2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИ «OLYMPIC DAY»ДА

Пойтахтимизда «Олимпия куни» муносабати билан спорт тадбирлари ва оммавий халқ сайиллари ўтказилди. Унда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари ҳам фаол иштирок этиб, ҳамшаҳарларимизга ўрнак бўлишди.

Шу куни шаҳар кўчалари, истироҳат боғларию марказий хиёбонлар «Олимпия куни» халқ сайли иштирокчилари ҳамда меҳмонлар билан тўлди.

Эрта тонгдан пойтахт аҳолиси «Халқлар дўстлиги» майдонига жам бўлди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган оммавий юриш маршида турли вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳоратли спортчилар, ёшлар ва «олови ўчмаган» кекса ёшли юртдошларимиз, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари ҳамда кўнгиллилар иштирок этди. Эътиборли жиҳати, «Олимпия куни»га бағишланган мазкур оммавий юриш марши қарийб ўн минг кишини қамраб олди. Иштирокчилар оммавий юриш марши билан Олимпия қўмитаси биносига етиб келди. Уларни Мудофаа вазирлигининг марказий ҳарбий оркестри жарангдор садолар билан кутиб олди. Рақсга тушмаган одам қолмади ҳисоб.

Шундан сўнг «Olympic day» билан боғлиқ спорт тадбирлари «Пахтакор» стадионига кўчди. Бу ерда иштирокчилар қисқа ва ўрта масофаларга кросс югуриш бўйича баҳслашди. Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси олдидан старт берилган пойгаларда 13 ёшдан қарийб 80 ёшгача бўлган 500 нафардан зиёд (шундан 210 нафарини хотин-қиз ташкил этди) югуриш ихлосманди ўзаро мусобақалашди. Унда Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари ҳам фаол иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди.

Кечга бориб эса «Ҳумо арена» мажмуасида концерт дастури уюштирилди. Концерт олдидан Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий оркестри томонидан мусиқий ­ дастур ва ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Шунингдек, байрам муносабати билан пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Олмос маҳалласида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун спорт мусобақалари ташкиллаштирилди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры