2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚИММАТЛИ ТУҲФА

Марказий ҳарбий округ давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббус ижросини таъминлаш учун бир қатор таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади. Ана шундай ҳамкорлардан бири Самарқанд шаҳар «Баркамол авлод» болалар марказидир.

Округнинг фавворали боғида эрталабдан бир нечта жойларда ўрнатилган мольбертлар қаршисида ҳафсала билан ишлаётган ёш рассомлар барчанинг эътиборини тортди. Қизиқиш устун келиб, болажонларнинг ишларига бир қур кўз югуртириб кетаётганлар ҳам кўпчилик. 9 ёшли Алиакбар Тўраев «Офтобнинг сувдаги акси» деган расмни ишлаш асносида ҳарбий хизматчилар билан шахмат ўйнашга ҳам улгурди. Алиакбарнинг қизиқиши чегара билмайди. Расм чизиш ва шахматдан ташқари мунчоқли безакларни ҳам маҳорат билан ишлайди. Инглиз тилини мукаммал билади. Аниқ фанлар билимдони. Республика миқёсидаги бир неча танловларда муваффақият билан иштирок этган.

Истеъдодли болалар катталар кўз ўнгида ўзларининг мусаффо оламларини турфа рангларда қоғозга туширдилар. Орзулар, мажозий образлар, табиатнинг бетакрор манзаралари акс этган ижод намуналарини Ватан ҳимоячиларига тортиқ қилдилар.

– Табиат манзараси акс этган «Яшариш» расмини менга Рушана Ражабова совға қилди, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Беҳруз Ботиров. – Қимматли туҳфани у кўз ўнгимизда бир қўли билан, чап қўлда чизди. «Яшариш»ни қизалоқнинг, тўғрироғи, синглимизнинг иродасига тан бериб, беҳад меҳр билан қабул қилдим. Назаримда, чап қўл бармоқларининг ҳаммаси ҳам… майли, буниси муҳим эмас. Бу туҳфани эҳтиромим рамзи сифатида хонам тўрига илиб қўяман.

Битта расмда бир томчи ёш илиниб турган кўз тасвирланган. «Бу Оролнинг нигоҳи», дейди 10 ёшли рассом Муҳаммадали Эргашев. У самолёт, вертолётларни чизишни ёқтиради.

– Менга ҳарбийлар «Алпомиш» китобини совға қилди, – дейди Муҳаммадали қувноқлик билан. – Жуда хурсандман. Мен ҳам ўзим чизган самолётни Анвар акага (лейтенант Анвар Юлдошев) совға қилдим.

«КЕЛИБ КЕТМА, БИЛИБ КЕТ»

Жиззах шаҳрининг энг файзли гўшаларидан бири Ҳамид Олимжон ва Зулфия боғида Болалар кутубхонаси жойлашган. Бу жуда нурли маскан. Остонадан ҳатлашингиз билан кўзингиз катта-катта ҳарфларда ёзилган «Келиб кетма, билиб кет» деган иборага тушади. Ана шу иборада кутубхона фаолиятининг мазмун-моҳияти акс этган.

Маърифат ўчоғининг оддий пиллапоялари ҳам ўзига хос. Зиналарни митти луғат дейсиз: инглизча-ўзбекча сўзларни ўқиб юқорилайверасиз.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббус ижроси доирасида Жиззах гарнизонида ташкил қилинган маънавий-маърифий тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳам иштирок этди. Болалар кутубхонасига ташриф ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун чинакам байрамона бўлди. Болажонлар кутубхона бўлимлари билан танишдилар. Айниқса, компьютер тўгараги уларда катта таассурот қолдирди.

Бу ерда болаларга электрон кутубхонадан фойдаланиш бепул ўргатилади. Ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашганимизда айримларининг фарзандлари учун ушбу маскан аллақачон қадрдон гўшага айланиб улгурганини билдик. Гарнизонда хизматни бошлаганига унчалик кўп фурсат бўлмаган ҳарбий хизматчининг оиласи учун эса бу танишув хуш янгилик бўлди.

БОЛАЛАР ЁЗИ

Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббус ижроси ҳарбий хизматчиларимиз томонидан ўзгача кўтаринкилик билан бажарилмоқда. Ёз – таътиллар фасли. Болажонлар вақтини сермазмун ўтказишлари учун Самарқанд шаҳридаги Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази томонидан бир қатор тўгараклар ташкил қилинди. Шулардан иккитасини – рассомлик ва кулолчилик тўгарагини фидойи ижодкор, Қуролли Кучлар хизматчиси Гулжаҳон Мусурмонова бошқаради. Марказдаги бир нечта машғулот хоналарига у ишлаган расмлар алоҳида кўрк бериб турибди.

Марказнинг назорат ўтиш постидан ичкарига кириб бироз юрсангиз, йўл четида ишланган улкан китобга кўзингиз тушади. Шу китобдан сал нарироқда улкан дарахт остидаги ўтлоқда гул ғунчаларидек болажонлар мольберт қаршисида ўтириб, иштиёқ билан «Кўза» расмини чизаётган экан. Гулғунчалари узукка кўздек ярашиб турган бундай гўзал боғни, бундай гўзал манзарани шу пайтга қадар кўрмаган эдим.

– Расм чизишни ҳамма болалар яхши кўради, – дейди рассом Гулжаҳон Мусурмонова. – Характерларни эса камдан-кам болалар илғайди. Улар истеъдодлардир. Анвар Нуралиев, Баҳора Муталлибжонова, Улуғбек Зокиров каби болажонларимиздан умидим катта.

– Қуёш ботишини чизгим келади, – дейди 12 ёшли Улуғбек Зокиров. – Бу жуда гўзал манзара! Ранглар жуда кўп. Лойдан ҳам турли жониворлар ясаганман, устоз кўмакларида.

Биласизми, кейинги пайтларда пулли хизмат кўрсатиш шу қадар кўпайдики, ихтиёрсиз ҳамма нарсани пулга чақиб, ўрганиб қолар экансиз. Марказда очилган тўгараклар ҳақида сўз кетганида биринчи саволим бир ойлик машғулот учун ота-оналар неча сўм тўлашлари ҳақида бўлди. Бепул экан! Жавобдан хижолат тортган бўлсам ҳам ҳеч кимга билдирганим йўқ.

Бу ерда рассомлик, кулолчилик, компьютер, интернет саводхонлиги, хорижий тиллар тўгараклари фаолият кўрсатяпти. Айни кунда бу тўгаракларда қатнашиш истагида бўлганлар сони кўпайиб бормоқда.

– Дастлаб болалар лойга яқинлашмадилар, – дейди майин табассум билан Гулжаҳон Мусурмонова, – қўлим кир бўлади, кийимимга лой ёпишади, деб ўзларини тортдилар. Аввал биттаси, кейин иккинчиси… Қарашсаки, лой одатдаги лойдан фарқ қилади. Ғаройиб нарсалар, ўзинг севган жониворларни ясаш мумкин экан. Ҳозир ҳаммалари берилиб ишлайди. Энг кичик «ўқувчи»миз 2 ярим ёшли Севинч исмли қизалоқ. У бир марта акаси Анварга қўшилиб келганди. Шу-шу, уни ортга қайтариб бўлмай қолди…

Камтар устоз шу тариқа болаларни ижод оламига ошно қилди. Эҳтимол, болалар келажакда бутунлай бошқа йўлни танлашар. Бироқ мен ишонаман, бу ёз уларнинг ёзи! Болажонлар қалбида яратувчанлик ишқини ёққан ёрқин ёз улар ёдида бир умр сақланиб қолади.

КИТОБХОНЛИК ВИКТОРИНАСИ

Марказий ҳарбий округнинг фавворали боғида бир неча ўнлаб ёшлар китобхонлик викторинасига тўпландилар. Тадбир округнинг энг яқин ҳамкорларидан бири Ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилояти кенгаши кўмагида ташкиллаштирилди. Ҳарбий хизматчилар ва ижодкор ёшлар фаввора атрофидаги айлана ўриндиқлардан жой олдилар.

Тадбир қизиқарли савол-жавоблар, баҳсларга бой бўлди. Айниқса, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асари ҳақида сўз борганида ҳамма ўз фикрини, эҳтиромини билдиришга ошиқди. Қаранг-а, асар дунё юзини кўрганига неча йиллар бўлди. Ҳамон қимматли, ҳамон барчани янги сўз айтишга ундаб туради. Тадбир аввалида теран фикр, ҳозиржавобликда ҳарбий хизматчилардан устун келаётган ёшлар гуруҳи дарҳол эътиборимизни тортди. Улар ҳақида Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши раисининг ўринбосари Элёр Улуғмуродов шундай дейди:

– Булар ёш ижодкорлар кенгаши аъзолари. Кўпчилиги мактаб ўқувчиси. Вилоятнинг турли туманларидан келган. Уларнинг айримлари булоқ кўз очгани каби адабиётда бўй кўрсата бошладилар. Бу каби тадбирларнинг сермазмун, самимий кечишида уларнинг хизмати таҳсинга сазовор. Эътибор берган бўлсангиз, улар тадбирда шунчаки иштирок этмаяптилар. Юзга яқин жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара асарларини туҳфа сифатида келтирдилар. Булар орасида Робиндранат Тҳакур, Чингиз Айтматов, Антон Чехов, Достоевский, Эрнест Хеменгуэй, Абдулла Қодирий, Абдулла Орипов каби жаҳоний эътироф топган улуғларнинг асарлари мавжуд.

Шу куни китоблар ярмаркаси ҳам бўлиб ўтди. Фавворали боғда шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шоҳжаҳон Қурбоналиев қўлида бир нечта китоблар билан ёш рассомлар ишини кузатиб турган экан.

– Китобларни ярмаркадан сотиб олдингизми? – деган саволимга шундай жавоб қилди:

– Биттасини сотиб олдим. Қолганларини «Китобхонлар викторинаси»да ютиб олдим. Биттасини Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгашидан келган ижодкор укаларимиз совға қилди. Тадбир жуда қизиқарли ўтди. Айниқса, ижодкор ука-сингилларимиз ўқиган шеърлар ҳаммамизни ҳайратга солди. Ўзига хос маънавият сабоғи бўлган бундай тадбирлар кўпроқ бўлишини истар эдик.

Инобат ЗАКАРИЁЕВА

Информеры