2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАРД ЎҒЛОН

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга биноан фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун 28 нафар иқтидорли йигит «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) боксчиси, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бобо-Усмон Батуров ҳам бор.

Узоққа бормаймиз, мутахассислар томонидан порлоқ келажаги ҳали олдинда кутилаётган Тошкент ҳарбий округи спорт взводи ёш боксчисининг дастлабки катта ютуқларидан бири 2017 йили Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган Халқаро ислом бирдамлик ўйинларига тўғри келади. 69 кг вазн тоифасида рингга чиққан боксчимиз барча рақибларидан устун келиб, олтин медални қўлга киритган.

Бобо-Усмон Батуров 2018 йилда ҳам мамлакат ва халқаро миқёсдаги бир неча мусобақаларда совриндор бўлди. Жумладан, 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезия мезбонлик қилган йилнинг муҳим спорт мусобақаси – ХVIII ёзги Осиё ўйинларида Бобо-Усмон ўз вазн тоифаси бўйича жангларнинг барчасида ғалаба қозонди ва олтин медаль билан тақдирланди. Бу билан у ёзги Осиё ўйинларида 10 та олтин, 11 та кумуш, 12 та бронза, жами 33 та медални қўлга киритган армиямиз спортчилари, ўз навбатида, мамлакатимиз терма жамоаси муваффақиятларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Армиямиз боксчиси ўтган йили бўлиб ўтган «Қозоғистон биринчи мудофаа вазири армия генерали С.К.Нурмугамбетов хотирасига бағишланган халқаро турнир»да ҳам муносиб қатнашди. Фақат финал учрашувида рақибига имкониятни бой берган Бобо-Усмон Батуров кумуш медаль билан тақдирланди.

давлат мукофоти муборак, мард ўғлон!

Р. ЭРМУҲАММАД

 

Информеры