2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

РАҚОБАТЧИЛАР ЯНА СОВРИНДОР

Польшанинг Белостон шаҳрида енгил атлетика бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Баландликка сакраш бўйича баҳсларда қатнашган Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) аъзоси лейтенант Надежда Дўсанова совриндор бўлди.

Хотин-қизлар ўртасида баландликка сакраш бўйича мамлакат ҳамда қитъа рекордчилари – армия спортчиси Надежда Дўсанова ва ҳамюртимиз Светлана Радзивил бир неча йиллик танаффусдан кейин яна рақобатга киришди. Юртимиз спорт мухлисларига яхши маълумки, Светлана Радзивил 2008 йилнинг май ойида ўтказилган мамлакат кубоги баҳсларида 1,98 метр баландликдан ошиб тушиб, Ўзбекистон ва Осиё рекордини янгилаган, орадан икки ой ўтгач, армия спортчиси Надежда Дўсанова Литванинг Каунас шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда ушбу рекордни такрорлаганди.

МВСК аъзоси яқинда Хитой мезбонлик қилган икки босқичли Осиё Гран-присида 1,84 метр баландликдан ошиб тушиб, 2 та олтин медални қўлга киритган, шундан сўнг Польшанинг Опол шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда 1,86 метр натижа кўрсатиб, ғолиб чиққанди.

Халқаро тоифадаги спорт устаси Н. Дўсанова 25 июнь куни Францияда кечган халқаро турнирда янада юқорироқ натижа кўрсатди, яъни ­1,89 метр баландликни забт этди ва бу сафар бронза медаль билан кифояланди. Бу ерда олтин медаль соҳиби эса бошқа бир ҳамюрт спортчимиз Светлана Радзивил бўлганди. У 1,91 метр баландликдан ошиб тушганди.

Ҳа, бу икки спортчимиз ўртасидаги рақобат яна давом этаяпти. Улар 7 июль куни якунланган Польшанинг Белостон шаҳридаги халқаро мусобақада ҳам биргаликда қатнашиб, бир хил – 1,85 метр натижа кўрсатишди. Қизиғи, иккисининг уринишлар сони ҳам бир хил бўлгани учун турнирнинг бронза медали 2 та қилиниб, иккисига топширилди. Мусобақа ғолиблиги 1,94 метр натижа қайд этган мезбон спортчи Камила Лисвинкога насиб этди. 1,90 метр баландликни забт этган Сент-Люсия вакиласи Лаверн Спенсерга эса кумуш медаль топширилди.

Р. ЭРМУҲАММАД

 

 

 

Информеры