2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ВАТАНПАРВАРЛАР БОҒИ»ДАГИ КЎРГАЗМА

Мудофаа вазирлиги тизимидаги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишловчи мутахассисларнинг ўқув-услубий йиғини иштирокчилари эътиборига Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ижросига бағишлаб амалга оширилаётган ишлар Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлар боғи»да ташкил этилган кўргазмали ўқув жойларида намойиш этилди.

Дастлаб Мудофаа вазирлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассис Зулфия Мансурова йиғин иштирокчиларига тушунча бериб ўтди. Шундан сўнг иштирокчилар ўқув жойларини айланиб чиқди. Шунингдек, улар мазкур боғдаги олис ва яқин тарихимизни акс эттирувчи экспонатлар билан танишди.

Биринчи ташаббус. Иштирокчилар эътиборига Қашқадарё вилояти маданият бошқармаси қошидаги фольклор ансамблининг, Қарши шаҳар маданият маркази қошидаги доирачилар тўгарагида қатнашаётган ўқувчи ёшларнинг чиқиши ҳамда марказда ташкил этилган болалар тасвирий санъат тўгараги фаолияти намойиш этилди.

Иккинчи ташаббус. Ташкил этилган ўқув нуқталаридан бирида сунъий тоғ қоясига кўтарилиб-тушишни тоғ тайёргарлиги бўйича мутахассислар йўриқчи сержант Озоджон Самихонов бошчилигида ёшларга ўргатаётган бўлса, мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашига қарашли ўқув-спорт техника клубларида йўлга қўйилган ҳаво милтиғидан ўқ отиш, Қарши шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги камондан отиш тўгараклари фаолияти кўрсатилди.

Учинчи ташаббус. Ҳарбий хизматчилар ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали мутахассисларидан иборат мутахассислар гуруҳи уюшмаган ёшларни компьютер саводхонлигига жалб этиш бўйича олиб бораётган ишларини кўргазмали тарзда намойиш этди.

Тўртинчи ташаббус. Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Машҳура Назарова шу куни боғда китоб ярмаркаси ташкил этиб, китобхонларни хурсанд қилди. Тадбиркор бундан ташқари ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳам тез-тез ярмарка уюштириб, мутолаа иштиёқмандларининг кўнглига йўл топиб келар экан.

Бешинчи ташаббус. Ўзбекистон «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар ассоциацияси Қашқадарё вилояти бўлими раиси Ойниса Очилова раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамият фаолияти мисолида кўрсатиб берилди. Унда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш ва бевосита жамият қошидаги «Уста – шогирд мактаби»да касбга йўналтирилган аёллар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди. Шунингдек, бекаларга касаначилик ва тадбиркорлик бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Ёшин ҲАКИМОВ

Информеры