2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ»ДА МАҚОМ ОҲАНГЛАРИ

Давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурди. Мазкур ташаббуснинг биринчиси – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Фарғона шаҳридаги «Темурбеклар мактаби»да тузилган «Шарқ» ҳавас­корлик жамоаси биринчи ташаббус талабларига бирмунча жавоб беради. Нима учун батамом эмас, қисман жавоб беришини қуйироқда изоҳлашга ҳаракат қиламиз. Ҳозир эса бир гуруҳ истеъдодли ўқувчилар ҳақида тўхталамиз.

Мусиқа – ўта мураккаб илм. Ҳамманинг ҳам бу соҳада муваффақият қозониши қийин. Камдан-кам инсонларгина сарҳад билмас бу мўъжиза билан миллионлар қалбини забт эта олдилар. «Шарқ» ҳаваскорлик жамоаси зиммасига бундай оламшумул вазифани юклаш ножоиз, албатта. У бор-йўғи ҳаваскорлик жамоаси. Шундай бўлишига қарамасдан, саккиз кишидан иборат жамоа Шарқий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари орасида ўз мухлисларини топиб улгурди. Бугун округда бўлиб ўтадиган барча маданий-маърифий тадбирларда улар фаол иштирок этмоқда.

Мусиқа, куй-қўшиққа ошно қалблар беғубор бўлади. Ўқувчилар билан суҳбатда бу яққол билинди. Самимий, мусаффо орзулар, илк бор саҳнага чиқиш ҳаяжонлари, мумтоз куй-қўшиқларга муҳаббат, асл санъатга меҳр, севимли ёзувчилар, севимли асарлар, севимли қўшиқлар ҳақида гаплашдик.

Саккиз ўқувчи орасида нари борса, икки ё уч нафарининг мусиқий билими бор. Халқона айтганда, уста кўрган. Ўқувчилар Достонбек Абдуллажонов, Отабек Қурбонов, Мадаминжон Абдурасулов миллий чолғу асбобларини чалишни мустақил ўрганишган. «Мажнунтол» қўшиғини эса худди кўп йиллар шу соҳа ичида юргандек куйлашганида ҳайратга тушдик. Ўқувчилардан бири Иззатилло Ёқубжонов Асака туманидаги 11-давлат ихтисослашган мактаб-интернатда 5-синфдан бошлаб ўқиган. Шу ерда устози Баҳромжон Мансуровдан миллий чолғу асбоблари чалиш сирларини ўрганган.

– Куй-қўшиқ инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, аҳиллик, дўстона кайфият уйғотади, – дейди Иззатилло Ёқубжонов. – Айниқса, жисмоний тайёргарлик машғулотларида бироз толиққан паллада айтилган қўшиқдан ҳамманинг юзига табассум югуради, руҳиятида кўтаринкилик пайдо бўлади.

Бобуржон Рўзматов Ботир Зокиров қўшиқларини севиб тинглайди. «Раъно» қўшиғини ўрганиб, уни маҳорат билан ижро этди. У Данғара туманидаги 27-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқиган.

– Биз «Ватан», «Мужгонларинг», «Тановар», «Соқиномаи савти калон» қўшиқларини ўрганиб, округда бўлиб ўтадиган тадбирларда ижро этдик, – дейди Бобуржон Рўзматов. – Ҳарбий хизматчилар орасида мумтоз куй-қўшиқларимиз мухлислари кўп экан. Буни чиқишларимизни қизғин кутиб олганларидан билдик. Санъат инсон ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, мусиқа. Инсоний туйғулар – қувонч, қайғу, севги-муҳаббат – буларнинг барчаси мусиқада ўз ифодасини топа олади ва шу сабабли мусиқа умуминсоний эътирофларга сазовор бўлади.

– Санъатга қизиқишингиз, меҳрингиз сезилиб турибди, сизни яхши кутиб олишяпти, мухлислар топишга улгурдингиз, санъатнинг оҳанрабоси бор, дейдилар, эҳтимол, шу йўлни танлаётганлар бордир, орангизда? – дея савол бераман уларга.

Шунда улар бараварига чуғурлашиб, «Темурбеклар мактаби»да ўқишдан мақсад кейинчалик олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш эканлигини, болалик орзулари ушалаётгани, санъат эса уларнинг бу йўлдаги илҳомчиси эканлигини айтдилар.

