2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«КИЧИК ОЛИМПИАДА»да

терма жамоамиз ҳисобидаги биринчи медаль соҳиби МВСК аъзоси бўлди

Италиянинг Неаполь шаҳрида талаба ёшлар ўртасида ХХХ Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 120 га яқин мамлакатидан борган талаба-спортчилар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бормоқда. Совринлар учун курашаётганлар сафида 42 нафар ўзбекистонлик талаба, жумладан, Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) вакиллари ҳам бор.

Халқаро талабалар спорт федерацияси (FISU) шафелигида 50 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта мунтазам равишда ўтказиб келинадиган мазкур мусобақа халқаро майдонда «Кичик Олимпиада» ёки қисқача тарзда «Талабалар универсиадаси» деб ҳам юритилади. Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинларининг бу галги дастуридан жами 18 та спорт тури бўйича баҳслар ўрин олган. Юртимиз талаба-спортчилари ушбу мусобақанинг бадиий гимнастика, дзюдо, енгил атлетика, камондан отиш, спорт гимнастикаси, таэквондо WTF, теннис ва ўқ отиш, жами 8 та спорт тури бўйича баҳсларида қатнашяпти. Спортчиларимизнинг учдан бир қисмини (14 на­фар) МВСК вакиллари, яъни армия Олий спорт маҳорат мактаби тарбияланувчилари ташкил этади.  

«Кичик Олимпиада» дастуридан ўрин олган дзюдо, спорт гимнастикаси, ўқ отиш ва камондан отиш бўйича баҳслари якунланди. Қувонарлиси совриндорлар орасида юртимиз талаба-спортчилари, жумладан, МВСК аъзолари ҳам бор. Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига дастлабки медални биринчи кунги дзюдо беллашувларида қатнашган МВСК аъзоси Муҳаммадкарим Хуррамов келтирди. +90 кг вазн тоифасида татамига чиққан полвонимиз «А» гуруҳида дастлаб америкалик Керр Масон Пиперни, сўнг венгриялик Петер Арваини мағлуб этди. Богдан Воитсикка қарши баҳсда ҳам Муҳаммадкарим устун келди. Ярим финалда унга япониялик Канта Накано рақиблик қилди. Деярли тенг кураш остида кечаётган баҳсда дзюдочимиз бир оз хотиржамликка берилди ва бундан рақиби унумли фойдаланди. Натижада Муҳаммадкарим бронза медаль учун курашадиган бўлди ва польшалик Олекси Лисенкодан устун келиб, шоҳсупанинг 3-поғонасига кўтарилди.

Терма жамоамиз ҳисобига иккинчи медални 73 кг.гача вазн тоифасида татамига чиққан Ҳикматилла Тўраев келтирди. Дзюдочимиз дастлаб Латвия, кейин КХДР ва Италия вакилларини мағлуб этиб, ярим финалда россиялик Е. Прокопчукка имкониятни бой берди. Бронза медаль учун кечган баҳсда эса черногориялик Марко Гусичдан устун келди. 

Ёзги универсиаданинг аёллар ўртасидаги дзюдо баҳсларида қатнашган Диёра Келдиёрова Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига учинчи медални тақдим этди. 2017 йили ўсмирлар ўртасида жаҳон, 2018 йили Осиё чемпионлигини қўлга киритиб, халқаро тоифадаги спорт устаси бўлган дзюдочимиз Италияда 52 кг.гача вазн тоифасида татамига чиқди. Диёра дастлаб бразилиялик Ясмим Лимани, сўнг португалиялик Йоана Диого ва мўғулистонлик Буянхишиг Пуревсуренни, бронза медаль учун курашда эса германиялик Анника Вурфелни мағлубиятга учратди.

