2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ИЖРО МАҲОРАТИМ АРМИЯДА ШАКЛЛАНГАН»

Касбидан камол топиб, шуҳрат чўққисига кўтарилган кишиларнинг ҳаёт ва ижод йўли билан яқиндан танишиш, ички дунёсига «кириш» кўпчиликка қизиқ. Самимий ва таниқли ҳофиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комиловнинг хонишлари кириб бормаган хонадон, «Одам бўлайлик», «Озодани севаман», «Юришларинг ёқади», «Қараб қўй», «Оқ билагойим, тошкентлик» сингари куй-қўшиқларига хиром айламаган, уни сел бўлиб тингламаган юртдошимиз йўқ ҳисоби. Шу боис хонанда билан эксклюзив суҳбат уюштириб, уни муштарийларимиз эътиборига ҳавола этишни мақсад қилдик.

– Мактабда ўқувчилик кезларингиз, аниқроғи, 10 ёшингиздаёқ қашқар рубобида турли куйларни маромига етказиб ижро этган экансиз. Демак, замонавий эстрада оламига иштиёқингиз асоси мумтоз чолғуларга ошуфталик экан. Суҳбатимиз аввалини санъат остонасига қўйган илк одимларингиздан бошласак.

– Учинчи синфда ўқиб юрган кезларим пойтахтимиздаги 39-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда ашула айтиб, йиғилганлар олқишига илк бор сазовор бўлганим худди кечагидек ёдимда. Сўнг ота-онам мени санъатга шайдолигим, қизиқишимга кўра, Сергели туманидаги 32-мусиқа мактабининг қашқар рубоби, кейинроқ фортепиано бўлимига ўқишга олиб боришган.

Мактабни тамомлаб, Тошкент маданият техникумида таълим олдим. Ушбу билим юртида ўқиб юрган вақтларим бир воқеа хотирамда муҳрланган. Тошкентда муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройи қурилар экан, дейишганда, биз ҳам ёрдамга борганмиз. Сарой зиналари учун мармар ташир эканмиз, курсдошларимиз билан «Биз ҳам мана шу саройда концерт берармиканмиз?» деб орзулагандик. Яратганга беҳисоб шукр, 1991 йили бунёд бўлишига улуш қўшганим, ана шу катта саҳнада илк бор ижодимни намойиш этдим. 18 ёшимда «Тўқимачилар» маданият саройидаги ашула ва рақс дастасига ишга кириб, яккахон хонанда сифатида иш бошлаганман. Рафиқам ҳам мусиқа фани ўқитувчиси. Муҳаббат риштаси умр йўлларимни олийгоҳдаги курсдошим билан боғлаган.

– Ҳаётингизда ҳарбий хизмат даври қандай ўрин тутади?

– Армия сафларида йигитлик бурчимни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Икром Бўронов раҳбарлигидаги Ички ишлар ансамб­лида ўтадим. Мамлакат хавфсизлиги, барқарорлигини таъминлаш, халқимизнинг осойишталиги ва тотувлигини сақлашда ички ишлар тизимининг ҳам алоҳида ўрни бор. Хизмат даврида юрт тинчлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга тенгқурларим қаторида муносиб ҳисса қўшишга астойдил интилдим. Сирасини айтганда, мусиқий қобилият ва маҳоратимни армияда шакллантирдим. Ҳарбий хизматни муваффақиятли адо этгач, ҳозирги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мусиқа факультетида малакали мутахассис даражасига етдим. Ички ишлар вазирлиги қошидаги ансамблда, қолаверса, пахта йиғим-терим мавсуми, турли тўй-ҳашам, тантанали тадбирларда рубоб чалиб, ашула айтардим. Тақдирни қарангки, аскарлар илк бор тинглаган «Одам бўлайлик» номли қўшиғим билан республика кўрик-танловида ғолиб бўлганман. Ҳали-ҳануз юртимизнинг турли ҳудудларидаги ҳарбий қисм ва муассасаларига бориб қўшиқ куйлаганда, норғул, ўктам ўғлонларнинг кўзидаги ишончдан, шижоатдан куч оламан.

– Бугун замонавий эстрада қўшиқларининг аксариятида матн мазмуни бир четда қолиб, мусиқаси, айниқса, клипини мукаммаллаштириш масаласи бирламчи ўринга чиқмоқда. Тарона яратишда қайси мезонларга алоҳида эътибор қаратасиз?

