2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БИР МАРТАЛИК НАФАҚА

ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади

2019 йилнинг 3 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларига бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 4382-сонли қарори қабул қилинди. Қуйида мазкур муҳим ҳужжат мазмун-моҳиятини Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бўлим бошлиғи подполковник Толиб Мирзаев қисқача тушунтириб берди.

Кўзланган мақсад

Маълумки, мамлакатимиз Президенти бошчилигида ҳарбий хизматчиларни, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Негаки, ҳар томонлама яхши тайёрланган, етарли даражада таъминланган ва ижтимоий ҳимояланган, қудратли Қуролли Кучларгина хавфсизлик ва барқарорликнинг, чегараларимиз дахлсизлиги ва мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигининг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи ва ишончли кафолати бўла олади. Ўзбекистоннинг миллий армия қурилишидаги аниқ позицияси шундай тамойил асосига қурилган. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор ҳам бу йўлдаги навбатдаги қадам бўлди.

Кимларга татбиқ этилади? 

Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг хавфсизлиги давлат хизмати тизимида хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларга (ходимларига) ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларига бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Низом талаблари қуйидагиларга татбиқ этилади:

шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларга;

Қуролли Кучлар тизимида махсус унвонда хизмат қилаётган ходимларга;

муддатли ҳарбий хизматчиларга;

олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсант ва тингловчиларига;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларига;

сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларига.

Нафақа миқдори

Ҳарбий хизматчи (ходим) хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлганида (вафот этганида) унинг оила аъзоларига марҳумнинг асосий эгаллаган лавозими бўйича маоши (олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти, тингловчисининг стипендияси) ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 100 баробари миқдорида;

оғир тан жароҳати олганда – ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) эгаллаб турган лавозими бўйича маоши (олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти, тингловчисининг стипендияси) ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 50 баробари миқдорида;

ўртача оғир тан жароҳати олганда – ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) эгаллаб турган лавозими бўйича маоши (олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти, тингловчисининг стипендияси) ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 20 баробари миқдорида нафақа тайинланади.

Комиссиялар иши

Қуролли Кучлар бошқарув органлари, бирлашма, ҳарбий қисм, бўлинма ва муассасаларида (кейинги ўринларда – ҳарбий қисмлар) терговга қадар (хизмат) текширувни ўтказиш ҳамда жароҳатланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича комиссиялар тузилади.

Ҳарбий қисмлар комиссиялари томонидан чиқарилган хулосаларни кўриб чиқиш ҳамда вазирлик (идора) раҳбарига тегишли қарор қабул қилиши учун якуний хулосалар тайёрлаш мақсадида вазирлик ва идоралар марказий аппаратларида доимий фаолият юритувчи комиссия ташкил этилади.

Нафақа тайинлаш тартиби

Ҳарбий хизматчи (ходим) хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олганда (ҳалок бўлганда ёки вафот этганда) ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) бевосита командири (бошлиғи) ёки унинг ўринбосари томонидан далолатнома тузилади.

Ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ҳалок бўлиши (вафот этиши) ёхуд унинг тан жароҳати олиши ҳолати ва сабабларини текшириш учун қисм командирининг ёзма кўрсатмасига асосан терговга қадар (хизмат) текширув тайинланади.

Хизмат мажбуриятларини бажариш

Ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ҳалок бўлиши (вафот этиши) ёхуд тан жароҳати олиши қуйидаги ҳолларда хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ деб ҳисобланади:

жанговар ҳаракатда иштирок этганда, хизмат мажбуриятини ижро этиш вақтида;

жанговар навбатчиликни (жанговар хизматни) ўташ вақтида; кун тартибида белгиланган хизмат вақти давомида ёки хизмат зарурати туфайли ҳарбий қисм (муассаса) ҳудудида бўлганда; хизмат сафари ёки даволанишда бўлганида;

хизмат, даволаниш ва хизмат сафари ўташ жойларига бориш ёки улардан қайтиш вақтида;

йиғинларда (ҳарбий йиғинларда) иштирок этганда;

асирга тушган (ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари бундан мустасно), гаровга олинган, ушлаб қуролсизлантирилган ҳолларда;

ҳарбий хизматчи (ходим) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йуқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар содир бўлганда;

шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир ҳаракатлар вақтида содир бўлганда;

қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда (жамоат тартибини сақлашда) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига ёки бошқа шахсларга ёрдам кўрсатиш вақтида;

хизмат вақтидан ташқари пайтда ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ҳаётига ёки унинг соғлиғига суиқасд қилинганда, агар суиқасд сабаби унинг хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ бўлса;

суд томонидан ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ҳаракати шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган ҳаракат деб топилганда.

Нафақа тўланмайди...

Гиёҳванд, психотроп, алкоголь ёки заҳарли моддалар ёрдамида маст ҳолатга келган бўлса;

жамият учун хавфли хатти-ҳаракатларни содир этган бўлса;

ўзини ўзи ўлдирган ёхуд ўзига суиқасд қилган бўлса;

ҳарбий қисм ҳудудидан ташқарида юрганда хизмат мажбуриятини бажараётган, деб эътироф этилмайди ҳамда нафақа тўланмайди.

Изчил давом этаётган бундай тизимли ишлар миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга хизмат қилади.

И. ҚУРБОНОВ тайёрлади.

 

Информеры