2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚАЛАНДАРОВЛАР – «ЭНГ ЯХШИ КИТОБХОН ОИЛА»

Инсониятни зулмат, жаҳолат ва залолатдан фақат китобгина халос эта олади.  Чунки китоб қалб тарбиячиси, руҳ озуқаси, улкан орзу-умидлар йўлбошчиси. Унинг айнан коинот шамси – офтобга муқояса этилиши ҳам бежизга эмас. Зотан, офтоб  мулки борлиққа ҳарорат, ҳаёт улашса, китоб маърифатталаб қалбларга одамийлик уруғини қадайди. Шундай экан, инсонларнинг оламни, ҳаёт ҳақиқатини англаши, яхши-ёмонни фарқлаши учун ҳам бугун китобхонлик тарғиботи  ҳар қачонгидан муҳим. Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган  «Энг яхши китобхон ҳарбий оила» кўрик-танлови эса мана шундай эзгу мақсадга хизмат қилиши билан қимматлидир.

Тошкент ахборот технологиялари университетида мазкур кўрик-танловнинг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда тўққизта китобхон ҳарбий оила учта шарт бўйича ўзаро беллашди. Оилаларнинг иштироки Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Саъдулла Ҳаким бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Танлов шуниси билан эътиборга сазоворки, ундаги ҳар бир шарт китоб ва китобхонликни тарғиб қилди. Бу эса тадбирдан кўзланган мақсад билан муштараклиги аҳамиятга молик.

Энг қизиқ шарт иккинчи – «Биз китобхон оиламиз» бўлди. Унда танлов иштирокчилари ўзлари танлаган китобнинг мазмун-моҳияти, тарбиявий аҳамиятини шарҳлаб беришлари лозим эди. Шундай бўлди ҳам. Қайсидир оила ўзбек, яна қайси бири жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ҳаттоки саҳна кўринишлари орқали чиройли тарзда ифодалаб беришди. Иштирокчилар – подполковник Худоёр Қаландаров ҳамда шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Алишер Дадабоевлар оиласининг чиқишлари шу жиҳати билан кўнгиллардан жой олди. Сержант Ботиржон Каримовнинг фарзанди Нигинахоннинг жаҳон адабиётини чет тилида аниқ ва равон шарҳлаши ҳам томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.

Қизғин баҳс-мунозарага бой ўтган танлов ниҳоясида ғолиблар эълон қилинди. Унга кўра, подполковник Худоёр Қаландаров оиласи 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўринни шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Алишер Дадабоев оиласи, 3-ўринни сержант Ботиржон Каримов оиласи эгаллади.

Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Г. ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры