташкил этади

Қуруқликдаги қўшинлар

Швейцария армияси асосини ташкил этувчи бу турдаги қўшинлар таркибида мамлакатдаги барча ҳарбийларнинг учдан икки қисми хизмат қилади. Ҳар йили таркибга 6000 нафарга яқин янги аскар ва 1000 нафар офицер ҳамда унтер-офицерлар қўшилади. Қуруқликдаги қўшинлар бригадалар, ҳудудий минтақалар ва ўқув бўлинмаларига тақсимланган. Бригадалар қўшиннинг зарбдор қисми бўлиб, улар таркибига зарбдор, пиёдалар ва тоғ пиёдалари қисмлари киради. Ҳудудий минтақалар маҳаллий ҳокимият (кантонлар) вакиллари билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Ўқув бўлинмалари эса чақирилувчилар ва ҳарбий хизматчилар тайёргарлиги билан шуғулланади.

Қуруқликдаги қўшинлар таркибидан 4 та пиёда, 3 та тоғ пиёдаси ва 2 бронетанк бригадаси, 4 та ҳудудий дивизия, ҳарбий хавфсизлик бўлинмалари ва ўқув қўмондонлиги жой олган. Қўшин ихтиёрида турли русумдаги 556 та танк (улардан 355 таси «Леопард-2» русумли), 446 та жанговар разведка машинаси, 127 та пиёдалар жанговар машинаси, 1000 дан зиёд зирҳли транспортёр, 155 мм.ли ўзиюрар гаубица (550 та), 81 ва 120 мм.ли миномёт (660 та), танкка қарши бошқарилувчи ракеталарни ишга тушириш қурилмаси (3000 дан ортиқ), «Стингер» русумли кўчма зенит-ракета комплекслари ва 12 мингдан зиёд турли типдаги гранатомётлар бор.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Миллий Қуролли Кучларнинг ажралмас қисми ҳисобланувчи Ҳарбий ҳаво кучлари асосан «полиция» хизматини ўтайди. Ҳарбий авиация ҳар куни хориж мамлакатлари ҳаво кемаларининг Швейцария ҳудуди узра учиб ўтиш учун олган рухсатномаларини текширади. Бундай вазифани бажаришга 26 000 нафарга яқин ҳарбий хизматчи ва 1 600 нафар офицер жалб этилган бўлиб, бу мамлакатнинг «чақирилмаган меҳмонлар»дан максимал ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини беради.

Ҳарбий ҳаво кучлари тасарруфида F-18, F-25С, F-5D русумли 30 та  замонавий  ҳамда F-5 типидаги анча эскирган (38 та) қирувчи самолёт (барчаси АҚШдан харид қилинган), «Бич-350», «Бич-1 900D», «Цессна-560», «Фалкон-900» (АҚШ), DHC-6  (Канада) ҳамда маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган PC-6, PC-12 русумли 20 та транспорт ва 50 дан ортиқ турли типдаги ўқув самолётлари, шунингдек, AS332, AS532 (Франция) ва EC635 (Европа) русумли 45 та вертолёт бор.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры