2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КЕНГЛИК «МАЙДОН»ИДА 155 ЧАПДАСТ!

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда жойлашган ҳарбий қисм жорий йилнинг сентябрь ойида Қуролли Кучлар миқёсида «Фарғона» полигонида ўтказилиши режалаштирилган парашют спорти мусобақасига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

«Д-6», «Беркут-2», «Мальва аксиома» каби парашютлар билан жами 155 нафар десантчи сакраш амалиётини муваффақиятли бажарди.

Десантчилар муҳим йўриқномалар асосида яна бир бор назоратдан ўтказилди. Шундан сўнг, «ярим шар» эгалари Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Ми-8 ҳарбий вертолёти бортидан жой олди.

Десантчилар ўн гуруҳга бўлинган ҳолда навбатма-навбат белгиланган ҳудудга муайян қўшимча юклар билан сакраш жанговар вазифасини бажаришга киришди.

– Шу кунга қадар икки юздан ортиқ парашют билан сакраш жанговар вазифасини: сувда, тунда барча парашют турлари билан бажардим, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Боймурод Турсунов. – Кўплаб парашют спорти мусобақаларида қатнашиш чоғида ҳаво десант илмининг нозик жабҳаларини яхши ўзлаштирдик. Ушбу машғулот жорий йилнинг сентябрь ойида Қуролли Кучлар миқёсида «Фарғона» полигонида ўтказилиши режалаштирилган парашют спорти мусобақаси олдидан муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланади.

Ушбу машғулот давомида илк бор парашют билан сакраётган десантчилар ҳам мавжуд. Уларнинг кўникма ва имкониятларини кенгайтириш, ҳар қандай вазиятда юксак руҳий ва жанговар барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган машғулот, айниқса, сакраш борасида дебют қилган ҳарбийлар учун катта синов бўлди.

– Ҳозир ҳаяжонимни ифодалай олмайман. Бу менинг илк бор парашют билан ерга сакрашим! Ҳаммаси аъло даражада кечди. Бу борада тўғри йўл-йўриқ кўрсатган барча устозларимга раҳмат. Келгусида Ватанимизнинг энг илғор десантчиси бўлишга интиламан! – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Бегзод Зайниев.

Машғулотни бевосита Қуролли Кучлар Бош штаби жанговар тайёргарлик бош бошқармаси жанговар тайёргарлик бошқармаси ҳаво десант тайёргарлик бўлими бошлиғи подполковник Ғулом Тўйчиев, ҳарбий қисм командири подполковник Фарҳод Давлатов ҳамда масъул офицерлар кузатиб борди.

Барча сакраш амалиётлари мутахассислар томонидан юксак даражада баҳоланди.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры