2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АРМИЯ ЖАНГОВАР ҚУДРАТИ

қарийб икки баробар ошди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида амалга оширилаётган ишлар, кенг кўламли ислоҳотлар, навбатдаги режа ва мақсадларга бағишланган «Мудофаа тизимидаги ислоҳотлардан мақсад мамлакатимиз хавфсизлиги ва халқимиз тинчлигини таъминлаш» мавзуидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи ўринбосари полковник Шуҳрат Икрамов ва бошқа масъул офицерлар иштирок этди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 28 ноябрда ўтказилган Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида мудофаа саноати ва ҳарбий таълимни ривожлантириш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш борасида белгилаб берилган вазифалар ижросига бағишланди. Маълум қилинишича, ўтган давр мобайнида Мудофаа вазирлиги қўшинларида 230 дан ортиқ махсус-тактик ўқувлар, 45 га яқин ҳамкорликдаги тадбирлар ўтказилган. Натижада жанговар самарадорлик 10-12 фоизга, жанговар қудрат қарийб икки баробар ошгани қайд этилди. Қўшинларнинг операцион йўналишларда ўтказилган текширувлар натижасига кўра, Мудофаа вазирлиги қўшинлари вазифаларни бажаришга жанговар шай деб баҳоланди.

Мудофаа вазирлиги тизимининг очиқлигини, армиянинг халққа яқинлигини таъминлаш мақсадида вазирлик матбуот хизмати, «Vatanparvar» Бирлашган таҳририяти, Қуролли Кучлар Медиа маркази негизида янги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти, шунингдек, барча ҳарбий округларда матбуот хизматлари ташкил этилди. Бундан ташқари департамент ходимларининг ижодий самарадорлигини ошириш учун «Медиа иккилик» ва «Медиа учлик» гуруҳлари тузилди. Мобиль медиа марказ лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳарбий округларнинг расмий веб-сайтлари ишга туширилди.

Шунингдек, бузғунчи ва ёт ғоялар, мафкуралар таъсирига тушиб қолган ёшларни соғлом турмуш тарзига қайтариш бўйича Мудофаа вазирлиги томонидан 14 та тарғибот гуруҳи шакллантирилиб, 577 марта ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий, спорт ва бошқа тадбирлар ташкил қилинди.

Офицерларнинг интеллектуал салоҳиятини, сиёсат, мафкура ва психология бўйича билимларини ошириш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 144 соатлик махсус курслар ташкил этилиб, илк битирувчилар қўшинларда хизматини давом эттирмоқда.

Анжуман мобайнида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам батафсил жавоблар олдилар.

Айжамал ОРТИҚАЛИЕВА

Информеры