2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ҚИСМДА ЕТТИ КУН

Улуғ маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний шундай ёзади: «Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот ё саодат ё фалокат масаласидир». Ушбу  ҳикмат  комил инсон тарбияси, баркамол авлодни вояга етказиш инсоният учун қанчалик аҳамиятли эканлигини англатади. Шунинг учун ҳам айниқса, бугун ёшлар онгу шуурида Ватан тақдирига  дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш, уларни турли бузғунчи, ёт ғоялардан асраш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Мудофаа вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган вояга етмаган 30 нафар ёш учун ташкил этилган бир ҳафталик тарбия ва спорт-соғломлаштириш тадбири ҳам мана шундай эзгу мақсадга хизмат қилади.

Инсон онгини бошқаришга уриниш­лар кучайган бугунги глобаллашув шароитида психологиянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини олимларимиз бот-бот таъкидлашяпти. Зотан, психология – инсон руҳиятини ўрганувчи, унинг ўз-ўзини англаб шахс сифатида камол топишига ёрдам берувчи соҳа. Шундан келиб чиқиб тарбия ва спорт-соғломлаштириш тадбирида ҳам асосий урғу психологик тренингларга берилди. Тренингларда малакали психологлар аввало, «Ўсмирлар хулқи, одоби қандай бўлиши керак?» деган савол доирасида фикр юритишди. Ўтиш ёшидаги болаларнинг ўз қобиғидан чиқиб, ҳаётга кенг назар ташлашга, ён-атрофидагилар билан мулоқотга киришишига ёрдам берадиган маслаҳатлари билан ўртоқлашди. Масъулият, интизом, миллий ғурур, ифтихор, ватанпарварлик, ор-номус каби юксак тушунчалар ҳақида маълумот берди.

Ҳа, оромгоҳда ёшлар етти кун худди ҳарбийлардек ҳаёт кечиришди. Уларнинг кун тартибидан тортиб машғулотлардаги иштироки ҳам ҳарбийча тартиб-интизом талабларидан келиб чиқиб белгиланди. Улар саф тайёргарлиги бўйича машғулотларда, маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этишди. Ҳар куни профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ватанпарварлик руҳини тарғиб қилувчи бадиий ва видеофильмлар намойиши, бадиий ҳаваскорлик жамоаси ҳамда ҳарбий оркестрнинг концерт дастурлари тарбияланувчиларнинг ўтаётган вақти янада мазмунли кечишини таъминлади.

– Телефонсиз ҳаётимни тасаввур қилолмасдим, – дейди Никита Каминский. – Ҳарбий қисмга киришда энг аввал телефонларимизни олиб қўйишганда ғалати аҳволга тушдим. Гўёки ўзимни ташқи дунёдан узилаётгандек ҳис қилдим. Аввалига «Бу ерда етти кунни қандай ўтказаман?» деб ташвишга тушгандим. Ташвишим ўринсиз экан. Ҳарбий қисмда ўтган ҳар бир кун менда ўзгача таассурот қолдирди. Ҳарбийларга, ҳарбий соҳага меҳрим тушди. Ўтган кунлардан чиқарган хулосам шундай бўлди: шу юртда туғилган ҳар бир инсон уни кўз қорачиғидек асраши шарт! Энди ҳеч қачон ёмон ишларга қўл урмайман, бировларнинг кўнглини оғритмайман. Ватанимга муносиб фарзанд бўламан.

– Санъатга меҳрим бўлакча, – дей­ди яна бир суҳбатдошимиз Жавоҳир Жавҳаров. – Ҳарбий қисмда ўтган вақт давомида ҳарбий санъаткорларга қизиқишим ортди. Келажакда ҳарбий оркестр таркибида фаолият юритишни мақсад қилдим.

Тарбия ва спорт-соғломлаштириш тадбирининг ёпилиш маросими тантанали тус олди. Унда Мудофаа ва Ички ишлар вазирлиги масъул офицерлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари иштирок этди. Тантана сўнгида тарбияланувчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари берилди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры