2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЭНГ ИЛҒОР МУТАХАССИС»ЛАР УЧУН НООДАТИЙ ШАРТ

Мудофаа вазирлиги тизимида ҳар йили мунтазам ўтказиб келинаётган «Энг илғор мутахассис» танлови ҳарбий хизматчиларнинг жанговар, маънавий-маърифий ҳамда жисмоний тайёргарликларини ошириб, ўз мутахассисликлари бўйича имконият даражаларини сайқаллаб боришлари учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Албатта, бу жараён ўз-ўзидан танлов арафасидагина намойиш этилмайди. Аксинча, барча округда ҳарбий хизматчилар жанговар тайёргарлик бўйича ўқув йили давомида нималарга қодир эканликларини синовдан ўтказади.

Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм полигонида «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловининг биринчи – Тошкент ҳарбий округи босқичига старт берилди. Бунда мутахассислар жанговар ва якка тартибдаги қуроллардан нишонларни йўқ қилиш бўйича маҳоратини кўрсатди.

– Тошкент ҳарбий округининг жанговар тайёргарлик режасига асосан ҳарбий қисмимизда батальонлар, алоҳида взводлар орасидан кучли мутахассислар сараланади, – дейди подполковник Шуҳрат Исмоилов. – Мазкур танловни ўтказишдан мақсад, Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтиришдир.

Якка тартибдаги қуроллардан нишонларни йўқ қилиш баҳсларини кузатар эканмиз, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Отабек Эшжонов диққатимиз марказида бўлди. Унинг мерганлик қобилияти сафдошларига-да ўрнак бўлгулик. «Йиқилган» нишон қайта қад ростлади, дегунча Отабек уни яна жойига «ётқизиб» қўяверади.

Шунингдек, ҳарбий хизматчилар оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, қўл жанги ҳамда мураккаб жисмоний машқларни бажариш бў­йича баҳсларга киришди.

Кўрик-танловнинг энг қизғин палласидамиз. Шу пайт нишонлар кўриниб турган майдонда олов ёниб, оппоқ қалин тутун кўкка бўй чўзди. Жазирама иссиқ ва кучли шамол «тилсиз ёв»га сепилган керосин бўлди-қолди. Ҳарбий хизматчилар буйруқ асосида оловни ўчиришга киришиб кетди ва олов бартараф этилди. Бу «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловида кўрсатиб ўтилмаган шарт бўлди, гўё. Бундай кутилмаган вазиятлар Ватан ҳимоячиларининг ҳар қандай ҳолатга тайёр туришлари учун хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Кўрик-танлов якунига кўра, барча бўлинмалар орасидан сараланган энг илғорлар округ миқёсида бўлиб ўтадиган беллашувларга жалб этиладиган бўлди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры