2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ТУРОН» ИНСТИТУТДА

Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари яшаш тарзи ва муаммоларини ўрганиш, тадбиркорликка йўналтириш, бандлигини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар хусусида маълумотлар берилди. Ёзги таътил даврида ҳарбий хизматчилар фарзандларининг бўш вақтини мароқли ўтказиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Шундан сўнг навбат Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги «Турон» давлат ҳарбий театр-студияси ижодий жамоасига берилди.

– Бугун Чингиз Айтматовнинг «Сарвиқомат дилбарим» асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш қилинди, – дейди «Турон» давлат ҳарбий  театр-студияси актёри Эркин Бозоров. – Спектаклда инсонни фикрлашга, ўз-ўзини мушоҳада қилишга ундовчи қаҳрамонлар кўп.  Уларнинг ҳар бири ёшларни сабр-тоқатли бўлишга, оиласини асраб-авайлашга ўргатади.

Тадбир курсантларда қандай таассурот қолдирганига қизиқдик.

– Инсон қачон теран фикрлайди, қачонки маънан бой ва кенг дунёқарашга эга бўлса, – дейди курсант Иззат Товолдиев. – Бугун намойиш этилган спектаклдан ўзимиз учун керакли маънавий озуқа олдик. Чунончи, инсон ҳаёт синовларига дуч келганда тўғри қарор қабул қила олиши, оиласини қадрлаши лозимлигини хулоса қилдик.

Умида ЮСУПОВА

 

Информеры