2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САҲРОДАГИ ТЎҚНАШУВ

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Термиз дала-ўқув майдонига туташ қумли саҳро. Майор Муҳиддин Қўрғонов командирлик қилаётган батальон шахсий таркиби шартли душман кучларини тор-мор этишга қаратилган жанговар операцияда иштирок этмоқда. Ҳудуд паст-баландликлардан иборат. Оёқ ости юмшоқ қум бўлгани боис ҳаракатланиш бир оз мушкул. Бу ерлар бир пайтлар сувнинг остида бўлган. Кўҳна Амударё шу ерга яқин ҳудуддан оқиб ўтиши ҳам фикримизни исботлайди.

Юқори қўмондонликдан олинган тезкор маълумотга асосан «Йиғин!» сигнали бўйича кўтарилиб, жанговар шай ҳолатга келтирилган батальон ҳарбий техникалар воситасида кўзда тутилган манзилга жадал етиб келиб позицияларни эгаллади.

Машғулот шартига кўра, улар олдинга ҳаракатланаётган шартли душман кучларини жанговар операция ўтказиб йўқ қилиши керак. Вазиятни чамалаган командир батальонни гуруҳларга ажратди ва ҳар бирига тегишли вазифалар белгилади. Шахсий таркибга алоқанинг узлуксиз таъминланиши қатъий уқтирилди.

Шундан сўнг юқори қўмондонлик билан боғланган командир вазият юзасидан аниқ ахборот бериб, қабул қилган қарорини билдирди. Юқори қўмондонликдан жанговар операцияни авиация ва артиллерия кучлари билан ҳамкорликда ўтказиш буюрилди. Жанговар ҳаракат режаси мувофиқлаштирилди ҳамда ҳудуд ва шартли душман куч ва воситалари ҳарбий вертолётлар ёрдамида ҳаводан разведка қилинди. Алоқа воситаси орқали жой координаталари артиллериячи мутахассисларга етказилди.

Шартли душманга дастлабки зарбалар вертолётлардан берилгач, навбат артиллерия қуролларига келди. Кетма-кет оташ пуркаётган «оловли қалқон»нинг шиддатидан ўзини панага олишга интилаётган шартли душманни мотоўқчилар ҳам муносиб кутиб олди. Танк, БТР ҳамда пиёдаларнинг турли ўқотар қуроллардан берган узлуксиз ва қақшатқич зарбалари шартли душман кучларини анча заифлаштирди. Бироқ улар ҳамон ҳужум қилиб келишарди. Захира кучларни ишга соладиган пайт келди. Командирнинг буйруғига биноан ҳарбий техникалар воситасида етиб келган захира кучларнинг шиддатли зарбаси жанг тақдирини ҳал қилди. Шартли душман батамом тор-мор этилди. Ҳудудда тозалаш ишлари ўтказилиши билан операция якунига етди.

– Машғулотда бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро жипсликда ҳаракатланишга интилдик, – дейди майор Муҳиддин Қўрғонов. – Шахсий таркиб ҳар бир аъзоси қўйилган вазифани индивидуал ва гуруҳ таркибида сифатли адо этди. Жумладан, БТР ҳарбий техникаси экипажи – катта лейтенант Фирдавс Умаров, катта техник сержант Олим Маҳамадов, мўлжалга олувчи шартнома бўйича ҳарбий хизмат оддий аскари Зоҳид Максимов, мерганлардан шартнома бўйича ҳарбий хизмат оддий аскари Суннат Қодиров, гранатомётчи, шартнома бўйича ҳарбий хизмат оддий аскари Жасур Тўхтаев, ўқчи шартнома бўйича ҳарбий хизмат оддий аскари Ҳамидулла Маматхонов, танк экипажи – лейтенант Муса Исаков, мўлжалга олувчи сержант Равшан Арабов, механик ҳайдовчи шартнома бўйича ҳарбий хизмат оддий аскари Муҳаммад Жумаев энг илғорлардан бўлди. Шунингдек, жанговар тайёргарлик бўйича масъул офицер капитан Нодир Аланговнинг фидойилигини ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Бу каби амалий машғулотларни кўпроқ ўтказиб, машғулотдан-машғулотга жанговар маҳоратимизни ошириб бораверамиз. Ватанимиз тинчлигини ҳамиша сергаклик билан ҳимоя қиламиз.

Ёшин ҲАКИМОВ

 

Информеры