– Овозни тарошловчи мультимедиа имкониятлари ҳар қанча тараққий этмасин, сўз маъноси таъсир кучи мухлислар қалбида, ёдида узоқ вақт сақланиб қолиши шубҳасиз. Шу боис, қўшиқ учун шеър танлашда ўзимга ўта жиддий талаблар қўяман. Уларнинг биринчиси халқоналикдир. Халққа яқин сўзлар кўнгилдан чуқур ўрин олади. «Одам бўлайлик» ана шу изланишлар ҳосиласи.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йили санъат ва маданият соҳаси намояндалари билан ўтказган йиғилишида юқори салоҳият ва энг нуфузли давлат мукофотларига эга хонандаларнинг «Устоз – шогирд мактаби»ни қайта тиклаш масаласини кўтарган эди. Хўш, бу борада қандай ишлар олиб боряпсиз?

– Юртбошимиз ҳамма соҳалар қатори хонандалар олдига ҳам халқнинг «ичи»га кириб бориш, ўз санъати ва истеъдоди орқали энг қуйи поғоналарга тушиб, ёшларга кўмак бериш, мактаб яратиш масаласини қўйди. Ана шу мақсадлар йўлида Яккасарой туманидаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактабига директор этиб тайинландим. Айни пайтда ушбу масканда ўқувчилар истеъдодини сайқал топтириш учун малакали кадрлар жалб этиш, айрим йўқолиб бораётган тўгараклар фаолиятини қайта тиклаш ҳамда янгиларини ташкил этиш, миллий мусиқа чолғу асбоблари, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдик. Чунки ёшлар пухта ўқиб-ўргансагина устозлари йўлини муносиб давом эттира олади.

– Равшан Комилов оилада қандай ота?

– Оиламизда тартиб-интизом энг биринчи қоида. Бундай таомил менга ота-онамдан ўтган бўлса, ажаб эмас. Чунки улар кўп йиллар ўз соҳасида раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилиб, ўзгаларга ўрнак кўрсатган. Эрталаб нонушта вақти, ишга қайси ранг ва услубдаги либосда боришигача аниқ белгиланган, дам олиш кунлари ҳам беҳуда ўтмасди.

Тўрт фарзандимга ҳам имкон қадар ҳалоллик, борига қаноат қилиш, шукрона келтиришни ўргатганман. Қизларим Нозима ва Дурдона бахтли оила бекаси, ўғлим Фаррух менинг йўлимни давом эттириб, хонанда бўлди. Кенжатойимиз Фарҳод 21 ёшда. Кўплаб гастроллар, эртаю кеч мусиқа яратиш, овоз ёзиш билан банд санъаткор учун оилага алоҳида эътибор қаратиш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш осон эмас, албатта.

Журналистлар «Агар санъаткор бўлмаганингизда, қайси касбни танлаган бўлардингиз?» деган саволни кўп беради. Мактабда жисмоний тарбия, тасвирий санъат, мусиқа, айниқса меҳнат фанини яхши кўрар ва мунтазам аъло баҳо олар эдим. Ўша пайтда турли бино ва иншоотлар лойиҳалари, фасади, дизайнини чизиб юрганим боис, агар хонанда бўлмаганимда, қурувчи бўлар эдим. Лекин физика фанини ўзлаштириш мен учун жуда қийин кечган. Шу фандан бирорта ҳам қонуният эсимда қолмаган (кулади).

– Мухлисларингиз учун қандай янги тарона ҳозирлаяпсиз?

– Айни пайтда Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб миллий ғурур-ифтихорга йўғрилган қўшиқ устида ишлаяпмиз. Яқинда уни халқимиз эътиборига тақдим этамиз. Доим фидойи, меҳнаткаш халқимиз хизматидамиз. Тинчлигимиз, фаровонлигимизга асло кўз тегмасин!

– Мазмунли ва самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

 

БЛИЦ-САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР

Тўлиқ исм-шарифи: Комилов Равшан Раҳимович.

Туғилган вақти: 1964 йил 26 октябрь.

Туғилган жойи: Тошкент шаҳри.

Буржи: чаён.

Вазни: 98 кг.

Дўсти: оиласи.

Хоббиси: стол тенниси.

Қадрлайдиган хислати: самимийлик.

Ёқтирмайдиган хислати: ғайирлик.

Шиори: «Ўртача бўлса ҳам, узоқ давом этсин».

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ суҳбатлашди.

 

Информеры