МВСК аъзоси Давлат Бобонов ­ (-90 кг) ҳам беллашувларни муваффақиятли бошлади, хусусан, Ким Жонгни (Ж. Корея) мағлуб этди. Лекин чорак финалда қозоғистонлик Г. Крикбойга имкониятни бой берди. Бронза медаль йўлида эса германиялик ва польшалик дзюдочидан устун келди. Учинчи ўрин учун кечган беллашувда озарбайжонлик Рустам Коцоевни дастлабки дақиқадаёқ иппон, яъни соф ғалаба ҳисобига мағлуб этиб, делегациямиз ҳисобига тўртинчи бронза медални келтирди. Эслатиб ўтамиз, Д. Бобонов 2014 йили ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони бўлган, 2015 йилда эса жаҳон кубогининг бронза медалини қўлга киритган. У, шунингдек, Ўзбекистон чемпиони ва бир неча халқаро турнирлар ғолиби ҳам ҳисобланади.

Халқаро тоифадаги спорт устаси Гулноза Матниёзовага ҳам дзюдо мухлислари катта ишонч билдиришган эди. Чунки у ўтган йили бешта халқаро тоифадаги мусобақада қатнашиб, уларнинг барчасида совриндор бўлган, жумладан, Ҳиндистонда Осиё чемпионлигига ҳам эришганди. Италияда 70 кг.гача вазн тоифасида татамига чиққан Г. Матниёзова илк босқичда кореялик Е Вон Лидан устун келди. Лекин иккинчи даврада россиялик М. Таймазовага имкониятни бой берди. Гулноза бронза медаль учун кечган қўшимча саралаш босқичи баҳсида Г. Феттерлини мағлуб этди. Бироқ ҳал қилувчи баҳсда германиялик Сара Мекелбургга ютқазди. Шунингдек, дзюдочиларимиз Амина Мамедова (-57 кг, МВСК), Ҳожинисо Камолиддинова (-63 кг), Нодира Йўлдошева (-78 кг), Сардор Нуриллаев (-66 кг) ва Суҳроб Турсуновдан ­(-81 кг) ҳам «Кичик Олимпиада»да омад юз ўгирди.

Универсиаданинг ўқ отиш баҳсларида юртимиз спорт шарафини асосан МВСК вакиллари ҳимоя қилди. Лекин уч нафар мерганимиз ҳам ўзлари хоҳлаган даражада маҳорат кўрсатолмади. Владимир Свечников пистолетдан (ПП-3) ўқ отиш (10 м) бўйича 21-ўрин, унинг клубдошлари – Вадим Скороваров ва Саидхон Сайфуддинов ўз йўналишлари бўйича мерганликда ёнма-ён, яъни 33 ва 34-ўринларни эгаллади.

Шуҳрат Қаюмов бош мураббийлигидаги тўрт нафар ўзбекистонлик теннисчи талаба эса баҳсларни кўтаринки руҳда ва муваффақиятли бошлади. Яккалик баҳсларида Ҳумоюн Султонов Шри Ланка вакили Я. Сильвани 6:0, 6:0, сўнг португалиялик Д. Родригесни 6:1, 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Санжар Файзиев эса мексикалик К. Карпинтерадан устун келди – 6:2, 6:1. Теннисчимиз Камила Умарова филиппинлик Эрин Ланс Крусни 6:0, 6:0 ҳисобида доғда қолдирди. Жуфтлик баҳсларида ­ Ҳ. Султонов ва С. Файзиев таиландлик Коваритуктед ҳамда Кунсуванга қарши кортга тушиб, иккала сетда ҳам бир хил – 6:4 ҳисобида устун келди.

«Талабалар универсиадаси» дастуридан ўрин олган таэквондо бўйича баҳслар 7 июль куни бошланди. Эртаси куни енгил атлетикачилар ҳам баҳсларга қўшилди. Бу спорт турлари бўйича ҳам МВСКнинг олти нафар вакили Ўзбекистон терма жамоаси таркибида юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилмоқда. 

Расул ЖУМАЕВ

Информеры