2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БОЛГАРИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Европа қитъасининг жанубий, Болқон яриморолининг шарқий қисмида жойлашган Болгария Республикаси Қуролли Кучлари Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучларидан ташкил топган. Зарурат юзага келган вақтларда мамлакатдаги бошқа вазирлик ҳамда идораларнинг ҳарбийлаштирилган қўшилмаларига қарашли куч ва воситалар ҳам Қуролли Кучлар манфаатларида ҳаракатга келтирилиши мумкин.

Болгария армиясини бутлаш шартнома асосида амалга оширилади. Ҳозирги вақтда Қуролли Кучлар қурилиши уларни асосан Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган жанговар техника ва қуроллар билан таъминлаш ҳамда армия шахсий таркиби сонини 40 минг кишига етказишга йўналтирилган. Мамлакат ҳарбийлари НАТО, Европа Иттифоқи ва БМТ томонидан ўтказиладиган тинчликпарварлик, денгиз қароқчиларига қарши кураш ҳамда бошқа турдаги операцияларда мунтазам равишда иштирок этиб келади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Мамлакат армиясининг энг кўп сонли тури (20 минг киши) ҳисобланувчи Қуруқликдаги қўшинлар таркибига иккита механизациялашган бригада, тўртта алоҳида батальон (2 та механизациялашган, альп (тоғ) ва разведка батальони), алоҳида артиллерия полки, алоҳида ракета дивизиони ҳамда бир қатор бошқа қисм ва бўлинмалар киради.

Қуруқликдаги қўшинлар тасарруфида «Точка» типидаги тактик ракеталарни ишга тушириш қурилмаси (4 та), Т-72 ва Т-55 русумли танк (300 та) ва зирҳли машиналар (БТР-1, БТР-60 – 500 та), дала артиллерияси тўплари, миномётлар ва бараварига ўт очувчи реактив тизимлар (946 та) ҳамда танкка қарши воситалар (648 та) бор.

Ҳозирги вақтда Қуруқликдаги қўшинларни янада такомиллаштириш ишлари 2024 йилгача бўлган даврда миллий Қуролли Кучларни ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур дастур қўшинларнинг ташкилий-штат тузилмасини оптималлаштириш, уларнинг НАТО ва Европа Иттифоқи раҳбарияти томонидан мамлакат ҳудудидан ташқарида ўтказиладиган турли операциялар жараёнида коалицион (кўп миллатли) қўшилмалар таркибида қўйилган вазифаларни самарали ҳал қилиш қобилиятини ошириш ҳамда асосан Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган жанговар техника ва қуроллар билан таъминлашни кўзда тутади.

 Ҳарбий ҳаво кучлари

Умумий сони 5,7 минг кишини ташкил этувчи бу турдаги қўшинлар тактик авиация, зенит-ракета ва радиотехник қўшинлардан иборат бўлиб, улар таркибида 2 та жанговар самолётлар эскадрильяси (штурмчи ва қирувчи), 5 та ёрдамчи авиация самолётлари эскадрильяси (3 та транспорт ва 2 та ўқув), 2 та вертолёт эскадрильяси (зарбдор ва жанговар таъминот), 5 та зенит-ракета дивизиони бор. 

Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли жанговар техника таркибидан 49 та штурмчи ва қирувчи самолёт (МиГ-29, МиГ-21, Су-25), 32 та ёрдамчи авиация самолёти (С-27J «Спартан», Ан-26, Ан-30, РС-12, РС-9, L-410, L-39), ­36 та вертолёт (Ми-17, AS-532 «Кугар», шу жумладан, 12 та зарбдор Ми-24) ҳамда бошқарилувчи зенит ракеталарини ишга тушириш қурилмаси (34 та) жой олган.

2017 – 2023 йиллар мобайнида миллий Ҳарбий ҳаво кучларини ривожлантириш режасига кўра асосан Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган қирувчи самолётлар харид қилиниши кўзда тутилган. Эҳтимолий вариантлар сифатида шу вақтга қадар фойдаланишда бўлган F-16 (Португалия), янги ишлаб чиқарилган JAS-39 «Гриппен» (СААБ, Швеция) ёки «Еврофайтер» (EADS) русумли самолётлар кўриб чиқилмоқда.

Ҳарбий денгиз кучлари

 Ташкилий жиҳатдан флот, денгиз авиацияси, қирғоқ мудофааси қўшинлари ҳамда бир қатор бошқа қисм ва бўлинмалардан иборат. Ҳарбий флот патруль ва ёрдамчи кемалар флотилиясидан ташкил топган бўлиб, унинг таркибига патруль кемалари дивизиони (2 та), тралчи кемалар дивизиони (2 та), десант кемалари (1 та) ва ёрдамчи кемалар дивизиони (1 та) – жами 6 та дивизион, шунингдек, бошқа қисм ва бўлинмалар киради.

Ҳарбий денгиз кучлари таркибида жанговар кемалар (фрегатлар, корветлар, тралчи ва десант кемалари), ёрдамчи кемалар, турли русумдаги вертолётлар, кемаларга қарши ракеталарни ишга тушириш қурилмалари ва қирғоқ артиллерияси тўплари бор.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры