2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ИНСТИТУТДА ИЛК УЧИРМА

Оппоқ кўйлак ва унга қадалган худди шу рангдаги погонлар, бир жуфт юлдузча. Юз-кўзларда ўта кўтаринки кайфият. Нигоҳларда орзиқиб кутилган воқеа акси. Тилакларда «оқ йўл» жаранги. Юракларда ажиб энтикиш ва ҳаяжон саси... Олий ҳарбий таълим муассасаларида ўтказилувчи битирув тадбирларига гувоҳ бўлсангиз, таассуротсиз қайтмайсиз.

Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида бўлиб ўтган битирув тадбирида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.

Баъзан ички кечинмаларни унсиз ифодалаш мумкин. Масалан, тадбир жараёнини фотоаппарат хотирасига муҳрлаш учун турли суратларни олдим. Улар орасида икки битирувчи ёнма-ён тушгани ҳам бор. Мен ушбу йигитларни илгари ҳам суратга олганман. Нурмуҳаммад Мансуров курсантлар орасидаги халқаро Олимпиадада иштирок этган. Жамоадошлари билан биргаликда уларни аэропортда кутиб олиш тантаналарида кўрган эдим.

Файзулло Тошов эса Мудофаа вазирлигининг терма жамоаси таркибида бир неча бор «Қув­ноқлар ва зукколар ҳамдўстлиги» халқаро фестивалида иштирок этган. Уларни кутиб олган кенг жамоатчилик орасида мен ҳам бор эдим. Ўша воқеаларни яхши эслайман. Зафарли одимлар завқи, нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиш масъулияти. Бироқ буларни битирув қувончига менгзамаган бўлардим. Унда улар курсант эди. Ҳозир эса офицер. Ҳа, ёш, тажрибасиз, ўрганадигани ўрганганидан кўп. Кичик бўлинмага бўлса-да командир. Бир кишига бўлса ҳамки бошлиқ. Энди уларнинг шахсий таркиби бор. «Яхшилаб ўқи», дейдиган, хатосини ёшликка йўядиган устозлари йўқ. Орттирилган билим ва кўникма реал воқелик билан тўқнаш келган палла. Мен улар билан кўп суҳбатлашмадим. Қисқа табрик билан кифояландим. Узоқроқ суҳбатни ортроққа суришга қарор қилдим. Ҳарбий қисмда, бевосита ҳарбий хизматни ўташ жойида дийдорлашармиз, насиб этса.

Орзиқли, орзули илк офицерлик унвонига эришганларнинг қувончи чексиз. Миллий армиямиз фаолиятининг катта оқимига қўшилаётган ёш ҳарбий мутахассисларга омад тилаймиз.

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ

 

Информеры