2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ФАРҲОДБЕК УЧИНЧИ ДОВОННИ ЗАБТ ЭТДИ

Қуролли Кучлар академиясида навбатдаги битирувчиларга диплом ҳамда кўкрак нишонларини топширишга бағишланган маросим бу йил ўзгача тарзда кечди.

Тадбирда мудофаа вазири ва вазир ўринбосарлари, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда турли қўшинлар вакиллари, академиянинг профессор-ўқитувчилари, фахрийлар ва битирувчиларнинг яқинлари иштирок этди.

Тантана муносабати билан академия ҳудуди байрамона қиёфа касб этган. Саф майдонида тўрт йиллик таҳсилни якунлаган ўғлонлар қўр тўкиб турибди.

Мудофаа вазири ўринбосари – Қуролли Кучлар академияси бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбоновга шахсий таркиб битирув тантанасига тайёр экани ҳақида билдирув бергач, тадбир бошланди.

Дилларга ҳаяжон ва ғурур бағиш­лаб, миллий мадҳиямиз янг­ради.

Мудофаа вазирининг буйруғи ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг тантанали равишда битирувчиларга диплом ҳамда кўкрак нишонлари топширилди.

Битирувчиларни мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов қутлар экан, бугун миллий армиямизнинг жанговар қудрати ва обрўси тобора ошиб бораётганини, халқаро ҳарбий мусобақаларда вакилларимиз энг илғор натижаларни қайд этаётганини таъкидлади. Шунингдек, ҳарб санъатидан мукаммал сабоқ олган, билим ва маҳорати юксак, ғайратли ва шижоатли битирувчи ёш офицерларга келгуси хизмат фаолиятларида омад ёр бўлишини тилади.

Битирувчиларни Ўзбекистон халқ артисти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Афзал Рафиқов ва ота-оналар номидан Сайёра Бердиқулова ҳам қутлади.

Битирувчилар номидан сўзга чиққан лейтенант Бахтиёр Маликов олган билимларини юртимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш йўлида сарф этишга барча сафдошлари номидан ваъда берди.

– Бугун ҳаётимдаги учинчи довонни муваффақиятли забт этдим, – дейди имтиёзли диплом соҳиби лейтенант Фарҳодбек Турсунов. – Бундай дейишимга сабаб, мен тўлиқсиз ўрта мактабни ҳам, ўрта махсус касб-ҳунар таълими масканини ҳам аъло баҳоларга тамомлаганман. Мана, бугун мамлакатимиздаги энг обрўли, ҳарбий таълим тизимидаги таянч олий ҳарбий таълим муассасаси бўлган Қуролли Кучлар академия­сини ҳам имтиёзли диплом билан тамомладим. Бундан албатта, хурсандман. Офицер сифатида хизмат бурчимни ўташга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирига юбориляпман. Таҳсил давомида олган билимларимни юртимиз тинчлигини ишончли ҳимоя қилиш ва осойишталигимизни асраш йўлида сарфлайман. Битирув тантанасига азиз онажоним ва яқинларимнинг етиб келгани қувончимга қувонч улашди.

Тадбирнинг бадиий қисми ҳам барчага манзур бўлди. Она Ватанни ҳимоя қилиш нақадар юксак шараф эканини ифодалаб, тарихий шахслар тилидан ватанпарварлик мавзусидаги монологлар «Турон» ҳарбий театри актёрлари томонидан айтилди. Академия фахрий қоровул взводининг кўргазмали чиқиши, курсантлар томонидан намойиш этилган Шарқ яккакураш намуналари, шунингдек, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар тантанага янада файз бағишлади.

Ёшин ҲАКИМОВ

Информеры