2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МВСК АЪЗОЛАРИДА ТЎРТТА ОЛТИН

Пойтахтимизда белгиланган дастурга мувофиқ, 7 – 9 июль кунлари дзюдо бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Мудофаа вазирлиги спорт клубининг (МВСК) очиқ биринчилиги ўтказилди.

Чемпионатда армия дзюдочиларидан ташқари юртимизнинг бир қатор маҳоратли полвонлари ҳам иштирок этди ва ғолиблик учун кураш анча қизғин кечди.

Мусобақани эркаклар бошлаб беришди. Энг енгил, яъни 50 килограммгача вазнлилар ўртасидаги беллашувлар якунида Мудофаа вазирлиги спорт клубининг икки нафар вакили совриндор бўлди – Б. Борцов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, очиқ биринчилик ғолиблигига эришган бўлса, Д. Иброҳимов учинчи ўринни эгаллаб, бронза медаль билан тақдирланди.

60 кг.гача вазнлилар ўртасидаги беллашувлар ҳам МВСК аъзосининг яққол устунлиги остида кечди – Ш. Саидқулов барча рақибларидан устун келиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Шунингдек, 81 кг.гача вазнлилар тоифасида ҳам МВСК вакили, яъни Ж. Маматраҳимов ҳеч бир рақибига имконият қолдирмай олтин медални қўлга киритди.

Аёллар ўртасидаги мусобақада эса армия спортчиларидан фақат И. Қурбонбоева (-70 кг) ўз вазн тоифаси бўйича беллашувларда ғолиб чиқиб, чемпионликка эришди.

Умумякунда Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакиллари очиқ биринчиликнинг 4 та олтин ва битта бронза медалларига эгалик қилишди.

Р. ЭРМУҲАММАД

 

Информеры