2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ҲАР ЧОКИДА МЕҲРИМ БОР»

Ҳунарли инсон хор бўлмас, дейдилар. Дарҳақиқат, ҳунар оила бюджетини қўшимча даромад билан бойитади. Бир қарашда оддий, бироқ талаб ва эҳтиёж ҳар доим юқори бўладиган касблардан бири бу – тикувчилик. Ушбу касбда ҳамманинг ҳам оғизга тушиши қийин. Чунки бу ҳам ижоднинг бир тури-да!

Шаҳноза Тошмирзаевани Жиззах шаҳрида кўпчилик танийди. У жорий йилда «Ишбилармон аёл» кўрик-танловининг шаҳар босқичида 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланма олди. У танловнинг республика босқичида ҳам қатнашишни ният қилган. Ундаги интилиш, ғайрат-шижоат ҳар қандай кишида ишонч уйғотади.

«Шаҳноза» тикув цехи шаҳарда ягона эмас. Кўчанинг қарама-қарши томонида ҳам яна бир тикув цехи фаолият кўрсатмоқда. Бу эса рақобат дегани. Карвон кўп, ризқи бўлак, деганларидек, рақобат «Шаҳноза»ни чўчитаётгани йўқ. У ўз олдига улкан мақсадлар қўйган.

Цех бошлиғи тадбиркор Шаҳноза Тошмирзаева ҳарбий хизматчи Саиджон Тошмирзаевнинг рафиқаси. Қўл остида ишлаётган ўн тўрт нафар аёл ҳам ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари. Бугун хотин-қизларнинг бандлиги масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббуснинг бешинчиси ҳам ана шу масалага – хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилгандир. Биз биламиз, тадбиркорлик ҳам осон эмас. Шундай бир паллада унча-мунча қийинчиликларни енгиб, ўндан зиёд аёлларни иш билан таъминлаган ишбилармоннинг фаолияти таҳсинга арзийди!

«МОМОМДАН ҚОЛГАН ҚОРА МАШИНА»

– Ишни нимадан бошладингиз, нима туртки берган?

– Биз, фарғоналикларни ота-оналаримиз болаликдан бирор ҳунар эгаси бўлишимизга ҳаракат қиладилар. Менинг онам ҳам қиз бола бичиш-тикишни билиши, чевар бўлиши керак, дерди. Ёнига ўтирғизиб ўргатган. Бу машғулот менга ёққан. Кейинчалик Наманган текстиль институтида бичувчи, тикувчи, андозловчи, эскизлаш йўналишида таҳсил олдим. Тақдирим Ватан ҳимоясидаги инсон билан боғланди. У киши билан елкама-елка хизмат қилдим, десам, ҳарбий хизматчиларнинг рафиқалари мени тушунадилар, деб ўйлайман. Биз ҳам кўплаб ҳарбий оилалар ҳаётида бўлганидек, мамлакатимизнинг турли чеккаларида яшашимизга тўғри келди. Самарқанд, Сурхондарё, Бахмал… Нима туртки берган, деган саволингизга келсак, жавобим шундай: шароит, оиламнинг шароити, яшаб турган жойимиз. Фарғонадан онамнинг оналаридан қолган эски қора тикув машинасини олиб келдим. Шу қора машинада иш бошладим. Даставвал турмуш ўртоғимнинг ҳарбий кийимларини, кейин эса сафдошларига ҳам тика бошладим. Ахир ўқимиш­ли аёл бўлсам, фаолиятсизлик менга ярашмайди, деб ўйладим. Қаерда яшасак ҳам ҳунаримдан фойдаландим, одамларга нафим тега бошлади. Аввал икки киши билан иш бошлаган бўлсак, кейинчалик фаолиятимизни кенгайтира бошладик.

– Менда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари орасида тикувчилар кўп экан, деган таассурот пайдо бўлди. Ишга саралаб, чертиб-чертиб қабул қилдингизми?

– Унчалик эмас. Шунчаки ишлаш истагида бўлганлар кўп. Тикув цехимизга моҳир тикувчилар деярли келмайди. Тикувчиларимизнинг аксарияти шу ерда бичиш-тикиш сирларини ўрганганлар. Ҳаракат, интилиш, уқув билан ҳар қандай ҳунарни эгаллаш мумкин. Шогирдларимдан бири олий маълумотли бухгалтер. У тикувчиликни жуда қунт билан ўрганди. Бугун унинг ёнимда ишлашини хоҳлайман. Тикувчи эмас, бухгалтер бўлиб ишлашини. Унда соҳадаги бу ишни  маромига етказиб бажариш учун ҳаммадан ҳам кўпроқ билим, тажриба бор.

– Бу ерда ҳар хил кийим-кечаклар бор экан. Мижозлар фақат ҳарбий хизматчилар эмас, шекилли?

– Албатта, болалар  ҳамда аёл-қизларимизнинг либосларини ҳам тикамиз. Ҳарбий кийимларга келсак, бир нарсани таъкидлашни истардим: уларни шунчаки тикмаганман, меҳримни, қалб қўримни бериб тикдим. Ҳар чокида меҳрим бор. Ҳарбий хизматчининг вазифаси қанчалар оғир, машаққатли эканлигини мен ўз оилам, турмуш ўртоғим тимсолида жуда яхши биламан. Изғиринли, қаҳратон кечаларда юрт ҳимоячисини асраган кийимлар тафтида биз, опа-сингилларнинг меҳри борлигини унутмасалар бас. Уларни жазирама офтобдан асровчи кийим-кечаклар, бош кийимларини энг яқин жигаримизга атагандек тикамиз.

– Дам олиш кунлари қандай ўтади? Тикувчилар олаётган маошларидан, бу ердаги шарт-шароитдан розими?

– Барча байрамлар, дам олиш кунларини оиламиз даврасида ёки барча оилалар жамулжамлигида ўтказишга ҳаракат қиламиз. Ҳаёт-да, кутилмаган муаммолар пайдо бўлади. Шундай пайтларда баҳамжиҳатлик билан қийналган ҳамкасбимизга моддий кўмак берамиз. Ҳеч кимни муаммолари билан ёлғизлатиб қўймаймиз. Шароитлар, маошларидан қониқадиларми ёки йўқми бу ҳақда, яхшиси, уларнинг ўзларидан эшитганингиз маъқул.

– Оила, фарзандлар тарбияси, каттагина жамоанинг ташвишлари – булар сизга оғирлик қилмайдими?

– Севиб бажарадиган ҳар қандай ишнинг оғирлиги билинмайди. Оилам, фарзандларимга имкон қадар кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Аслида мени руҳлантириб турувчилар ҳам оилам, фарзандларимда! Турмуш ўртоғимнинг ҳарбий хизматни ўтаётганига ҳам йигирма йилга яқинлашиб қолди. Бизга ҳам уй берилишини кутяпмиз. Янги уй ҳам бир олам қувонч олиб келади, деб ишонаман.

Ўзини Маҳфуза Юлдашева деб таништирган тикувчи аёл қуйидагиларни гапириб берди:

– Аслида аёл учун ишхонаси яқинлигининг ўзи бир қулайлик. Ҳаммамиз ишхонага яқин маҳаллаларда яшаймиз. Биз цехда опа-сингиллардек аҳиллик билан ишлаймиз. Иш вақти саккиз соат. иш икки сменада олиб борилади. Замонавий тикув машиналарида ишлаймиз. Бепул тушлик ташкил қилинган. Маошларимиз иш қизғин паллаларда 1,5 миллиондан ҳам ошади. Шаҳноза билан ишлаш мароқли. Олижаноб аёл. Цехимизда Муҳриддин Усмонов деган талаба йигит ишлайди. У Жиззах педагогика институтининг тарих факультетида тўлов-шартнома асосида ўқийди. Муҳриддин иш қидириб келганида шароитини сўраб-суриштириб, ишга олди. «талаба йигитнинг ота-онасига ҳарна енгиллик бўлади», деди. Шаҳнозанинг эзгулигини кўриб, биз ҳам имконимиз қадар унга ёрдам бериб келяпмиз. Ўғлим чегарада хизмат қилади. У билан маслаҳатлашдик, Муҳриддин ўқишни тамомлагунга қадар бизникида яшайдиган бўлди. Ҳозир битта ўғлим иккита бўлган.

КЕЛАЖАК РЕЖАЛАР

– Тадбиркорлик билан шуғулланаётганимга ҳам ўн йилдан ошиб қолди. Бугун эришган кичик ютуқларимда онамнинг оналаридан қолган ўша қора машинанинг ҳам ҳиссаси бор. Режаларим кўп. Тикув цехимизни кенгайтиришни ўйлаб юрибман. Бироқ жой масаласи қийин бўляпти. Шаҳар чеккасидаги ҳарбий қисм ёнида ҳам кичикроқ цех фаолияти йўлга қўйилди. Шу жой масаласи ижобий ҳал бўлса эди… Бир вақтнинг ўзида эллик нафар хотин-қизни иш билан банд қилиш имконим бўлар эди.

Эллик нафар хотин-қизнинг иш билан бандлиги… Биласизми, дунёни ўзгартириб бўлмайди. Бироқ шу эллик нафар инсоннинг ҳаёти бутунлай бошқа ўзанга – эртанги кунга умид, фаровонлик томонга ўзгарса! Бунинг қимматига, қадрига нима етсин.

Умид қиламизки, Шаҳноза Тошмирзаевани бу эзгу ишида қўллаб-қувватловчилар, беминнат кўмак берувчилар орамизда, албатта, топилади.

Инобат ИБРОҲИМОВА

 

Информеры