2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КУРСАНТЛИК САРИ ОДИМ

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги «Ўзэкспомарказ» ҳамда Олмазор туманидаги «Ўзкўргазмасавдо» мажмуасида Мудофаа вазирлигига қарашли олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар тест имтиҳонлари топширди.

Эрта тонгдан мажмуалар жойлашган ҳудуд ҳар кунгидан-да гавжум бўлди. Ҳамма ҳаяжонда. Соат 8-00. Абитуриентларга бинога кириш учун рухсат берилди. Босқичма-босқич текширувдан ўтказилган абитуриентлар ўзлари учун ажратилган ўринларга жойлаша бошлади. Имтиҳон бошланишига ҳали ярим соат вақт бор. Биз бу вақтдан унумли фойдаланган ҳолда бинога кириб келаётган абитуриентларни суҳбатга тортдик.

 Илк суҳбатдошимиз шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Илёс Муродов мана, икки йилдирки, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилади. У бундан уч йил аввал Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти (ҳозирги Қуролли Кучлар академияси)га ҳужжат топширган. Афсуски, омади келмаган.

– Олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киролмаганимдан кейин армияга кетдим ва хизматни шартнома бўйича давом эттиришга қарор қилдим, – дейди у. – Офицер бўлиш – болаликдан орзуим. Унга етишишим керак.Тўғри, бу борада фақат орзунинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун интилиш, билим олиш керак. Хизматдан бўш вақтларимда имтиҳон бўладиган фанлар бўйича билимларимни оширдим. Натижани албатта, вақт кўрсатади.

– Ўтган йили ҳам Қуролли Кучлар академиясига ҳужжат топширганман. Лекин ўқишга киролмадим, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Нодир Холмўминов. Муваффақиятсизлик сабабини омадсизлик эмас, балки етарлича билим олмаганимда, деб билдим. Вақтни қўлдан бой бермай қўшимча машғулотларга қатнадим. Бу йил ўзимга, билимимга ишончим баланд. Шунинг учун имтиҳондан чўчиётганим йўқ.

Имтиҳон ўтказиладиган биноларга ўрнатилган соат 9-00га бонг урди. Ниҳоят, имтиҳон бошланди. Шу куни абитуриентлар уч гуруҳга бўлинган ҳолда тест синовларини топширди. Тест жараёнининг ҳаққоний, шаффоф ва адолатли ўтиши ҳамда тартиб-интизомни сақлаш учун ҳар бир павильонга кузатув камералари қўйилди, гуруҳлар орасига педагоглардан иборат назоратчилар бириктирилди.

– Абитуриентлар физика, математика, она тили ва тарих фанидан имтиҳон топширяпти. Тест саволлари мактаб, лицей ва коллеж дарсликлардан олинган бўлиб, давлат таълим стандартида белганган тартиб асосида тузилган. Шунинг учун ҳам абитуриентлар бу саволларни ечишда ҳеч қандай қийинчиликка ёки муаммога дуч келмайди, – дейди Давлат тест маркази бош мутахассиси Мергул Абдуллаева. – Бир нарса қувонарлики, кейинги йилларда абитуриентлар учун тузилаётган тестлар мукаммаллаштириляпти, қайта-қайта экспертизадан ўтказиляпти. Мақсад абитуриентларга қулайлик яратиш. Улар тест имтиҳонига фақат дарсликлар доирасида тайёргарлик кўрсин, тестда мавҳум, нотаниш саволларга дуч келмасин. Натижа эса кутганимиздек ижобий бўляпти.

Шу куни ота-оналарнинг имтиҳон жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришлари учун ҳам имконият яратилди.

Кутилганидек 10 июль куни барча олий ҳарбий таълим муассасаларида тест синовлари натижалари эълон қилинди. Яъни ғалвир сувдан кўтарилди. Энг асосийси, билимли, иқтидорли ва жисмонан етук ўғлонларгина олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди.

– Шу вақтгача, ўқиганларим, ўрганганларим асқатди. Имтиҳондан яхши натижага эришдим: 203,3 балл тўплабман, – дейди Нўъмонжон Эшдавлатов. –  Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида таҳсил олиш – энг катта орзуим эди. Мана орзуим ушаляпти. Ўқишга кирганим ҳақидаги хабарни эшитган яқинларимнинг қанчалик хурсанд бўлганини кўрсангиз эди. Уларнинг қувончини кўриб, ўзимни икки карра бахтиёр сезяпман. Шу кунга қадар хаёлимда фақат «яқинларим ва устозларимнинг ишончини оқлай олармиканман?» деган савол муҳрланган эди. Хайрият,  юзим ёруғ бўлди.

– Ҳаяжонимни таърифлашга сўз ожизлик қилади, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шерзод Жалолиддинов. – Ҳа, инсон ҳаракат қилса, интилса ўз олдига қўйган орзу-мақсадларига, албатта эришар экан. Исм-фамилиямни энг юқори балл тўплаганлар қаторида кўриб, қувониб кетдим. Бу менинг ҳаётдаги энг катта ютуғим. Офицер бўлиш – шарафли. Келажакда мана шу шарафга, Ватан ишончига муносиб бўламан!

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры