2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУДОФАА ВАЗИРЛИГИДА ​МИНИ ФУТБОЛ

Қоғоз ва қалам билан ишлайдиган айрим соҳа вакиллари жисмонан заиф бўлиб қолишади. Бутун куч-қувватни интеллектуал салоҳиятни оширишга йўналтирадилар. Аммо буларнинг барчаси табиатан омухта. Айниқса, Мудофаа вазирлиги ходимлари ҳужжатлар билан ишлаш баробарида жисмоний ва жанговар тайёргарликни баравар олиб боришлари лозим.

Шу маънода Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини мунтазам равишда спортга жалб қилиш ҳамда жисмонан чиниқтириш мақсадида вазирлик марказий аппарати календарь спорт режасига асосан бош бошқарма ва бошқарма хизмат турлари ўртасида мини футбол бўйича чемпионат ташкил қилинди.

14 та жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда ташкил этилган мусобақа Ватан ҳимоячиларини яна бир бор тоблаб, жамоада якдилликнинг мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилди. Қизғин баҳсларга бой ўйинлар кўпайгани сари ғалаба қозониш имконияти камайиб борарди. Нима бўлганда ҳам энг кўп машғулот олиб бориб, тайёргарликни канда қилмаганлар, бу каби мусобақаларда биринчиликни қўлдан бермаслиги тайин.

Хуллас, натижага кўра, кадрлар бош бошқармаси жамоаси ташкилий сафарбарлик бош бошқармаси жамоаси устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ғолиб бўлди.

– Кадрлар бош бошқармаси шахсий таркиби республика ва вазирлик миқёсидаги оммавий спорт тадбирларида фаол қатнашиб келади. Ушбу чемпионатга ҳам қизғин тайёргарлик кўрдик. Майдонга биринчи ўринни олиш мақсадида тушган эдик. Уддаладик. Жамоамиз ҳам ишда, ҳам спортда бирдамлигини, уюшқоқлигини намойиш қилди, – дейди Мудофаа вазирлиги кадрлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник Рустам Қувватов.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры