2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БАЙРОҚҚА ЭГИЛУР, БУ АЗИЗ БОШЛАР!

Бу бобонинг ёши тўқсонларга яқинлашиб қолган: аравачада ўтирибди, оппоқ қошлари жавдироқ кўзларини тўсаёзган. Баландда чайқалиб турган чинор новдаси бу нуронийнинг юзини гоҳ соялатади, гоҳ соқолини ялтиратади...

Тундаги воқеа: қўшиқ ҳаприқиб саф майдонига яқинлашар, кечки йўқламада овозлар киши билмас титрар, тун дазмолга навбатда турар, енглари қилич дамидек байрам кийимлари илгакларда – даҳлизлардан даҳлизларга шошиб ўтиб, хоналарга кириб кетар, чироқлар негадир ухламас ва аллақандай дилгир, аммо юрак қирраларида нурланажак оғушда эди...

* * *

Тонг. Чирчиқ. Ҳаммаси қоришиб кетган. Бобо-момолар, ота-оналар, жигарлару дўстларнинг бари жам бўлган. Улар кутиб туришибди! Барча яқинларинг билан бир йўла, сен ҳеч қачон тасаввурингга сиғдирмаган масканда рўбарў келиш... ажабтовур...

Оқ атиргуллар билан безатилган минбарга тикилиб турган одамлар бир он тек қотди: мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Бош штаб бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев, унинг ёнида мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуролланиш бўйича ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари кўриниш берди.

Саф майдонини Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг Жанговар байроғи кесиб ўтмоқда! Тизилиб турганларнинг бирови ҳам нафас олиш тугул, ҳатто ютинмай турди.

Ногоҳ қадрдон исмлар янграй бошлади, улар бир-бир саф ўртасига келди: анави АК-74 ни жанговар ҳолатга келтириш учун тўғрилагич ясаган курсант – Шерзод Тошқулов, анави Т-72 га камера ўрнатган курсант – Зайниддин Адашев! Яна қиёфаси ёд бўлиб кетган ўнлаб азаматлар. Булар энди – лейтенантлар! Мана, бирма-бир Мудофаа вазирлиги қўмондонлиги, билим юртининг жонкуяр офицерлари қўлидан диплом олишмоқда!

Лейтенантларнинг садоқат изҳорини оналар кўз ёши, оталар ғурур билан тинглар, ака-ука ва дўстлар телефони хотирасига муҳрлайди.

Билим юрти бошлиғи битирувчи лейтенантларга диплом берилгани ва уларнинг ҳарбий округларга тақсимлангани ҳақида мудофаа вазирининг биринчи ўринбосарига билдирги берди.

– Сизларни илк офицерлик унвонини олганингиз билан табриклайман, – деди генерал-майор Павел Эргашев.

(Ҳайқириқ, ҳайқириқ, ҳайқириқ...)

Сўнг кўпни кўрган генерал ва полковниклар ёш офицерларга офицерлик шарафи ва унга мудом лойиқ бўлиш заруратини уқтирар, уларга у эмас-бу эмас Ватан ишонч билдирганини ва ишончни оқлаш лозимлигини таъкидлар, бошқа сўзловчилар ҳам қутлар ва муваффақият тиларди.

– Сўнгги бора билим юрти Жанговар байроғига ҳурмат бажо келтирилсин! – дея буюрди билим юрти бошлиғи.

Ҳарбий оркестрнинг мунгли куйи янгради.

Эҳ-ҳ, ана шу ерда армия бир дақиқага тўхтаб, шеърият бошланди! Битирувчи лейтенантлар бош кийимини кафтга қўндириб, тиз чўкди! Қаршисидан Жанговар байроқ ўтаётганда бошини хам қилиб, ерга термилди. Кўз ёшлар ерга томди!

Лейтенантларни табриклаш учун келганлар бу таъсирчан ҳодисадан, эҳтимол, ҳаётларида биринчи бор титраётгандир!

Кейин қўл жанги-ю, фахрий қоровуллар кароматларини кўрсатишиб, олқишу ҳуштакнинг тагида қолишди. Фуқаролар кўрди: ҳимоячиларининг қудратини! Ана сўнг, бир-бирларини бағирларига босиб табриклашлар, дуолар ўқиб, зафар тилашлар бошланди. Суратларга тушилди. Бир саф майдони тўла одам бирваракайига шоду хуррам бўлди.

***

Шу орада мен ҳалиги бобони кўздан йўқотдим. Исм шарифини ҳам, қайси битирувчи лейтенантнинг бобоси эканини-ю, ёшини ҳам сўролмай қолдим... Лекин бир ҳодиса зинҳор ёдимдан чиқмайди (жараёнда дипломлар тарқатилгач, давлатимиз мадҳияси янграганини ёзмабман). Ўзбекистон мадҳияси янграганда, генералдан охирги аскаргача қад ростлаб, ҳурмат бажо келтирди. Билим юртига келган барча меҳмонлар ўринларидан туриб, қўлларини кўксига қўйди... Бир вақт қарасам, ҳалиги биринчи қаторда ўтирган бобо ҳам аравачасидан зўрға қўзғалиб, ўрнидан турди... Бу ҳодисани битирувчи лейтенантлар кафтдек кўриб, ҳис этиб туришарди...

А. ОМОНТУРДИЕВ

 

Информеры