2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

77 НАФАР ХУСУСИЙ ТАДБИРКОР!

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида «Ҳарбийлар оила аъзоларини тадбиркорликка йўналтириш иқтисодий муваффақият пойдевори» мавзуида республика тадбиркор хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.

Унда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ўктам Бўтаев, шунингдек, тадбиркорлар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.

– Давлатимиз раҳбари илгари сурган ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйишга қаратилган бешта ташаббусдан бири сифатида муҳим ижтимоий масалалар қаторида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратилди, – деди генерал-майор А. Икрамов. – Ўтган давр мобайнида Мудофаа вазирлиги тизимида ташкил этилган меҳнат ярмаркалари натижасида 273 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари қатнашиб, улардан 210 нафарига ўзлари ихтисослашган соҳа бўйича маслаҳатлар берилди, шу йилнинг май ойи ҳолатига кўра, ҳарбий хизматчилар турмуш ўртоқларининг 77 нафари хусусий тадбиркор сифатида ўз ишини бошлади.

– Кўп йиллардан бери бола тарбияси билан шуғулландим, турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи, – дейди тадбиркор Моҳира Султонова. – Ҳозир миллий матоларимиздан замонавий либослар яратмоқдамиз. Бугунги кунда ўн беш нафар ҳарбий оила бекаларини иш билан таъминладим. Либосларимизга чет эллик меҳмонлар ҳам қизиқмоқда. Британия, Россия, Франциядан келган ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда либосларимизни жаҳон бозорида сотиш ниятимиз бор.

Форум давомида хотин-қизлар тадбиркорлигини кенг йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами, уларга хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда тижорат банклари томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар юзасидан тушунтириш, таклиф ва тавсиялар берилди.

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

 

Информеры