2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ТОНГ» ЖОЗИБАСИ

Мудофаа вазирлигига қарашли «Тонг» болалар соғломлаштириш оромгоҳи айни вақтда болажонлар билан гавжум. Баҳаво, табиати сўлим бу масканда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароит яратилган.

Оромгоҳда тўгараклар фаолияти яхши йўлга қўйилган. Уларда болалар малакали мураббийлардан компьютер саводхонлиги, шахмат, шашка, бичиш-тикиш, мусиқа ва расм чизиш сирларини ўрганиб, вақтларини мазмунли ўтказмоқда.

– Биринчи марта таътилни оромгоҳда ўтказяпман. Бу ерда дам олиш менга ёқяпти, – дейди Содиқжон Собиров. – Болалигимдан спортга қизиқаман. Айниқса, футбол ўйнашни яхши кўраман. деярли ҳар куни эрталаб ва кечки пайт тенгдошларим билан футбол ўйнаяпмиз. Яна жуда кўп спорт мусобақалари ўтказиляпти. Уларда ҳам фаол иштирок этяпман. Шу билан бирга, шахмат-шашка тўгарагига қатнашяпман. Энди доим ёзги таътилни оромгоҳда ўтказаман.

– Мен келажакда рассом бўлмоқчиман, – дейди 10 ёшни қарши олаётган суҳбатдошимиз Шоҳруҳ Исмоилов. – Шунинг учун расм чизиш тўгарагига аъзо бўлдим. Устозимиз бизга қалам ва оддий бўёқдан ташқари мойбўёқда ҳам расмга ишлов беришни ўргатяпти. Бу жуда қизиқ жараён экан. Ҳозир асосан  табиат манзараларининг суратини чизяпмиз. Устозимизнинг айтишича, расм чизиш, бўёқда ишлаш сирларини яна ҳам яхши ўзлаштирсак, мураккаб жанрдаги суратларни чизишга киришамиз. Шунинг учун сабоқларни қунт билан ўзлаштиряпман.

Суҳбатдошимиз Маъруф Тошев оромгоҳда мусиқа тўгарагига раҳбарлик қилади. У айни вақтда йигирма нафардан ортиқ ўғил-қизга нафақат мусиқа ва қўшиқчилик, балки нотиқлик санъатидан ҳам  сабоқ бериб келяпти.

– Тўгаракка аъзо бўлган болалар орасида истеъдодли, иқтидорлилар жуда кўп, – дейди у. – Улар билан вақт ўтказиш мароқли. Ҳаммаси мусиқани севади, энг асосийси, уни ҳис қила олади. Бундан жуда хурсандман. Шу кунгача улар билан бир нечта қўшиқ яратдик. Созандаликка қизиқадиган болаларга доира, рубоб, най каби миллий чолғу асбобларини чалишни ўргатяпман. Шогирдларим сабоқларни астойдил ўзлаштираётгани менинг ютуғимдир.

Оромгоҳда кун давомида болаларга олти маҳал овқат берилади. Овқатланиш рационидан тухум, сут, сарёғ, пишлоқ ва гўшт каби оқсилга бой маҳсулотлар ҳамда витаминга бой мевалар ўрин олган.

– Ошхонада тозаликка катта эътибор берилади. Ҳар куни оромгоҳнинг санитар шифокори маҳсулотларга ишлов беришдан тортиб қозонга солинишигача, идишларнинг ювилишидан тортиб дезинфекция қилинишигача назорат қилади, – дейди ошхона бошлиғи, «Пойтахт таом сервис» МЧЖ иш юритувчиси Комил Аҳмеджанов. – Таомномамизда миллий таомларга алоҳида ўрин ажратилган. Шунингдек, биз овқат пиширишда болаларнинг хоҳиш-истагини ҳам инобатга оламиз. Энг муҳими, таомларимиз болаларга манзур.

Оромгоҳда ўтган бир кун биз учун ҳам таассуротларга бой ва сермазмун бўлди. Вақт қандай ўтганини сезмадик. Барибир ёзнинг тароватли лаҳзаларини сўлим табиат қўйнида ўтказишга нима етсин. Бу маскандан кўнгил узолмадик, болажонларга ҳавасимиз келди. Машинада кетар эканмиз, болажонларнинг шодон қийқириғи узоқ-узоқлардан эшитилиб турарди...

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры