2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ ЖАМОАСИ

мусобақага тайёр!

Ўзбекистон армиясининг кун сайин юксалиб, куч-қудратга тўлиб бораётгани халқаро армия ўйинларида қўлга киритаётган ютуқларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Ғалаба эса ўз-ўзидан ёки чиройли кўзу қошга қараб тортиқ этиладиган неъмат эмас. Буларнинг замирида тинимсиз меҳнат, машаққат, машқларда тобланган метин ирода ва энг асосийси, она Ватанга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат мужассам.

Айни дамда халқаро армия ўйинларига киритилган РЕМБАТ – «Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони» кўрик-танловига Мудофаа вазирлиги жамоаси ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Мусобақа шу йилнинг 3 – 17 август кунлари Россия Федерациясининг Омск шаҳрида бўлиб ўтади. «Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони» кўрик-танлови ташкил этилганига 3 йил бўлган бўлса, жамоамиз мазкур баҳсда иштирок этишга илк бор киришмоқда.

Одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган Чирчиқ полигонида капитан Ҳусан Муҳаммадиев бошчилигидаги жамоа уч босқичли машғулотларни бажаришга киришган. Йигитларга жанговар техникаларни бошқаришда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, топширилган вазифасини ўз вақтида ва энг муҳими, камчилик-нуқсонларсиз адо этиш уқтирилмоқда. Аёнки, машғулот ва жанг ҳолатида юқори натижага эришиш учун таъмир ва эвакуацияга кучли зарурат сезилади. Мусобақанинг қанчалик аҳамиятли эканини шундан ҳам сезиш мумкин. 

– Олдимизда турган вазифа жудаям масъулиятли ва буни мусобақада қатнашадиган ҳар бир мутахассис ич-ичидан ҳис этиб турибди, – дейди подполковник Исмоил Наврўзов. – Энг муҳими, йигитларнинг ўзларига бўлган ишончи мустаҳкам. Тинимсиз олиб борилаётган машғулотлар эса бизни ғалаба сари тобора яқинлаштириб бораверади. Насиб қилса, юртимизга ғалаба билан қайтиб келамиз.

И. НУРАЛИЕВ

Информеры