2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАНГОВАР РАЗВЕДКА МАШИНАСИ

Франциянинг «Некстер системз» компанияси бошчилигидаги қўшма консорциум томонидан ишлаб чиқилган «Ягуар» русумли жанговар разведка машинаси мамлакат армиясининг Қуруқликдаги қўшинлари ва экспорт учун мўлжалланган. Мазкур истиқболли машинанинг намуна нусхаси 2018 йилнинг июнь ойида Парижда ўтказилган «Евросатори» жанговар техника ва қурол-яроғлар халқаро кўргазмасида намойиш этилган. Машина компоновкаси (тузилиши)нинг модуль принципга асосланганлиги ҳал қилинаётган вазифалар ва буюртмачи талабига боғлиқ ҳолда унинг зирҳли ҳимоя даражаси ва қуролларини алмаштириш имконини беради.

Янги разведка машинасининг жанговар оғирлиги 25 тонна, узунлиги 7,3 метр, эни 3 метр, баландлиги 2,6 метр, шоссе бўйлаб максимал ҳаракатланиш тезлиги соатига 90 км, ёқилғи бўйича юриш захираси 800 км, экипаж уч кишидан иборат. Механик-ҳайдовчининг ўрни корпуснинг олд қисми марказида, командир ва нишонга олувчи-операторнинг ўрни эса Т40 «Некстер» башнясида жойлашган. Машинага CTAS T40 типидаги 40 мм.ли автоматик тўп, 7,62 мм.ли пулемётга эга бўлган масофадан бошқарилувчи қурол модули, MMP типидаги танкка қарши бошқарилувчи ракеталарни ишга тушириш қурилмаси (2 та ракета билан) ҳамда тутун тарқатувчи гранаталарни ишга тушириш қурилмаси ўрнатилган. «Ягуар», шунингдек, оптоэлектрон разведка асбоблари, экипажни лазерли нурланиш ҳақида огоҳлантириш тизими, снайперларга қарши овоз пеленгатори комплекси, радиокимёвий кураш-ҳимояга мўлжалланган фильтр-вентиляция қурилмаси билан жиҳозланган. Машинани қўшинларга серияли тарзда етказиб бериш 2025 йилда бошланиши режалаштирилган. 

 

 

Информеры