Умиджон Сайфуллаев Риштон туманининг Дутур қишлоғидан. У шундай дейди:

– Мен болалигимдан доира садоларини ёқтираман. Чертишни мустақил ўрганганман. Унинг оҳангларида кишини руҳлантириб юборадиган жанговарликни ҳис қиламан. Мен келажакда Миллий гвардия сафларида хизмат қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Доира эса бир умрлик ҳамроҳим бўлиб қолади.

– Мен эса шеъриятни севаман, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Жавоҳир Ўрозбоев. – Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф шеърларини ёд олганман. Тадбирларда ўқийман. Айниқса, қаҳрамон шоиримизнинг «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» шеърини такрор-такрор ўқишдан зерикмайман. Озодбек Назарбеков ижросидаги «Мендурман ўшал» қўшиғини ҳаммамиз севиб тинглаймиз, жўр бўламиз. Айнан шу қўшиқ туфайли, шу қўшиқ учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» асарини топиб ўқидим.  Яна менга Абдулла Қодирий, Тоҳир Малик асарлари ёқади. Шунингдек, барча дўстларимиз билан севиб ўқиган яна бир асар бор: бу – севимли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асари.

Бу асарни ҳаммангиз ўқидингизми, ҳаммага бирдек ёқдими? – дея сўрайман ичимдан тўлқинланиб, сиртимга чиқармасдан (ахир бу ўзимнинг ҳам севимли асарим-да).

– Биз «Темурбеклар мактаби»га ўқишга қабул қилинган кунимиздан бошлаб, қарийб бир ярим ой оиламиздан илк бор узоқда бўлдик, – дея суҳбатни давом эттиради Иззатилло Ёқубжонов. – Биз биринчи марта ота-онамиз, яқинларимиздан узоқда бўлдик. Бутунлай янгича муҳитга мослашиш керак. Соғинч… ҳаммамизга хос. Оилангдан олисласанг, биринчи бўлиб онангни соғинар экансан. Шундай паллада китоблар энг яқин дўстимизга айланди. Кимдир «Дунёнинг ишлари»ни ўқибди. Озгина айтиб берган эди, ҳаммамиз қизиқиб қолдик. Талашиб-тортишиб ўқидик. Чунки асарда она ҳақида, онамиз ҳақида сўз борарди.

Ҳа, бу «Шарқ» деганлари шундай нурли болалардан ташкил топ­ган жамоа. Мусиқани, адабиётни севадилар. Кутубхоналари билан фахрланишади. Яқинда шеърият, нутқ маданияти гуруҳлари ташкил қилинишини, монологлар ижро этишларини, кичик саҳна асарлари қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Суҳбатимиз ниҳоялаганида фотомухбиримиз уларни чолғу асбоблари билан биргаликда суратга олмоқчи бўлди. Афсус… Чолғу созларисиз ҳаваскорлик гуруҳи қандай тузилди экан?

«Темурбеклар мактаби» уларга яқинроқ ҳудуддаги мусиқа мактаби билан ҳамкорлик қилар экан. Бу ўринда ҳамкорлик сўзи ортиқчадек туюлди. Негаки, ҳамкорлик икки томонлама, тенг асосларда бўлади. Мусиқа мактабида «Темурбеклар мактаби» ўқувчилари чолғу асбобларидан фойдаланадилар. «Темурбеклар мактаби»нинг жавоби қандай бўлишини билмадик.

Айни кунда Фарғона шаҳридаги  «Темурбеклар мактаби» қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарган. Унча-мунча олий таълим муассасаси ҳавас қилса арзирли бино, ўқув заллари, ошхона, ётоқхона, спорт зали, майдони… Бироқ бир дона ҳам мусиқа асбоби йўқ! Шунчалик катта имконият ва имтиёз берилган таълим муассасасида ҳамма нарса мукаммал бўлмоғи лозим эмасми?! Мақом – қимматли бойлигимиз. Болаларимиз унга меҳр қўйган эканлар, жавобимиз ҳам шунга яраша бўлиши керак. Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббусга катта эътибор ва ғамхўрлик остида бўлган айнан шу каби муассасалар биринчи галда жавоб беришлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Умид қиламизки, бундан кейин «Шарқ» алоҳида машғулот зали ва чолғу асбоблари билан янги ўқув йилини қаршилайди ва янада юксакроқ ижодий парвозларга эришади.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры